Мингбулоқ тумани шимол томондан Чуст ва Тўрақўрғон туманлари билан, шарқ томондан Андижон вилоятининг Улуғнор тумани билан, жануб томондан Фарғона вилоятининг Язёвон тумани билан, жанубий-ғарбий томондан Фарғона вилоятининг Бувайда тумани билан ва ғарб томондан эса Поп тумани билан чегарадош.

Туман Фарғона водийсининг марказига жойлашган. Бутун водийни бир шокоса деб тасаввур қилинса, Марказий Фарғона шу косанинг туби бўлиб, чор тарафдан оқава сувлар, ер ости сувлари қадимдан шу жойга оқиб тушаверган. Ҳудуднинг топографик жойлашувидан келиб чиқиб, Мингбулоқ деб номланишига сабаб, ер остки-устки бойликлари заҳирасидан келиб чиққан. Жумладан, ҳозирги Довдуқ қишлоғидаги нефть заҳиралари, Гуртепа қишлоғида «Ҳовуз мозор»даги шифобаҳш булоқлар, Қўшқишлоғидаги шўрсув булоқлари, Баланд Гуртепа, Узунтепа, Мулкобод, Қўғоликўл қишлоқларидаги булоқлар ўзининг минг дардга даволиги билан характерланади. 1992 йилда туманнинг Довдуқ қишлоғи худудидан нефть бойлигининг отилиб чиқиши ва юқоридаги маълумотларга асосланиб,туманга Мингбулоқ  номи берилган.

Туманнинг  умумий майдони 741 кв.километр. Туман худуди геологик фаол зонада жойлашган. Туман худудидан Сирдарё дарёси ва Охунбобоев номли каналлар оқиб ўтади. Иқлими континентал. Ёзи иссиқ-узоқ, қиши нисбатан юмшоқ ва қисқа. Тупроғи асосан бўзтупроқ.

Сирдарёнинг сўл қирғоғидан қадимий Ахсикент қалъасининг қолдиқлари кўзга ташланади. Тарихий манбаъларга қараганда Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги Яҳё Ғуломов 1960 йилларда Гуртепа қишлоғида «Баланд гуртепа» ҳудудида олиб борилган археологик қазишмаларда бронза асрига оид меҳнат қуроллари топилганлигини маълум қилади. Демак, бизнинг ҳудудимизда милоддан аввалги бешинчи асрларда ҳам ота-боболаримиз яшаганлигидан далолат беради (Яҳё Ғуломов. «Танланган асарлар» 1960 й. Тошкент.)

Ўзбек классик адабиётининг намоёндаларидан бири, шох Заҳириддин Мухаммад Бобурнинг дунёга машҳур «Бобурнома» асарида шундай жумлаларга дуч келасиз: «Ахсикатнинг жанубий томонида шундай жойлар бордурким, ов қилғонингизда самоға кўтарилган товусларнинг ранги етти хил рангда ял-ял товланади.» («Бобурнома», Тошкент, 1966 й.).

Туманнинг туб аҳолиси асосан ўзбеклар. Ҳудуддаги энг катта ва қадимий қишлоқ Гуртепа қишлоғи бўлиб, аҳолиси қадимий Ахсикентдан, Қўқон, Андижон ва Ўшдан келиб ўрнашиб қолган. Қишлоқнинг тарихи узоқ ўтмишларга бориб тақалади. XIX аср охири ва XX аср бошларида қишлоқ ниҳоятда гуркираб ривожланган, «минг уйли» кичикроқ шаҳарча даражасига етган. қишлоқ ўртасида жуда катта тим, яъни усти ёпиқ бозор бўлган. Бозорнинг чор атрофи савдогарларнинг расталари ва баққоллик дўконларидан иборат бўлиб, бозордан тўрт тараф томга-том уланиб кетган экан. Аҳолининг асосий ќисми, фақат савдогарлик билан шуғулланган, бўз тўқиган. қишлоқда ҳунармандчилик ҳам ривожланган, ҳатто мусиқа асбоби яратувчи усталар бўлган, кўп санъаткорлар етишиб чиққан.

Ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ер ва сув ресурсларига бой, саноатлашган шунингдек, қишлоқ хўжалигини етиштириш учун қулай иқлим худудлари ва асосан текисликлардан иборат.

Туманда 1 та йирик саноат корхонаси мавжуд,

Туманда етиштирилган пахта хом-ашёсини қайта ишлайдиган “Гулбоғ пахта тозалаш” АЖ қуввати қарийб 40,0 минг тонна,

23,9 минг бош қора моллар, 25,9 минг қўй-эчкилар аҳоли ва фермерлар томонидан парвариш қилинмоқда. Бундай шароитлар гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш технологияларини жалб қилиш имконини беради.

Туман қирғоғидан Сирдарё дарёси, Зардарё каналидан экинларни суғоришда фойдаланилади. Туман худудида фойдали қазилмалар деярли йўқ. Қурилиш материалларидан шағал ва қум хом-ашёси жисмлари мавжуд.

SWOT-ТАҲЛИ

Кучли тарафлари.

Ер ва сув ресурсларига бой, саноатлашган, қишлоқ хўжалиги учун қулай иқлим шароити ва асосан текисликлардан иборат. Экин ерлари унумли.

Бозор инфратузилмаси ҳам етарли 3 та тижорат банк филиаллари ва 4 та мини банклар фаолият кўрсатади.

Кучсиз тарафлари.

Туман охирги Фарғона водийсининг марказий чўл худудларида чегарада жойлашган.

Маҳсулотларни экспортга ортиш учун коммуникация тармоқлари -темир йўл, катта трасса йўллардан узоқда жойлашган.

Ёшларни сони кўплиги сабабли асосий ерлардан уй-жойга ажратишнинг имкони йўқ.

Имкониятлар.

Қулай бизнес мухитига эга. Ёз мавсумида Сирдарё дарёси бўйларида  мўтадил иқлим шароитлари мавжуд.

Сув ва ерлар асосан тексликда жойлашган.

Мехнат ресурслари етарли.

Туманнинг ёшлари интелектуал салоҳиятга эга ва дунёвий билимларни чуқур ўзлаштирган.

Вилоят маркзига 35,0 км масофада жойлашган.

Хавфлар.

Туманда асосан ерлар экин ерлари хисобланади. Об-хавонинг ўзгариши ҳосил етиштиришга кескин таъсир этиши мумкин.

Сизот сувларига яқин жойлашган. Шўрлашиш даражаси юқори. Қишлоқ хўжалигига юқори технологияларни жорий қилиниши соҳадаги ишчиларни ишсиз қолиши мумкин.