Mingbulok.uz
asosiy portali

Hukumat
Kirish

Davlat ramzlari
Gerbimiz
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисми "б" бандида илгари оғир жинояти учун ёки икки марта ҳукм қилинган, ёҳуд олдин-кейинлигидан қатъий назар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар учун уларнинг ҳар бирига беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши ўта хавфли рецидив жиноят деб топилиши кўрсатилган.
Суд бешинчи марта судланган гулбоғлик Исроилжон Эрматовни кодекснинг ана шу бандига асосан ўта хавфли рецидивист деб топди. Тайинланган 5,6 йил муддатли қамоқ жазосини махсус тартибли колонияда ўтайди.
Нега бундай бўлди? Бунинг сабаби кўп. У илк бор 13 ёшидаёқ суднинг қора курсисига ўтирган. Ҳали тайинланган жазо муддати тугамасдан туриб, келгуси йили яна судланди. Ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан тегишли хулоса чиқармагач, бу гал тағин жиноят содир этганлиги сабабли 5,6 муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Озодликка чиққач, ота-оналари, яқинлари, дўст-биродарлари даврасида яшаб, фойдали ижтимоий меҳнат билан шуғулланса бўларди. Кўнгил ўртанган экан. Энди содир этган жинояти учун яна 10 йиллик умрини панжара ортида ўтказадиган бўлди.
Эсиз умр. Қамоқдан чиққач ҳам тўғри йўлни танламади. 2018 йил 17 май куни мулкободлик Шуҳрат Шамсиддиновнинг енгил машиналарни таъмирлаш устахонасига, 9 июнь куни жомашўйлик Даврон Орипов ва 7 август куни аламилик Қаҳрамон Маҳмудовларнинг хонадонларига ғайриқонуний равишда ўғирликка кириб, моддий бойликларини ўмариб кетган. Ҳатто фуқаролик паспорти, диплом, аттестат, болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларини ҳам олганлиги ажабланарли.
"Бели оғримаганнинг ош ейишини кўр" деган нақл бор халқимизда. Ўғирлик билан топилган бойликлар ҳисобига бойвачча бўлган йигит босар-тусарини билмай қолди. Чуст шаҳридаги "Шафран" кафесида 14 миллион сўм пулни ўйнаётган раққосалар устига сочиб юборган. Ҳалол меҳнат билан пешонасини терлатиб топганида эди, бу маблағни кўкка совурмаган бўларди. Нима, бели оғрибдими?
Бойвачча рецидивист ўғирланган бошқа буюмларнинг бир қисмини арзон нархларда сотиб юборган. Қолган қисмини эса қариндош-уруғларининг хонадонларига яшириб қўйган.
Жигарчилик экан-да, қариндош-уруғлари етказилган моддий зарарни суд жараёнигача жабрланувчиларга қоплаб беришди. Инсонгарчиликни қарангки, қанча оворагарчилик, асаббузарликларга қарамасдан жабрланувчилар ўғрини кечиришди. Ҳатто унга суддан енгил жазо қўлланилишини ҳам сўраганликлари ўзбекона менталитетимизга хосдир.
Табиийки, суд мажлисида жабрланувчиларнинг уни кечирганликлари, енгиллик берилишини сўраганликлари ҳам инобатга олинди. Лекин ғишт қолипдан кўчиб бўлган эди. Суд адолатли ҳукм чиқарди. Юқорида қайд этилганидек, ўта хавфли рецидивист Исроилжон Эрматов бугун ўзига "қадрдон" бўлиб қолган махсус тартибли колонияда жазони ўтамоқда. Начора, халқимиз билиб айтган эканда: "Ўлар ҳўкиз болтадан қайтмас" ва "Букрини гўр тўғирлайди" деб.
Достонбек КАМОЛОВ,
туман прокурори ўринбосари.
Шавкатжон УСМОНОВ,
Жиноят ишлари бўйича туман суди архив мудири.
Ҳозирги шароитда бутун дунёда демократик қадриятларга асосланган жамият қуриш олий мақсаддир. Бу ижобий йўналиш. Бироқ, демократияни тушуниш ва талқин қилишда ягона ёндашув йўқ. Оқибатда миллий демократик жараёнлар тан олинмаяпти. Ғарб мамлакатлардаги мавжуд демократия шаклини мутлоқ деб билиши натижасида халқлар орасида муаммоларни пайдо қилмоқда. Негаки Ғарб мамлакатларидаги мавжуд демократия шаклини дунёга тақдим қилиш кўп халқларнинг миллий менталитетига мос келмайди.
Муҳтарам Президентимиз Ш. М. Мирзиёев ўзига юклатилган масъул вазифани бажаришга киришган кунданоқ Ўзбекистонимизни энг ривожланган давлатлар қаторига қўшишдек улкан мақсадни кўзлаган ҳолда фаолият юритаяптилар. Шаҳар ва қишлоқларимиз янгидан барпо этилиб, гўзаллашмоқда. Замонавий турар-жойлар, маданий ва маърифий масканлар бунёд этиляпти. Одамларимиз ўз касб-кори, соҳаси бўйича иш юритиши учун кенг шарт-шароитлар яратиб берилаётгани қувонарли.
Жомашўй шаҳарчасида туман Давлат хизматлари маркази учун қурилаётган 3 қаватли замонавий бино фойдаланишга топширилса, суратдагидек қиёфа касб этади.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2018 йил 8 майдаги Қарорига мувофиқ туман Давлат хизматлари маркази биноси қурилиши давлат-хусусий шериклик шартлари асосида "ULTRA GROUP" МЧЖ лойиҳасига мувофиқ юқори суръатлар билан олиб борилмоқда. Зафаржон Юлдашев раҳбарлигидаги "Nur mukammal xizmat" МЧЖ қурувчи-бинокорлари ишни конвейер усулида ташкил этишяпти. Қурилиш материаллари пешма-пеш етказиб берилаётгани, инсон омилига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги туфайли иш цикллари орасида узилишларга, вақтнинг беҳуда ўтишига йўқ қўйилмаяпти.
Қурилиш-монтаж ишлари бундан 3 ой муқаддам бошланган эди. Барча ишлар белгиланган жадвалга мувофиқ бажарилиши таъминланмоқда. Объект қурилиши май ойида якунланиши керак. Бунинг учун 5 миллиард 500 миллион сўм маблағ ўзлаштирилади.
Бугунги кунда туман ДХМда аҳолига 60 хилдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Бино фойдаланишга топширилиши билан мурожаат этувчилар сони ҳам кескин ортиши турган гап.
- Бу ерда юридик ва жисмоний шахсларга, барча фуқароларга янаям қулай имконият ва шарт-шароитлар яратилиши эвазига хизматлар сони 110 тага етади, - дейди туман ДХМ директори Камолиддин Турдалиев. - Айни пайтда турли сансалорликлару оворагарчиликларнинг олди олинади. Қолаверса, хизмат сифати, суръати ва шаффофлигини таъминлаймиз.
Кўпинча боши деворга урилган кишилар веб-сайтга «адашиб» кириб қолганликларини рўкач қилишади. Ахир ҳаммаям компьютер технологияси билан ишлашни, интернетга, қолаверса, турли сайтларга киришни билавермайди-ку. Буларнинг ҳадисини олганлар «янглишибман» дейишлари ажабланарли эмасми?