ТИББИЙ ХИЗМАТ - ИСТИРОҲАТ БОҒИДА

    7-8 сентябрь кунлари туман кўп тармоқли марказий полик­линикаси шифокорлари тиббий хизмат кўрсатишни Жомашўй шаҳарчасидаги «Дўстлик» маданият ва истироҳат боғига кўчирдилар. Одамларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишда қўлланиладиган анжомларини ҳам ўзлари билан олишни унутишмади.

Тиббиёт ходимлари жойлашган ҳудуд одам учун энг қимматбаҳо бойлик саналган саломатлик ва унинг қадри, мутафаккирларнинг бу ҳақдаги ҳикматлари, соғлиқни сақлаш омиллари акс эттирилган шиор ва паннолар билан жиҳозланди. Деворий газеталарнинг махсус сонлари ҳам бу ерга келган кишилар эътиборини беихтиёр ўзига жалб этадиган даражада тайёрланган. Юқумли касалликлардан сақланиш,СПИД, гиёҳвандлик каби аср ваболарининг юзаланиши, қутуриш, грипп ва сариқ касалликларининг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар билан танишиш мумкин уларда.

 

Кенг ва баҳаво масканда тиббий кўрикдан ўтказилаётган кишилар хурсанд. Йиғилганлар билан давра столи атрофида мулоқотлар, суҳбатлар ҳам ташкилланяптики, эшитган одам улардан баҳраманд бўлмоқда.

- Қани эди ҳамиша шундай кўриклар боғимизда ўтказилаверса, - дейди гуртепалик 88 ёшли Моҳира момо Эшқўзиева. - Зинама-зина юқори қаватларга кўтарилиш, ўзингга зарур врачларни ахтаришга ҳам ҳожат қолмас экан. Касалли­гингни эса унутиб юбораркансан одам. Шундай имкониятни яратиб берган раҳбарларимиздан жудаям миннадормиз. Раҳмат уларга.

Тиббий кўрикка келган кишилар айни пайтда маданий ҳордиқ чиқариб кетишаётгани ҳам кўпчиликка манзур бўлмоқда. Айниқса, ўғил-қиз ва набираларини турли атракционларда завқланиб кетишлари учун олиб келган ота-оналарнинг қувончлари чексиз. Шу баҳона жигарбандларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ҳам эмин-эркин, кичкинтойларнинг ҳар ҳашаларисиз ўтказиб олишаётганини таъкидлашади Онахон Дадабоева, Дилшод Акмалов, Иброҳим Хуморов, Озода Рашидова сингари кўплаб фуқаролар.

«Саломатликни тарғибот қилиш кунлари» энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг 27 йиллигига бағишлангани билан аҳамиятли бўлди. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О. Қўлдошев раҳбарлигида шифокорлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бош­қар­масининг тавсиялари асосида кенг кўламли тайёргарлик тадбирларини амалга оширганликлари кўзланган натижани беришида муҳим аҳамият касб этди.

Якуний маълумотларга кўра, икки кунда 2834 киши чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Аҳоли 17 хил турдаги 1178 та тарқатма материаллардан баҳраманд бўлди. Саломатликка бағишланган 11 хил мавзудаги видеоролик катта экранли телевизор орқали намойиш қилинди.

Нур ЗИЁД,

журналист.