МУАММОЛАР БАРТАРАФ ҚИЛИНМОҚДА

Туман прокурори, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2-сектор бошлиғи Муҳаммадихон Жўраев ташаббуси билан Ўзгариш, Маданият, Ўртақишлоқ, Мулкобод ва Мадяровул маҳаллалари аҳолиси вакиллари билан учрашув ўтказилиб, талаб-истаклари ўрганилган эди. Шу асосда фуқароларнинг рўйхатга олинган муаммолари бирин-кетин бартараф этилмоқда.

 

- Прокуроримиз ва участка нозиримиздан миннатдормиз, - дейди Ҳамид Олимжон номли кўчада яшовчи Ҳошимжон Асқаров, Ҳасанбой Дарвишев, Анваржон Бўронов, Тожимат Машрапов, Одилжон Турдалиев, Анваржон Умрзоқов каби фуқаролар. - Ёзда чанг, қишда лой бўлувчи 300 метр йўлимиз текисланиб, шағал ётқизилди.

Ўзгариш қишлоқ врачлик пункти мослаштирилган бинога, қишлоқ клубининг бир қисмига жойлашганди. Туман ҳокимининг қарори билан  ҚВПга собиқ Олтинкўл ҚФЙ биноси берилган, аммо уни таъмирлаш муаммолигича қолаётган эди...

Ўзгариш ҚВПга берилган бино мукаммал даражада таъмирланди. Бу ишдан наинки шифокорлар, барча фуқаролар ҳам мамнун.

Туманнинг чўл ҳудудидаги Дамкўл ва Қум­қишлоқ маҳаллаларида яшовчиларнинг ота-боболари ҳозирги Баланд Гуртепа маҳалласида, аниқроғи, туман маркази томондаги ҳудудларда яшаганлар. Уларнинг қабристонлари ҳам шу томонда. Бу ҳудудларни катта коллектор ажратиб туради. Қабристон зиёратига бормоқчи бўлган кишилар Дамкўл ва Қумқишлоқ аҳолиси айланма йўллар билан қатнашга мажбур эди. Бу ердаги 27 ва 50-мактабни томомлаган ёшлар ҳам бошқа ўқув юртларига айланма йўллар орқали қатнашарди.

Шунингдек, чўл ҳудудларидаги қирқдан ортиқ фермер хўжаликларида ишловчи бу томонда яшовчилар эса у томонга айланма йўллар билан қатнашга одатланишган.

Яқинда ҳар икки томонда яшовчи аҳолининг йўллари ўн-ўн беш баробарга қисқарди. Маданият, Ўзгариш, Ўртақишлоқ билан Қумқишлоқ ва Дамкўл маҳаллалари оралиғидаги катта коллекторнинг 50-мактаб рўпарасида кўприк қурилди, бир километрли дала йўлига шағал тўкилди.

Вилоят ва туман раҳбарлари-ю, йўл қурувчиларнинг ҳаракати билан амалга оширилган бу хайрли ишдан барча мамнун.

2-сектор бошлиғи М. Жўраев "Йўл харитаси"га киритилган бошқа муаммолар ижросини ҳам ўз назоратига олган.

Маҳмуджон АБДУСАЛОМОВ,

халқ таълими ва матбуот фахрийси.