МАКТАБЛАРДА ЖЎШҚИН ҲАЁТ

Туманимиз умумтаълим мактабларида 2018-2019 ўқув йилининг илк қўнғироқлари чалинди. Педагогик жамоалар бу кунга юксак уюшқоқлик ва юқори кайфият билан келдилар. Бу бежиз эмас, албатта. Президентимизнинг таълим тизимини янада ривожлантириш, ўқитувчилар нуфузини ҳар қачонгидан-да оширишга қаратилган қарору фармонларидан руҳланмай бўладими?!

Фикрларимиз тасдиғини 13-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида кўрдик. Устозу шогирдлар юзидаги қувонч, 5-синфларга қабул қилинган ўғил-қизларнинг ўзгача ҳаяжони, ота-оналарнинг фарзандларидан ифтихор туюшлари бефарқ қолдирмайди ҳар қандай одамни.

Маросимни директор Ф. Каримова қисқача кириш нутқи билан очди. "Мингбулоқ" газетаси муҳаррири Қ. Акбаров туман ҳокими, вилоят Кенгаши депутати Т. Рапиковнинг педагогик жамоага янги ўқув йили муносабати билан табригини ўқиб эшиттирди. Жамоат ташкилотлари ҳамда ота-оналар вакиллари сўзга чиқдилар.

Республика фан олимпиадасида фахрли ўринларни эгаллаган аълочи ва жамоатчи ўқувчилардан Фотима Собирова билан Муҳаммадризо Маъруфжоновга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг дипломлари тантанали равишда топширилди.

Ўқитувчи Раъно Тошбоеванинг хабар беришича, янги ўқув йилини Каромат Долимжонова директорлик қилаётган 13-умумтаълим мактаби жамоаси ҳам пухта тайёргарлик билан бошлади.

1-синфларга 126 нафар ўқувчи қабул қилинди. Шу билан илм масканидаги болалар сони 900 нафардан ошди. Уларга 60 нафардан зиёд ўқитувчи таълим-тарбия беради.

44-мактабда 2018-2019 ўқув йили муваффақиятларга бой бўлиши табиий.  Буни "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!" шиори остида кўтаринки тарзда ўтган биринчи қўнғироқ  тадбиридан ҳам билиш мумкин. Кечани мактаб директори Гулноза Ибрагимова қисқача кириш нутқи билан очди.

Юқори синф ўқувчилари аъло ўқиш, жамоат ишларида фаол иштирок этиш, мактаб шаънини муносиб ҳимоя қилишга қасам­ёд этдилар. Инглиз тили фани ўқитувчиси Жумагул Иловиддинова мактаб ва туман миқёсидаги танловларда юқори натижаларга эришган ўқувчиларни тақдирлади.

4-мактаб мусиқа фани ўқитувчиси Дилором Мўминованинг хабар беришича, илм масканида 2018-2019 ўқув йилига ҳар тарафлама пухта ҳозирлик кўрилган.

Мактаб директори Р. Шаропова барчани қўшалоқ байрам билан табриклади. 5-синф ўқувчилари ижросида бошланган тадбир 26 ва 28-мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг бир-биридан ажойиб чиқишларига уланди. Ёш гимнастикачи ҳамда ёш спортчиларнинг кўринишлари иштирокчиларга хушнудлик улашди.

Чалинган биринчи қўнғироқ қадрдон мактабини, меҳрибон устозларини соғинган ўқувчиларга олам-олам шодликлар улашганлиги табиий.

- Биз ҳам биринчи қўн­ғироққа бағишланган маросимни кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида байрамона тарзда ўтказдик, - дейди 3-мактаб инглиз тили фани ўқитувчиси Шавкат Турсунов. - Мактабимиз директори А. Ваҳоббоев тадбирни мамлакатимиз халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси, ёш авлодни давр талаблари даражасида камолга етказиш бўйича мактаб, оила, маҳалла ва кенг жамоатчилик олдига қўйилаётган вазифалар ҳақида нутқ сўзлаш билан очди.

Тўпсада маҳалла фуқаролар йиғини раиси Х. Эргашев, фахрий педагог Х. Маликов тантана иштирокчиларини қутлаб, эзгу тилакларини изҳор этдилар.

Ёшлар иттифоқи фаоли Нигора Ашуралиева 34-мактабда ўтказилган маросим ҳақида тўлқинланиб гапириб берди. Директор Муҳаммадсобир Тошматов билан ўқитувчи Фотима Мирзакаримова 28 нафар кичкинтойга Президент совғаларини топширишлари жараёни, айниқса, қизиқарли кечди.

Туман ХТБ услубчиси И. Азимов эса 40-мактабда юксак тайёргарлик билан ўтказилган тадбир ҳақида ёзаркан, асосий эътиборни Одина Джакбарова билан Муқаддас Қодированинг Мустақиллик мавзусидаги дарс машғулотлари таъсирчан ҳамда самарали бўлганлигига қаратибди. Мустақиллик дарслари тақдимотлар, кўргазмали қуроллар орқали ўтилди.

Туманимиз бўйича 1-синфларга қабул қилинган 2142 нафар ўқувчига Президент совғалари тантанали равишда топширилди. Шу билан туманимиз илм масканларидаги ўқувчиларимиз сони 21 минг 467 нафарга етди.

Мавжуд 48 та мактабда шундай маросимлар ўтказилди. Уларда туман ҳокими ўринбосарлари, ташкилотлар раҳбарлари қатнашдилар.

Нур ЗИЁД,

Наргиза МАВЛОНОВА,

«Мингбулоқ» мухбирлари.