НАМАНГАНДА «HYUNDAI» ЗАВОДИ

Жанубий Кореянинг «Evergreen Mo­tors Group» компанияси президенти Ким Чан Конг автомобилсозлик саноатининг йирик лойиҳаларидан бири, яъни «Hyundai» автозаводи қурилиши билан боғлиқ лойиҳани амалга ошириш мақсадида вилоятимизга ташриф буюрди.

Дастлаб вилоят ҳокимлигида "Hyundai" тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестицион шартномани имзолаш маросими ўтказилди. Уни Ўзбекистон Республикаси томонидан Наманган вилояти ҳокими Х. Бозаров, Корея Республикаси томонидан "Hyundai Motor" компаниясининг юк машиналари бўйича президенти Ли Ин Чэол, "Posco-Daewoo corporation" компанияси Автоматив бўлими президенти ўринбосари Ли Санг Хун ва "Evergreen Motors" компанияси президенти Ким Чанг Кеон имзоладилар.

Тўрақўрғон туманида "Hyundai" тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш янги заводининг тамал тошини қўйиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Корея делегацияси билан биргаликда Малайзия, Индонезия, Хитой Халқ Республикаси ва Таиланд каби ҳамкор давлатлардан ишбилармонлар вакиллари ҳам қатнашдилар.

Кореянинг "Hyundai Motor", "Evergreen Motors" ва "Posco-Daewoo cor­poration" компаниялари ҳамкорлигида қурилиши режалаштирилган бу завод 2019 йилнинг сентябрида илк маҳсулотларини чиқара бошлайди. Дастлаб йилига 400 та кичик юк машиналари, микроавтобуслар ҳамда автобуслар ишлаб чиқарилади. Босқичма-босқич бу кўрсаткич 3000 тага етказилади. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 50 фоиз эҳтиёт қисмларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Дастлабки босқичда 1000 та, завод тўла ишга туширилгач 6 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Мазкур тарихий воқеа муносабати билан меҳмонлар шарафига Наманган шаҳридаги "Диёр" тантаналар мажмуасида бир пиёла чой устида ташкил этилган маросимга вилоят санъаткорлари, ёш истеъдодлар ижросидаги ўзбек ва корейс миллий куй-қўшиқлари, жаҳон мусиқа санъатининг ноёб дурдоналари янада файз бағишлади.

Тамал тошини қўйиш маросимида кенг жамоатчилик вакиллари қатори биз ҳам қатнашганимиздан мамнуният ҳиссини туйдик. Вилоятимизда мазкур завод бўлиши ҳар тарафлама манфаатлидир.

Каримжон ИЗЗАТИЛЛАЕВ,

Гуртепа қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси.