ЯКУНЛАР - ҚУВОНАРЛИ, РЕЖАЛАР ЭСА ЗАЛВОРЛИ

Муҳтарам Президентимиз Ш. М. Мирзиёев ташаббуслари билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар асносида мисли кўрилмаган янгиланишлар рўй бермоқда. Туманимизда кейинги икки йилда муҳим дастурлар, "Йўл харита"лари ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилаётгани барчангизга маълум. Берилаётган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланаётган агросаноат тизими, қолаверса, халқ хўжалигининг бошқа соҳалари вакиллари юксак натижаларга эришмоқдалар. Биргина пахтачилик соҳасида 11 та фермер хўжалиги 40 центнердан юқори ҳосил етиштирди. Ботиржон Деҳқонов, Нормамат Акбаров, Машрабжон Акбаров, Абдуносир Қовлонов, Йўлдошали Ниёзовлар раҳбарлик қилаётган "Порлоқ олтин чашмаси", "Нурали Сайдалиевич", "Сайдали ҳожи", "Бепоён дала НМО", "Раҳмонали ота-Н" фермер хўжаликлари гектаридан 41 центнердан 54,5 центнергача юқори сифатли пахта хом-ашёси етиштирдилар. Баҳодир Чилматов раҳбарлигидаги "Файзимуҳаммад ота-Ч" фермер хўжалиги давлатга туман бўйича энг кўп - 230 тонна пахта сотиб, йиллик режани 135 фоизга, Илёс Кукшин раҳбарлигидаги "Оқ дала мардона" фермер хўжалиги эса 200 тоннадан ортиқ пахта топшириб, йиллик режани 112 фоизга бажарди. "Порлоқ олтин чашмаси", "Дур марварид диёри" фермер хўжаликлари 265 фоиздан зиёд пахта сотишиб, бу борада рекорд натижага эришдилар. "Қаҳрамон Назиржонович", "Найман чегара", "Иброҳим Қодиров", "Фаровон Мингбулоқ диёри" фермер хўжаликлари шартномавий режаларини 160-183 фоиздан адо этишгани қувонарлидир. Президентимиз Фармонига асосан "Мулкобод орзулар диёри" фермер хўжалиги ишчиси Омина Худайбердиева "Меҳнат шуҳрати" ордени билан, яна 14 киши кўкрак нишонлари билан тақдирланганликлари бежиз эмас. Шунингдек, яна кўплаб илғорларимиз вилоят ҳамда туман ҳокимликлари томонидан меҳнатларига яраша муносиб рағбатлантирилдилар. Ана шундай заҳматкаш деҳқону соҳибкорларимизнинг, боғбону чорвадорларимизнинг меҳнатлари туфайли якунланаётган йилда туманимизда қарийб 52 000 тонна ғалла, 32 494 тонна пахта, 13 926 тонна сабзавот, 5 235 тоннага яқин мева, 87,0 тонна пилла, 4 777 тонна гўшт, 582 тонна балиқ, 29 000 тонна сут тайёрладик. Жами 281,0 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. Аграр сектордан олинаётган даромадлар айни вақтда шаҳарчамиз ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан янгилаш, уларни обод қилиш, халқимиз учун замонавий шароитлар яратишга сарфланмоқда. Жумладан, арзон уй-жойлар дастури доирасида бу йил 50 та уй-жой барпо этилиб, ўз эгаларига топширилиш арафасида турибди. Бундай уй-жойлар учун дастлабки тўлов миқдори 15 фоиздан 10 фоизга туширилганлиги Президентимизнинг халқимизга кўрсатаётган ғамхўрликларидан яна биридир. Якунланган йилда "Обод қишлоқ" Давлат дастури доирасида Мулкобод, Кичик Жомашўй ва Бўстон қишлоқларида катта ҳажмдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Натижада 12,5 мингга яқин аҳолимиз учун янги уй-жойлар, маиший газ баллон, электр, ичимлик суви тармоқлари, равон йўллар, мактаб ва боғчалар, шифо масканлари, ҳаммомлар, бир сўз билан айтганда, муносиб ҳаёт шароитлари яратилгани, ҳеч шубҳасиз, келгусида бу ишларни янада катта кўлам ва кенг миқёсда давом эттиришга руҳлантирмоқда. Давлат ва жамиятимиз қурилиши тизимини такомиллаштириш, айниқса, халқ билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, тинч-осойишталик, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ҳамда туризмни жадал ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар кўлами ниҳоятда кенг. Янги иш ўринлари яратиш, иқтисодиётни диверсификациялаш ва ҳудудни жадал ривожлантириш, валюта тушуми, аҳолининг турмуш сифати ва даромадларини ошириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва имиджини яхшилаш муҳим масалалар сирасига киритилган. "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастури маъно-мазмунига мувофиқ кенг кўламли ишлар қилинди. Гап тадбиркорлар ҳақида борар экан, Янги йил айёмини Баҳодир Шокиров (Жомашўй), Муҳаммаджон Йўлдошев (Қўшқишлоқ), Валижон Муҳиддинов (Мулкобод), Шуҳрат Исоқов (Тегирмонбоши) каби тадбиркорларимиз аҳолига тиббий ва маиший хизмат, савдо, ошхона сингари замонавий биноларни фойдаланишга топшириш билан нишонлашганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бундай тадбиркорларимиз сафи янада кенгайишига ишонамиз. Шунингдек, Жомашўй шаҳарчаси, Гуртепа, Олтинкўл, Гулбоғ қишлоқларида ҳам тадбиркорларимиз кучи билан бир қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш шаҳобчалари бунёд этилганлиги қувонарлидир. Тўй ва бошқа тантанали маросимлар ўтказиладиган мажмуалар сони 5 тага етди. Бу билан тадбиркорларимиз томонидан нафақат аҳолига, қолаверса, ташкилот ва муассасалар учун ҳам ҳар хил тадбирларни ўтказиш учун қулайлик яратилди. Президентимиз ташаббуслари билан қабул қилинган "Yoshlar - kelajagimiz" Давлат дастури асосида амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳам кенг. Дастур доирасида Жомашўй шаҳарчасида "Коворкинг" маркази фойдаланишга топширилди. У тадбиркорлик тараққиётига хизмат қилмоқда. Фаолиятини бошлаётган 310 нафар ёш тадбиркор рўйхатга олинган. Уларга 882,0 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Бунинг натижасида янги иш ўринлари яратилиши ҳисобига халқ хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўшилмоқда. 2019 йили бу миқдорни 7 миллиард 2016 миллион сўмга етказиш режалаштирилган. 47 киши имтиёзли кредитдан баҳраманд бўлади. Умид қиламизки, тадбиркорларимиз, айниқса, ёшлар бу борада ўзларининг ғайрат-шижоатларини кўрсатадилар. Юртбошимиз томонидан қабул қилинган қарору фармонлар, давлат дастурлари ҳамда белгилаб берилаётган истиқболли вазифа-ю кўрсатмаларнинг натижасини туманимиз мисолида ҳам яққол кўриб турибмиз. Барча соҳаларда ўсиш ва ривожланишларга эришилмоқда. Муҳими - халқ турмуш фаровонлиги ортяпти. Қирқчек ҳамда Гулбоғ қишлоқларида 2 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағи ҳисобидан барча қулайликларга эга бўлган оилавий поликлиникалар фойдаланишга топширилди. Туман давлат хизматлари маркази учун барча қулайликларга эга бўлган 4 қаватли бино бунёд этилмоқда. Бунинг учун давлат шерикчилик шартномаси асосида 5 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилади. Натижада бугунги кунда 60 хил хизмат кўрсатилаётган бўлса, бу миқдор 120 тага етади. Жомашўй шаҳарчасида эса ичимлик сув таъминотини яхшилаш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Насос ва қувурларни янгисига алмаштириш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Айни кунларда иш юқори маромда олиб борилмоқда. Ёшларимизга муносиб яшаш, таълим олиш шароитларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар қилин¬япти. Янги ўқув йилидан 15 ва 45-мактабларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби (ДИУМ) мақоми берилгани соҳага юксак эътибордан далолатдир. Мактабгача таълим йўналиши бўйича 10 та хусусий боғча очилганлиги ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънавий баркамол руҳда камол топишига хизмат қилади. Бундай муассасалар сонини янада кўпайтирамиз. Гулбоғлик Эркин Мирмаҳмудов техника фанлари номзоди сифатида космик геодезияни тадқиқ этиш борасида мисли кўрилмаган изланишларни олиб бораётган бўлса, гуртепалик Иброҳим Дарвишев мустақиллик байрами арафасида фалсафа фанлари доктори илмий даражасига эришганлиги барча мингбулоқликларга мамнуният бағишлади. Россия Федерациясининг Санк-Петербург шаҳрида ўтказилган "Золотой Феникс" номли халқаро танловда Жомашўй шаҳарчасидаги 2-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларидан икки нафари биринчи ўринни эгаллаб қайтди. "Мингбулоқ" газетаси таҳририяти ижодий ходимларидан икки нафари эса "Энг намунали маънавият тар¬ғиботчиси" ҳамда "Йилнинг энг фаол журналисти" номинациялари бўйича вилоят танловида ғолибликка эришдилар. 13-сонли ДИМИ ўқитувчиси Гулбаҳор Исоқова "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" номинацияси бўйича республикада иккинчи ўринни эгаллади. Ёш ижодкорлардан Марварид Акбарова шеърият, Нилуфар Аҳмадалиева эса рассомчилик йўналиши бўйича республика танловида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Тўй-тантаналарда, яхши кунларда эзгу ишлар қувонч билан тилга олинади. Биз ҳам якунланган йил сарҳисоби сифатида туманимиз аҳлининг Ҳосил байрами маросимида 2018 йилда эришилган ютуқларимизни тилга олдик. Зеро, бу ютуқлар туманимиз ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий юксалишида муҳим омил вазифасини ўташи табиийдир. Ютуқларимиз бардавом экан, бу миллий байрамимиз ўтказилиши яна давом этади. Тохиржон РАПИКОВ, туман ҳокими, вилоят Кенгаши депутати.