МЕРОСГА ОҚИЛОНА МУНОСАБАТ

Туманимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги "Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида"ги 120-сонли қарори асосида муайян тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда туманимизда 5 та моддий маданий ва археология мероси, мерос объекти рўйхатга олинган. Улар туман Ободонлаштириш бошқармаси балансида туради. Жами 35 гектарга яқин майдонга эга. Ҳукумат қарори асосида бу объектларга эътибор ҳар қачонгидан ҳам оширилган. Айниқса, ўтган йили туман ҳокимлиги раҳбарлигида кенг кўламдаги ишлар рўёбга чиқарилди. Мустақиллик маҳалласидаги қабристон атрофини давр талаблари даражасида ўраш зарурати туғилган эди. Туман Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг тумандаги вакили тавсияларига асосан бу иш учун 61 миллион 200 минг сўм маблағ ажратилди. Баланд Гуртепа маҳалласидаги "Шаҳид" қабристонида ёзги айвонча қуриш учун 51 миллион сўм маблағ ажратилган ҳолда иш жадал бошлаб юборилган. Туман ҳокимининг бюджетдан ажратган жами 218 миллион сўм маблағи ҳисобига якунланган йилда 6 та масжидда зарур ишлар амалга оширилди. Бу ўтганларимиз хотирасига тирикларнинг ҳурматидир. Шу ўринда "Топтиқ азиз" жомеъ масжиди ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз. У 1900 йилда барпо этилган. Бу мажмуа ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Масжид имом-хатиби М. Умрзоқовнинг ташаббуси билан туман ҳокимлиги, қўшни қишлоқлар ва маҳалла фуқаролари, тадбиркору фермерлар ҳиммати туфайли бу ерда мисли кўрилмаган қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ишлари амал¬га оширилди. 2018 йили 560 кишига мўлжалланган ушбу масжид қурилиши саҳоватпеша кишиларнинг хайр-эҳсонлари боис қайта сайқал топди. 4 та минора ва 7 метр айвондаги гумбазли масжид биноси қишлоқ кўркига кўрк қўшганлиги нафақат момохонликларни, балки бутун туман аҳлини қувонтирмоқда. Бу йил ҳам ўтган йили бошланган хайрли ишларни давом эттирамиз. Умид қиламизки, ўтганларимиздан мерос бўлиб келаётган мазкур объектларда бугунги авлод келажакни кўзлаган ҳолда барча хайрли ишларни амалга оширишга тайёр. Улуғбек КАРИМЖОНОВ, туман маданият бўлими мудири.