ПОЙДЕВОР ПУХТА БЎЛСА...

Ниҳол қанчалик меҳр билан парваришланса, шунчалар бақувват ўсади, серҳосил ва меваси мазали бўлади. Бола парвариши ҳам шундай. Бошланғич синфларда унда ўқишга қизиқиш  уйғотиб олиш - энг муҳими. Ўқувчи таълим-тарбия олишга, билимларни чуқур эгаллашга астойдил киришиб кетиши ўқитувчининг ҳам, ўқувчининг ҳам бахти.

 

Мактабимизда ёш авлод қалбига йўл топиб, уларга ўқиш ва ёзишни чин юракдан ўргатаётган бошланғич синф ўқитувчилари талайгина. Зулайҳо Ҳайдарова ана шулардан биридир.

Зулайҳо фаолиятини 20-мактабда бошлаган. 3 йил ишлагач, бизнинг илм масканимизга ўтган. Шунга ҳам 20 йил бўлибди. Ўтган давр мобайнида 5 та бошланғич синфида "Саводхонлик" байрамларини ўтказган. Яқинда яна 21 нафар ўқувчисига қандай сабоқ берганлигини ҳамкасблари ва ота-оналар олдида кўрсатди. Шундай байрам баҳонасида ҳисобот ҳам берди. Махсус дастури барчага манзур бўлди. Айниқса, Асадбек Олимжонов, Мадина Абдуҳолиқова, Муштарий Ҳасанбоева, Гулчирой Абдумуталова сингари ўқувчилар нафақат ёзиш ва ўқишни, балки саҳна кўринишлари ташкил этиш, шеър айтиш, рақсга тушиш, бадиий гимнастика ва йог машғулотларини ўзлаштириб олганликлари билан барчамизни лол қолдирдилар.

Ота-оналар Зулайҳо Ҳайдаровага чексиз миннатдорчиликларини билдиришгани бежиз эмас. Ўқувчиларга эса фахрий ёрлиқлар топширдик. Ота-оналари бадиий китоблар ҳамда ўқув қуролларини совға қилишди.

Замира Маматқулова, Раънохон Қаюмова, Кимёхон Эгамқулова сингари бошланғич синф ўқитувчилари ҳам бутун меҳрларини болаларга бахшида этиб келишмоқда.

Мавжуд 8 та бошланғич синфдаги 205 нафар ўқувчига ДТС, интерфаол усулда янгича педтехнологиялар асосида дарс ўтилаяпти. Қолаверса, дарс­дан ташқари машғулотлар тизимли йўлга қўйилган. Болаларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишни тизимли ташкиллашяптики, булар болаларнинг барчасида бошланғич таълим пойдевори мустаҳкам бўлишига хизмат қилмоқда. Эришилаётган натижалари эса чакки эмас.

Шаҳлохон ДАДАМИРЗАЕВА,

15-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби

Ёшлар иттифоқи бошланғич

ташкилоти етакчиси.