ЎҚОТАР ҚУРОЛ КИМГАДИР ЗАВҚ, КИМЛАРГАДИР ТАШВИШ КЕЛТИРИШИ АНИҚ

Туман ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамкорликда ўтказган йиғилиш ана шу мавзуда бўлди. Унда туманимиздаги ҳуқуқий идоралар ходимлари, ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, овчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

 

Мутахассисларнинг мавзу доирасидаги ҳуқуқий маслаҳатлари тингланди. Махсус видеофильм намо­йиш қилинди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Шу ўринда қуроллар ҳақида қисқача тўхталсак. Улар силлиқ стволли ов қуроллари ва стволи нарезли жанговар қуролларга ажралади. Ов қуроллари ҳар хил русумли, турлича колибрли, силлиқ стволли, 1 ёки 2 стволдан иборат бўлади. Мамлакатимиз ҳудудида ов қуролларини сақлаш ва олиб юриш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига 21 ёшдан эътиборан Овчилик, балиқчилик ва спорт жамиятига аъзо бўлгандан сўнг ИИБ томонидан рухсатнома берилади.

Овчилик, балиқчилик ва спорт жамиятига аъзо бўлмасдан, ИИБ томонидан рухсатнома олмасдан туриб ҳар қандай ўқ-дори ва қуролларни сақлаш ноқонунийдир. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

Баъзи фуқаролар ноқонуний ўқ-дори ва қуролларни сақлаётган, жиноий жавобгарликдан қўрқиб уларни яшириб юрган бўлишлари мумкин. Шундай бўлса, уларни ўз ихтиёрлари билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар (ИИБ, ДХХ)га олиб келиб топширсалар, Жиноят Процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жиноий жавобгарликдан озод этиладилар.

Бугунги кунда туман ИИБ ҳисобида турган 237 нафар ҳаваскор овчи бор. Ов қуроллари сони 261 та. Қуролларини рисоладагидек сақлаётган ва талаблар даражасида фойдаланаётган овчиларимиз кўп. Лекин сақлаш ва фойдаланиш тартибларини бузаётганлари ҳам учраб турибди. 2018 йили қурол сақлаш қоидасини бузганлиги учун 41 нафар ҳаваскор овчи маъмурий жавобгарликка тортилгани фикримиз исботидир. Ёки ИИБ ходимлари иккита ноқонуний қуролни топишган. 3 нафар фуқаро - Дамкўл, Қўғаликўл, Ингичка маҳаллаларидан Азамат Асқаров, Илҳомжон Қодиров, Одина Қаҳҳаровалар топиб олган қуролларини ўз ихтиёрлари билан топширганлар. Дамкўллик Мансур Сулаймонов ҳеч қандай ҳужжатсиз бўлган ов қуролини олиб юрганлиги аниқланган.

Фуқаролар қўлида ноқонуний сақланаётган ўқ-дори ва қуроллар тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ахборот беришлари зарур. Бундай ҳолатларда фуқароларнинг исми-шарифлари сир сақланиши кафолатланади. Бу орқали Ватанимиз тинчлиги, турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшилган бўлади.

Унутманг, ўқотар қуролдан кимдир завқланиши мумкин. Айни пайтда қурол кимларгадир ўнглаб бўлмас муаммо ва ташвишлар келтириши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Шундай экан, қуролга лоқайд муносабатда бўлмайлик.

Исроилжон ИНСАПОВ,

туман ИИБ ЖТСГ катта инспектори, подполковник.