ЖИНОЯТНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШИМИЗ ЗАРУР БУНДА ЖАМОАТЧИЛИК ҲАМКОРЛИГИ МУҲИМ АҲАМИЯТГА ЭГА

"Судлар тўғрисида"ги Қонунда суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларда, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишга даъват этилган. Бунинг учун давлатимиз биз, судьяларга барча ҳуқуқий асослар ва шарт-шароитларни яратиб бермоқда.

 

Ўтган давр мобайнида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини ошириш, "Хабеас корпус институтини қўллашни кенгайтириш, коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шуларнинг давоми сифатида, тинтув ўтказишга ва жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларнинг телефонда сўзлашувларни эшитиб туришга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода "Адолат қўрғони"га айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Жумладан, 2018 йил давомида 89 маротаба сайёр суд мажлиси ўтказдик. Уларда жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган амалий ишлар ҳамда тушунтиришлар олиб борилди.

Тасдиқланган медиа режа асосида ҳар ойда бир маротаба аҳоли билан жойларда очиқ мулоқотлар ўтказяпмиз. Оммавий ахборот воситаларида 34 та мақола чиқардик, телевидение, радио ва интернет тармоғи орқали чиқишлар ташкилланди.

222 нафар шахсга нисбатан 166 та жиноят иши кўрилган. Шулардан 189 нафар шахсга нисбатан 134 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқариш билан, 32 нафар шахсга нисбатан 31 та жиноят иши ҳаракатдан тугатилган. 34 нафар шахсга нисбатан жарима жазоси, 75 нафар шахсга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, 9 кишига озодликни чеклаш жазоси, 57 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинладик. 9 нафар шахсга шартли ҳукм қилинган, 1 нафар шахсга тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган, 3 нафар шахс­га нисбатан жазо тайинланмай ҳукм чиқарилди.

Йил давомида 14 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги, 1 нафар айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги, 1 нафар ша­хсга нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномалар келиб тушган. Уларни қонунда белгиланган муддатларда кўриб, барчасини қаноатлантирдик.

Кўрилган жиноят ишлари бўйича процессуал муддатлар бузилмаган.

Келиб тушган ишлар бўйича аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида тумандаги ўқув муассасалари, корхона ва ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинларида 89 та жиноят иши ва 65 та материал сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Уларда 2342 нафар фуқаро қатнашган. Тарғибот ишлари юзасидан 34 маротаба давра суҳбати, учрашув ва маърузалар ўтказилди.

Ушбу даврда жиноятчиликнинг келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф қилиш мақсадида 130 та хусусий ажрим чиқарилган. Ҳозирда уларнинг 95 тасига тегишли тартибда муҳокама қилинганлиги ҳақида жавоб хатлари олинди.

2017 йил ва 2018 йил якуни бўйича таҳлил қилинганида, 27Ғ6 та шахс томонидан Ойбек МФЙда 15Ғ10 та шахс томонидан Мустақиллик МФЙда, 16Ғ9 та шахс томонидан Бирлашган МФЙда, 11Ғ6 та шахс томонидан Қўриқобод МФЙда жиноят содир этиш кўрсаткичлари юқорилигини кўрамиз. Қолгандарё, Баланд Гуртепа, Гулистон, Кичик Жомашўй, Дамкўл, Фаровон маҳалла фуқаролар йиғинларида эса 2017 йилга нисбатан жиноят ошган.

Туманимизда жиноячиликнинг олдини олиш мақсадида Ёшлар иттифоқи туман кенгаши билан ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши бўйича ўзаро ҳамкорликда ишлашимиз зарур.

Ўтказилаётган ҳуқуқий тарғибот ишларимиз ва сайёр суд мажлисларига аҳолини, хусусан ёшлар ва аёлларни жалб қилишни кучайтиришимиз талаб этилади.

Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, фирибгарлик, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш, ўғирлик, вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, гиёҳванд моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш каби ортиб бораётган жиноятларнинг олдини олиш бўйича тадбирларни кучайтириш кенг жамоатчиликнинг доимий бурчига айланиши лозим.

Бобиржон ЭРГАШЕВ,

Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.