ФОЙДА ЎРНИГА ЗАРАР КЎРДИ

Мамлакатимизда валюта олди-сотдиси ва унинг айланишини тартибга солиш миқёсида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги давлат сиёсатини била туриб,  онгли равишда "қора бозор"ни "гуллатаётган" фуқаролар эса ҳамон учраб турибди. Эргашев Қосимжон Қодирович ана шундай кимсалардан эканлигига суд жараёнида яққол амин бўлдик.

Фуқаролар аризасига асосан ўтказилган рейд куни ҳақиқатдан ҳам у ғараз мақсадларни кўзлаб, валюта қимматликларини банкдан ташқарида олиш ва ўтказиш қонунга хилоф эканлигини билган ҳолда назоратчи харидордаги 7.200 АҚШ долларининг ҳар бир долларини 7830 сўмдан ҳисоблаб, 56 миллион 808 минг сўмга сотиб олишга келишишган. Шундан 30 миллион сўмини бериб, қолган қисмини ке­йинроқ ҳисоб-китоб қилишга келишишган пайтда далилий ашё билан қўлга олинган. Шунингдек, унда яна 500 АҚШ доллари, 15 минг 300 Россия рубли, 110 минг Қозоғистон тен­геси, 700 Қирғизистон соми ва 10 миллион 731 минг сўм пул борлиги маълум бўлди.

47 ёшга тўлган, 5 нафар фарзанднинг отаси, эсли-ҳушли бу одам фойдали ижтимоий меҳнат билан шуғулланганида, суднинг қора курсисига ўтирмаган бўлармиди? Бойлик орттириш мақсадида валюта олди-сотдиси билан шуғулланишга жиддий киришиб кетганди. Охири вой бўлди. Ашёвий далил сифатида олиниб, банкда сақланаётган барча пулларини давлат фойдасига ўтказиш ҳақида ҳукм ўқилди.  Бу Ўзбекистон Республикаси ЖК 177-моддаси 2-қисмининг "б" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги учун чиқарилган адолатли ҳукм эди.

Боқижон ҲАКИМОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга

қарши курашиш  департаменти туман бўлими бошлиғи в.в.б.