ИККИ БУЮК СИЙМО АЛИШЕР НАВОИЙ ҲАМДА ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУНЛАР ТУМАНИМИЗДА КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Миллатимиз шаъни бой маънавий меросимиз, ўтмишда ёрқин из қолдирган буюклар номи ва хотираси, аждодлардан қолган мерос беназир илмий-ижодий асарлар туфайли юксакликка шоёндир. Хусусан, улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг боқий асарлари, бебаҳо хазинага тенг шеърий дурдоналари бугунимиз ва келажагимизга дахлдор эканлиги билан қимматли. Том маънодаги буюк маданият, олий даражадаги шарқона одоб ва ахлоқ тимсоллари ҳақида гап очилса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номини ҳам катта эҳтиром билан тилга оламиз.

 

Ҳар икки буюк сиймонинг таваллуд топган кунлари ҳар йили кенг нишонланиши анъанавий тусга кирганлиги бежиз эмас. Бу йил ҳам шундай бўлди. Таҳририятимизга шу мавзудаги хат-хабарлар муттасил келиб турганлиги фикримиз исботидир. 3-мактаб директор ўринбосари Орифжон Тожибоев, 17-мактаб она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Комилжон Маматов, 34-мактаб она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Бахтиёр Азизов, 24-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси Насиба Тўраева, 27-мактаб она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Маъмура Тўрабоева, 10-синф ўқувчиси Моҳидил Иброҳимова, 19-мактаб она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Раънохон Турғуноваларнинг мактублари беихтиёр ўқувчи эътиборини тортади. Уларда жумладан, шундай мазмунлар мужассам.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқ билан мулоқотнинг самараси ҳақида тўхталар экан, буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг «Одами эрсанг, демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами» байтини келтириб, бу сатрларда қанчалик чуқур ҳаётий ҳикмат, фалсафа болигини таъкидлаган эдилар. Яъни бу дунёда одамларнинг дарду ташвишини ўйлаб яшаш - одамийликнинг энг олий мазонидир.

Бу ўлмас сатрлар бугунги ҳаётимиз билан, орзу-интилиш ва амалий ҳаракатларимиз билан нақадар ҳамоҳанг экани одамни ҳайратга солади.  Унинг қарашлари, олға сурган фалсафий-ахлоқий фикрлари бир халқ, бир мамлакатга эмас, бутун башариятга тегишлидир. Худди шу маънода, ҳазрат Навоий  ижоди замонлар оша бадиий тафаккур оламида давр билан боғлиқ ҳолда янгича маъно, янгича оҳангда жарангламоқда. Навоий асарлари бизни янги қарашлар, комиллик ва умуминсонийликка даъват этаверади. Шоир асарларининг барҳаётлиги уларнинг замонлар ўтса-да, эскирмайдиган умумбашарий ғояларнинг улуғланганлиги, одамийлик сифатлари таърифлангани, мақталган ва тарғиб қилинганлигидир.

Бобур ҳақида сўз очилса, энг аввало, буюк подшоҳ, мумтоз шоир, назариётчи адабиётшунос, фақиҳ, тилшунос, санъатшунос, этнограф, ҳайвонот ва табобат оламининг билимдони сифатида кўп қиррали фаолият ва ижод соҳиби бўлганлиги эсга олинади. Биргина «Бобурнома»сида 30 га яқин фан соҳалари бўйича аниқ илмий маълумотлар жамлангани фикримиз далилидир. Унда муаллифнинг ҳаёти, дунёқараши, яшаш тарзи ҳам чиройли далил ва бўёқларда берилган.

«Бобурнома» котиби Бобурнинг улуғ подшоҳларга хос саккиз шахсий фазилатини қайд этган. «У қудратли подшоҳнинг яхшиликларини айтган билан ва ёзган билан тугатиш маҳолдир. Лекин қисқаси буки, саккиз асл сифат унинг зотига хос эди. Бири буким - иқболи баланд эди; иккинчиси - ҳимматли юксак эди; учинчиси - вилоят олмоқ; тўртинчиси - вилоят сақламоқ; бешинчиси - маъмурлик; олтинчиси - Аллоҳ бандаларига фаровонлик нияти; еттинчиси - лашкар кўнглини қўлга олмоқ; саккизинчиси - адолат қилмоқ».

Шу нарса диққатга сазаворки, 13-мактаб ўқувчилари 1-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси кичкинтойлари ҳузурига бориб, уларнинг Навоий ва Бобур боболаримизнинг ҳаёт ва ижодларига бағишланган адабий-бадиий дастурларини намойиш этишган. Қолаверса, тарбияланувчиларга совға-саломлар топширишди. Боғча мудираси Шарифа Мўминова ёш навоийшунос ва бобуршунос ўқувчиларга чексиз миннатдорчилигини билдирди.

2-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида ёш талантлар ижросида ўтказилган «Назм ва наво» маънавий-маърифий тадбири ҳам ҳар икки буюк сиймога юксак ҳурмат эҳтиром рамзи бўлди.

Мухтасар қилиб айтганда, Навоий ва Бобур ҳазратларининг шахсиятлари, ижод ва фаолиятлари бугунги, қолаверса, келажак авлод учун ўрнак, фахр­ланса арзигулик. Улар сиймоси ҳамиша барҳаётдир.

Шамсиддин ШОКИРОВ олган суратда

3-МТМда ўтказилган тадбирдан лавҳа тасвирланган.