ЭЪЗОЗУ ЭҲТИРОМ

Санобар АБДУРАҲМОНОВА, туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси:

Қадимдан аёлларни вафо ва садоқат тимсоли сифатида биламиз. Тўмарис мисолида одил йўлбошчилик, қатъиятлилик, жасур жангчилик салоҳияти мавжудлигига ҳам тарихан гувоҳмиз. Президентимиз Ш. М. Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлашлари ўлароқ хотин-қизларга бўлган эътибор кун сайин ортиб бормоқда. Туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Санобар Абдураҳмонова билан эътибор ва эътирофдан руҳланиб олиб борилаётган амалий ишлар хусусида суҳбатлашдик.

 

- Бинобарин,  аёл - башарият гултожи, беназир хилқат. Ўзини, ўзлигини англаган одам йўқки, уни эъзозламаса. Айни дамда жамиятда хотин-қизларнинг ўрни беқиёс. Фидойилиги, қобилияти билан барчани ҳайратга солаётган аёллар сафи эса муттасил равишда кенгайиб бормоқда. 8 март дунёда Хал­қаро хотин-қизлар куни сифатида кенг нишонланади. Юртимизда эса ҳеч бир кун аёлларга эҳтиром ва эътиборсиз ўтмайди. 2018 йилнинг ўзида мамлакатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрнини юксалтириш мақсадида қабул қилинган қатор фармону қарорлар фикримизнинг далилидир. Ана шулардан бири 2 февралда қабул қилинган "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармондир. У аёлларга бўлган эътибор ва имкониятлар кўламини янада кенгайтирди. Келажакка ишонч,  куч берди бизларга.  Фармондан кўзланган мақсад ҳам шу эди аслида.

Президентимиз ташаббуслари билан ўтган йили маҳаллаларда фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими ташкил этилди. Натижада бу борадаги ишлар анча жонланди. Мутахассислар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Сайъ-ҳаракатлар натижасида маҳаллалардаги ҳуқуқбузарликлар, жиноятчиликка мо­йил шахслар сони кескин равишда озайди. Нотинч оилалар сони 62 тадан 44 тага камайтирилди. Жиноятчиликка мойил аёллар эса 24 тага. Чет элга ишлаш мақсадида кетган аёлларнинг 34 нафари қайтиб келганлиги қувонарли.

Хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолганлар, жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш бў­йича ҳам қатор ишлар амалга оширилди.

"Қизларжон" клублари, "Бувижонлар мактаби" ташкил этилган. "Қизларжон"да қизларнинг қобилиятлари янада шакллантирилиб, янги истеъдод соҳиблари кашф этилмоқда. "Бувижонлар мактаби"да эса миллий қадрият ва урф-одатларимиз юксак маънавиятли, бой ҳаётий тажрибага эга онахонлар томонидан сингдириляпти ёшлар онгига. Юқоридаги ишлар хотин-қизларнинг ҳаётга бўлган қизиқиши ва интилишини янада оширмоқда.

Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида хотин-қизлар масаласига доир бир қатор ўринли муаммолар қайд этилди. Туман хотин-қизлар қўмитаси ундан тегишли хулоса чиқариб, янада масъулият билан фаолият юритмоқда. Буни биргина 2019 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар мисолида кўриш мумкин. 138 та ажралиш ёқасидаги оила тикланди. 118 та ишчи ўрни яратилди. 20 нафар аёл тадбиркорлик бўйича рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият бошлаши эвазига 60 нафар хотин-қиз ишли бўлди.

Мурожаатномада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда унга барҳам бериш масаласи алоҳида тилга олинган эди. Шунга кўра, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича қатор тадбирлар ўтказдик. ИИБ ходимлари билан бирга жиноят ва унинг салбий оқибатлари, зарарлари хусусида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Тарғиботлар натижаси ўлароқ, йил бошидан буён  жиноят ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари рўй бермади.

Бир йиллик натижаларга асосланиб вилоятимиз бўйича ички мониторинг ўтказилганда, туманимиз хотин-қизлар масалалари бўйича ижобий натижалари билан вилоятда 3-ўринни эгаллади. Бу ўтган йил давомидаги сайъ-ҳаракатларимиз натижасидир, - дейди суҳбатдошимиз. -  Лекин оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғ­ломлаштириш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак. Шу боис ҳам юқоридаги натижаларга таянган ҳолда фаолиятимиздан тўла қониқиш ва шу зайлда давом этиш биз учун етарли эмас. Вазифамиз - оилаларда вояга етиб келаётган ҳар бир қизни маънан баркамол, ақлан етук этиб тарбиялаш. Шундагина улар нафақат ўзи, балки тар­биялайдиган фарзандлари орқали Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшади. Ёт оқимлар гирдобига тушмайди ҳам.

Аёл - нозик, аммо мукаммал яратиқ. Ҳеч бир зот йўқки, бирор марта бўлса-да аёлларни мадҳ этмаган, унга эҳтиром бажо келтирмаган бўлса. Шу боис аёл бўлиб дунёга келганимиз бахтимиздир. Мана шундай бахтга мушарраф бўлган барча аҳли аёлларни кириб келаётган Халқаро хотин-қизлар куни билан чин дилдан муборакбод этиб, уларга Яратганнинг жамики эзгуликларини тилайман. Барчамизга қутлуғ айём муборак бўлсин!

Суҳбатдош Наргиза МАВЛОНОВА.