ТОМОРҚА ХАЗИНА МАНБАИ

"Ерни боқсанг, ер сени боқади." Халқимиз бу нақлни бежиз айтмаган. Томорқаларидан оқилона фойдаланиб, мўмайгина даромад топаётган, ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда яшаётган замондошларимиз тобора кўпайиб бораётганидан ҳақли равишда мамнуният туясан, уларга ҳавас қиласан одам.

 

Қўриқобод маҳалласининг Ниҳол кўчасида яшовчи томорқа эгаси Мардонақул ота Бўстонов улардан бири. 22 сотихли иссиқхонаси бор. Лимон кўчатлари-ю ҳосилига боқиб, кўзлар қувнайди. Помидор, бодринг ва бош­қа резавор экинлар ривожи авжида. Боғ эса гўёки жаннат. 250 туп узум, 16 туп ёнғоқ, 22 туп гилос, 12 туп анжир бор.

- Хонадонимиздан йил бўйи мева-чева узилмайди, - дейди отахон. - Эҳтиёжимиздан ошиқчасини бозорга олиб чиқамиз. Бой-бадавлат яшашнинг яна қандай йўли бўлиши мумкин? Ғо­йибдан келажак бойлик афсона холос. Бу йил ҳосилимиз ҳар қачонгидан мўл бўлади. Негаки Юртбошимизнинг бизларга бўлган эътиборларига жавобан ғайрат билан ишлаяпмиз. Ўғит ва бошқа зарур перепаратлар етарли. Қаров, парвариш шунга яраша бўлаяпти-да.

Айтганча, отага ҳавас қилган қўшниси Лочинбек Абдураҳмонов ҳам ўз иссиқхонаси бўлиши учун ҳаракатни бошлади.  Бобо эса унга ёрдам беришга ҳамиша шай.

Кичик Жомашўй маҳалласининг Деҳқонобод кўчасида истиқомат қилувчи Салимжон ака Эгамназаров ҳам томорқасидан фойдаланишнинг ҳадисини олган. Ҳовли-жойингни ободонлаштирганинг сари одамнинг кўнгил уйи ободлашаркан.  У ана шундай фикрда. Шу сабаб 4,5 сотихли иссиқхонасидан юксак унум билан фойдаланмоқда. Лимонлари ҳосилга кирган. Картошка, пиёз, исмалоқ, кашнич, сабзи ва бошқа резавор экинлари парвариши билан машғул.

- Етиштирган маҳсулотларимизнинг асосий харидори қўни-қўшни, маҳалладошларим, -дейди уй бекаси Саида опа. - Уларнинг ҳожатини чиқараётганимиздан хурсандмиз.

Шу маҳаллада яшовчи Шермат ака Ҳайдаровнинг фаолияти ҳам эътиборга молик. Ўтган йили 6 сотихли иссиқхонасидан 2 тоннадан зиёд лимон ҳосили олибди. Соф даромад 15 миллион сўмдан ошган. Энди томорқасининг қолган қисмида ҳам иссиқхона қиляпти. Имконият бор экан, яхши яшаш, қолаверса, жамиятга наф келтириш ҳар қанай онгли кишининг мақсади бўлиши керак-да.

Томорқа ва иссиқхоналаридан самарали фойдаланиб, фаровон турмуш кечираётган Мардонақул ота Бўстонов, Салимжон ака Эгамназаров, Шермат ака Ҳайдаров каби ҳамюртларимиз талайгина. Улар учун Ҳукуматимиз томонидан "Намунали томорқачи" кўкрак нишони таъсис этилгани, ер солиғи бўйича имтиёзлар қўлланилаётгани қувонарли. Булар, табиийки, томорқаларда тағин ҳам баракали ҳосил етиштиришга, сафлар янада кенгайишига  хизмат қилмоқда. Яратиш, яшнатиш, халқимиз дастурхонини мева, сабзавот ҳамда резавор маҳсулотлари билан тўкин, ҳаётимизнинг фаровонлигини таъминлаш йўлида изланиб, ташаббус кўрсатиб меҳнат қилаётган томорқа ер эгаларига ҳар қанча тасанно айтсак ҳам кам.

Зарнигор КАМОЛОВА,

«Мингбулоқ» мухбири.