БИРГА ҲАРАКАТЛАНСАК, ХАСТАЛИКНИ ЕНГАМИЗ

Оламда касалликлар тури кўп. Ке­йинги йилларда уларнинг янги-янги турлари чиқаётгани ҳақидаги нохуш хабарларни эшитяпмизки, таажжубдан ёқа ушлайсан одам. Яхшиямки аксарияти хорижда. Ана шулардан бири бундан 137 йил муқаддам германиялик олим томонидан аниқланган сил касаллигидир.

 

Сил, бу - юқумли касаллик. Унинг қўзғатувчиси сил микобактериясидир. Касалликнинг номи лотинча "дўмбоқча" сўзидан олинган. Эски номи - дўмбоқчали фитизио. Грекча сўз бўлиб, қуриш деган  маънони англатади. Касаллик қўзғатувчиси Роберт Кох томонидан 1882 йили аниқланган.

Туберкулёз - ижтимоий касалликлардан бири. У аҳоли яшаш шароити билан узвий боғлиқ. Эпидемиологик вазият юзага келишига ижтимоий-иқтисодий шароитнинг ёмонлашуви, аҳоли ҳаёт даражасининг пасайиши, миграция жараёнларининг фаоллашуви сабаб бўлади.

Эркаклар аёлларга нисбатан 2-3 марта кўп касалланишади. Касалланиш даражасининг ўсиши эркакларда аёлларга нисбатан 2,5 баробар юқори. Энг кўп касалланиш эркаклар орасида 20-29 ва 30-39 ёшдагиларга тўғри келади.

Одамда сил касаллигининг дастлабки белгилари пайдо бўлса, демакки бу хасталикнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш лозим. Яъни, уч ҳафтадан кўпроқ давом этувчи йўтал, йирингли ёки қон аралаш балғам туфлаш, вақти-вақти билан иситма чиқиши, кўп терлаш, айниқса, кечалари кўкрак қафасида оғриқ, умумий ҳолсизлик, иштаҳанинг бўғилиши, озиб кетиш шулар жумласидандир.

Авваламбор сил касаллигига чалинишда шу касалликка мойил кишилар, яъни сурункали ўпка касаллиги билан оғрувчилар, якка-ёлғиз яшовчи қаровга муҳтож кексалар, руҳий беморлар, спиртли ичимликка ружу қўйганлар, ошқозон ва 12 бармоқли ичак яра касалликлари, диабет, СПИД касаллигига чалинганлар йилда бир марта сил касаллигига текширувдан ўтишлари шарт. Акс ҳолда бу гуруҳдаги беморларга сил хасталиги қўшилиб қолса, оғир асоратлар билан ўтади. Бу эса салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Сил касаллиги - энг оғир ва даволаш мушкул бўлган касалликлардан бири. Лекин жаҳон тараққиётидаги изланишлар бундай фикрларни инкор этмоқда. Ҳозир беморларни текшириш қулай ва арзон бактериологик усулда, даволаш эса DOTS дастури асосида амалга ошириляпти.

Беморларни даволаш икки босқичда олиб борилади. Биринчи босқичда 2-3 ой шифохона шароитида силга қарши препаратлар билан тўлиқ даволанади. Иккинчи босқичда эса 4-5 ой давомида амбулатор шароитида бемор учун қулай ва яқин ҚВПларда давом эттирилади.

Шуни унутмаслик керакки, сил асосан ўпкани зарарлайди. Бемор йўталганда, аксирганда, гапирганда ва тупурганда ҳаво орқали микроб тарқалиб, соғлом одамга юқиши мумкин. Агар бемор даволаш курсини тўлиқ қабул қилиб, тартиб-қоидаларга амал қилса, касалликдан бутунлай фориғ бўлади. Яхши даволанмаса, бир умр ногиронликка ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин.

Касалланишда турли аломатлар кузатилади. Беморнинг ижтимоий фаолиятида сусайиш, кайфиятининг тушиб кетиши намоён бўлади. Бунга қуйидагилар таъсир кўрсатади:

Тана ҳарорати гоҳ-гоҳ кўтарилиб  туради.

Одам вазни сабабсиз равишда камаяди.

Одам, айниқса, тунда кўп терлайди.

Балғам ва қон тупуради.

Туберкулёзнинг сурункали кечишида бел соҳасида абцесс кузатилади.

Касаллик ўта юқумлилигидир. Бемор ўзидан сил таёқчасини ажратиб турса, йил давомида 10-12 нафар соғ­лом одамга юқтириши мумкин.

Ҳозирги кунда сил билан касалланган ҳар бир бемор ташҳиси аниқлангач, шифохонага дарҳол ётқизилади ва оила аъзоларига юқиб қолишининг олди олинади. Шунинг учун беморнинг оила аъзолари, албатта, фитизиатр кўригидан ўтиб, флюрографияга тушишлари керак. Касалликнинг бошланғич даврида шикоятлар бўлмаслиги мумкин. Агарда оилада болалар бўлса, улар ҳам текширилиши лозим ва махсус мактаб-интернатга юборилиши мақсадга мувофиқдир. Болалар учун Наманган шаҳрида Янгиобод силга қарши кураш санаторияси, Чуст туманидаги Ғова қишлоғида эса мактаб-интернат бор.

Туберкулёз микобактериясининг организмга (кириш йўллари) бирламчи мулоқот боғланишлари катта аҳамиятга эга. Касаллик тарқалиши қуйидагича фарқланади:

- ҳаво томчи йўли орқали;

- алиментар (овқат ҳазм қилиш тракти орқали);

- мулоқот орқали;

- ҳомилага юқиши;

Туберкулин - туберкулопротеидлардан бири. У касаллик микобактерияси билан зарарланишни аниқлашда амалиётда кенг қўлланилади.

Юқорида кўрсатилган шикоятлар билан келган беморлар ҚВП ва оилавий поликлиникаларда балғам намунаси топширишса, касалликни аниқлаш мумкин. Балғам намунасини текшириш марказий поликлиника ва диспансер лабораториясида бажарилади. Бу аҳоли учун қулай ва арзондир.

Агар нафас йўлларига кўп миқдорда туберкулёз микобактериялари - таёқчалар тушган бўлса, организм уларга қарши кураша олмаслиги мумкин. Бемор билан узоқ вақт мулоқотда бўлишга тўғри келса, организм ички имкониятлари чекланиб, касалликка қаршилик кўрсата олмайди. Бундан ташқари, микобактерияларнинг танада ривожланиб кетишига бошқа ҳолатлар ҳам туртки бўлиши мумкин. Булар:

- стресс - руҳий зўриқиш, жисмоний чарчаш;

- мунтазам спиртли ичимлик истеъмол қилиш;

- кам ва етарлича тўлиқ бўлмаган овқатланиш;

- организмнинг заиф (нимжон) бўлиб қолишига олиб келувчи касалликлар.

«Урогенитал сил» деган атама ҳам бор. Эркакларда бу касаллик учрашининг 50 фоизи жинсий аъзолар зарарланиши билан кузатилади. Аёлларда таносил аъзолари зарарланиши кам, яъни 5-10 фоиз.

Болалар ва қарияларда касалланиш камроқ. Буйраклар туберкулёзи билан кузатиладиган ўлим ҳолатлари 2-3 фоизни ташкил этади. Туберкулёз микобактериясининг гемотаген йўл орқали тарқалиши иккала буйракнинг ҳам зарарланишига олиб келади. Кейинчалик патологик ривожланиш бир томонлама кечади.

Буйракларда туберкулёз ривожланишида микобактериялар учун шароит яратувчи турли зарарланиш ҳолатлари: сурункали пиелонефрит, уродинамиканинг узилиши (буйракдаги тошлар, буйрак-тош касаллиги) сабаб бўлиши мумкин.

Демакки сил касаллиги - ўта жиддий ва юқумли. Касалликка эрта муддатларда ташҳис қўйилса, муолажа самарали бўлади. Унинг белгиларини сезган одам дарҳол шифокорга мурожаат қилиши зарур. Бу билан у сил касаллигининг олдини олишга, даволаниш осонлашуви ва муддати қисқаришига ўз ҳиссасини қўшган бўлади. Агар касалликдан истиҳола қилинса, аноним ҳолда балғам олиш, касаллик аниқланса, исм-шарифи сир сақланган ҳолда даволаш имкониятлари яратилган. "Касалликни даволашдан кўра,  олдини олган афзал", дейдилар. Барчага шу нақлга риоя этишни маслаҳат бераман. Аввало ҳеч ким бу дардга йўлиқмасин илоҳим.

Муҳаррам АҲМЕДОВА,

2-вилоят сил касалликлари шифохонаси бош врачи.