ФУСУНКОР ФАСЛ НАВРЎЗИ-ЛА ЯНАЯМ УЛУҒВОРДИР

Наврўз - умумбашарий аҳамиятга эга байрам. Унинг моҳиятида мужассам бўлган гуманистик ғоялар, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ер юзидаги барча пок ниятли инсонлар учун бирдек тушунарли ва қадрлидир. Шу сабабли Наврўз мустақиллик йилларида Ватанимизда истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари учун том маънода суюкли байрамга айланди.

Шавкат Миромонович МИРЗИЁЕВ.

 

Фасллар келинчаги саналган баҳорни, Наврўзи оламни азалдан яхши сифат ва фазилатлар билан зийнатлаймиз. Ҳамиша меҳр-муҳаббатга ҳамнафас Наврўзнинг туб моҳиятида одамлар қалбига шодумонлик, эзгулик бахш этиш мужассамдир.

Наврўз аслида форсча сўз бўлиб, "Янги кун" деган маънони англатади. У аждодларимиздан мерос бўлган халқимизнинг қадимий анъанавий янги йил байрамидир. Шамсий, яъни қуёш ҳисобидаги йилнинг биринчи куни бўлиб, баҳорги тун ва куннинг тенглигига, 21-22 мартга тўғри келади. Шамсий йил бўйича янги йил биринчи ой Ҳамалининг биринчи кунидан бошланади.

Наврўзнинг келиб чиқиши ҳақида эса турлича фикр, афсона, мифлар мавжуд. Зардуштийлар давридаги тушунчаларга қараганда, яхшилик худоси Хурмуз баҳор, ёзда, ёмонлик худоси Ахриман куз ва қишда ­ҳукмдорлик қилар эмиш. Баҳорнинг биринчи кунини яхшилик худоси ёмонлик худоси устидан ғолиб чиққан муқаддас сана деб уни байрам қилишган. Бу айнан Наврўз кунига тўғри келади.

Бошқа қадимий афсоналарга қараганда, Одамато ва Момоҳаво учрашган кун Наврўз байрами деб тан олинган.

Фирдавсийнинг "Шохнома"сида янги йил (Наврўз) вужудга келиши шох Жамшид номи билан бошланади. Жумладан, Жамшид ­юртга яхшилик қилиш мақсадида одамларни касбга ўргатади, темир эритиб қурол ясатади, ип йигиртириб кийим тўқитади, ҳаммом, уй, саройлар барпо этади, табиблик сирларини очади, боғ бунёд қилади. Ниҳоят, ишлари гуркираб, мева берганда тахт ясатиб, осмонга кўтарилади. Ана ўша кун Нав­рўз байрами сифатида нишонланган экан.

Алишер Навоийнинг "Тарихи мулки ажам" номли асарида Жамшиднинг буюк кашфиётлари сўнггида улуғ Наврўз ихтиро қилинганлиги баён этилган.

Наврўзнинг пайдо бўлиши ҳақидаги бу каби фикрларни турли нуқтаи назардан таҳлил қилиш мумкин. Унинг юзага келиши ҳар томонлама илмий асосланган коинот ва табиат қонуниятлари, яъни  Қуёшнинг Ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг вақт жиҳатидан баробар бўлиши, кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланишнинг бошланиши баҳорнинг келиши билан боғлиқ. Бу ҳар қандай жамиятда йил боши Наврўзни табиат байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлган.

Қадимдан йилбоши - Наврўзда эл-юрт йиғилиб, оммавий тартибда умумхалқ байрамини ўтказишган, ёши улуғ кишилар ерга биринчи уруғ қадаб, тажрибаларини ёшларга ўргатишган. Турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экишган. Деҳқончилик юмушлари бошлаб юборилган.

Тарихий манбааларга қараганда, Наврўзни байрам қилиб ўтказиш милоддан аввалги VI-V асрларга тўғри келади. Қадимда Наврўз олти кун давом этган. Унда турли ҳашарлар, оммавий ўйинлар, пойга мусобақалари, ­сайллар, кўнгилочар тадбирлар ўтказилган. Ота-оналардан, қариндош-уруғлардан хабар олинган, ёру биродарларникига меҳмонга борилган. Наврўз кунлари гина-кудуратлар унутилган, етим-есирлар ва ногиронларга ёрдам берилиб, марҳумларнинг қабрларини зиёрат қилиб, ободончилигу тозаликка эътибор қаратилган. Ширинликлар, сумалак, кўкатлардан сомса, чучвара каби турли таомлар пиширилган.

Наврўзни кўклам мўъжизаси - сумалаксиз тасаввур этиб бўлмайди. Сизу биз суйган сумалак қандай пайдо бўлган?

Айтишларича, қадим замонларда бир камбағал аёл яшаган экан. Унинг Ҳасан-Ҳусан исмли ўғиллари бўлиб, жуда ёш эканлар. Аёлнинг топган қишлиғига етиб, кўкламга чиқишибди-ю егуликка ҳеч нарсаси қолмабди. Ўзи-ку майли-я, икки норасиданинг қоринлари очиб, нон сўраб, зор-зор йиғлашибди. Она бечора нима қиларини билмай, далага чиқиб, ўтган йилги буғдойпоядан буғдой томирларини, эндигина ниш ура бошлаган ҳар хил ўт-ўланлардан териб келиб, яхшилаб ювибди-да, қозонга сув солиб, бояги даладан териб келган нарсаларини, супрасида қолган бир-икки каппа унни ҳам қўшиб, қозон остига олов ёқиб қайнатаверибди. Ковлаётганда овози чиқиб, билиниб турсин дея беш-олтита тошчаларниям қозонга ташлабди-да, чўмич билан айлантираверибди. Ҳар айлантирганда тошлар шарақлаб овоз чиқарар, буни эшитган Ҳасан билан Ҳусан "онамиз бизга овқат пиширяптилар", деб суюнишиб ўйнай бошлашибди. Тун ярмидан ўтганда, болалар ухлаб қолишибди. Она эса "Эй Худо, шу пишираётган овқатимга назар ташла. Икки норасиданинг ризқини ўзинг етказ, ширинлигини ато қилгин", деб Яратганга илтижо этибди. Тонгга яқин она ҳам ковлашдан чарчаб, қозоннинг қопқоғини ёпибди-да, ухлаб қолибди.

Эрталаб болаларининг шовқинидан уйғониб қараса, Ҳасан-Ҳусанлар қозонга қўлчаларини тиқиб, ниманидир ялашаётганмиш. Мўъжиза рўй берибди. Она ҳам қозондаги таомдан жимжалоғи билан ялаб кўрса, ширин нарса экан.

- Она, бу овқатнинг номи нима? - деб сўрашибди болалар.

- Болаларим, бу малойикаларнинг каромати билан пишди. Унинг оти сермалак, - дебди.

Бу сўз кейинчалик "сумалак" бўлиб ўзгариб кетган экан. Ҳозир ҳам пиру бадавлат отахону онахонларимиз сумалакни тотиб кўришдан аввал "Қани, Ҳасан-Ҳусаннинг таомидан ялайлик", деб аввал жимжалоқлари билан ялашади. Сумалак пишириш удуми ана шундан келиб чиққан экан.

Халқимиз томонидан Наврўзга бағишланган кўплаб турли шеърлар, қўшиқлар, ривоятлар ҳам яратилган.

Эрон, Ўрта Осиё, Афғонистонда Наврўз байрамини ўтказиш Аҳмонийлар даврида (мил.ав. VI аср) кенг тарқалганлигини инобатга олсак, "Янги кун" деб номланган бу байрамнинг тарихи йигирма олти аср ва ундан ҳам ортиқ вақтга эгадир.

Маҳмуд Қошғарий, Абу Бакр ибн Жаъфар Наршахий, Абу Райҳон Беруний каби улуғ алломалар ўз асарларида Наврўзи олам кенг нишонланганлигини баён этишган.

Умар Ҳайёмнинг "Наврўзнома" асарида бир жумла алоҳида пурҳикматлиги билан киши эътиборини тортади: "Кимки Наврўз куни байрам қилиб қувонса, кейинги Наврўзгача хурсанд бўлади ва фароғатда яшайди..."

Тарихий-бадиий асарларда Наврўз ҳафтанинг қайси кунига тўғри келиши ва фазилатига ҳам алоҳида урғу берилгани, айниқса, эътиборлидир. Жумладан, ибн Термизий таърифлаган ривоятларда шундай сўзларни ўқиймиз: "Агар Наврўзи олам душанба куни бўлса, Қамарға (Ой) тааллуқлидир. Ул йилда ҳам неъмат кенгрўлик бўлғай, қор ва ёмғир бисёр бўлғай ва яна заифларнинг (касал) аҳволи хўб (яхши) бўлур, аммо улуғлар, насибдорларға бисёр мансабдорлик бўлур, кунжуд ва зиғир мойи миёна бўлур".

Наврўз муносабати билан кенг дала-ю даштларда улоқ, кураш, чавандозлик бўйича турли мусобақаларнинг ўтказилиши, шаҳар ва қишлоқларда ясатилган саҳнада ўзига хос либосларда Деҳқонбобо, Наврўзой ва Баҳорой тимсолидаги ўғил ва қизларимизнинг томошаси, санъаткорларнинг байрам кон­цертларини кўриб, Наврўзга оид кўпдан-кўп маълумотлар хотирага келади.

Миллий мусиқа санъатида Наврўз номи билан аталувчи куйлар алоҳида ўрин тутади. Айниқса, ўн икки мақом тизимида Наврўз номи алоҳида эътиборга моликдир. Яъни, "Наврўзи ажам", "Наврўзи баётий", "Наврўзи араб", "Наврўзи бузруг", "Наврўзи хоро", "Наврўзи сабо" куйлари асрлар оша бетакрор жозибаси, оҳангги билан дилларга ором бахш этиб келаётир.

Мустақиллик шарофати билан эзгу умид, янгиланишу нафосат, аҳиллик айёми - ­Наврўз байрамининг нишонлана бошлангани маънавий ҳаётимиздаги тарихий воқеа бўлди. Ота-боболаримиздан мерос бу сана кенг миқёсда тантана қилиниши ҳар биримизни ҳақли равишда ғурурлантирмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида 21 март ­Халқаро Наврўз куни сифатида эътироф этилиб, махсус қарор қабул қилинган. 2009 йил 30 сентябрда эса Наврўз дунё халқларининг авайлаб-асраб келинаётган 76 та номоддий миллий-маданий бойликлари рўйхатига киритилган эди.

Дарҳақиқат, Наврўз, бу - баҳор байрами. Табиат уйғониши, янги мавсум бошланишини шоду ҳуррамлик билан кутиб олиш тантаналари бўлишидир. У табиат ва инсон ўртасидаги муносабатларни уйғунлаштирувчи, табиат гўзалликлари ва ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, инсон меҳнатини улуғлаш айёми сифатида қадр топган.

Юртимизда Наврўзга эътибор янада кучайиб, салоҳияти ошяпти. Президентимиз қарори билан у умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда.

Шундай фараҳли кунларда Яратгандан Ватанимиз равнақи йўлидаги меҳнатингизга барака ҳамда оилангиз аъзоларига бахт-саодат, сиҳат-саломатлик сўраймиз. Байрамингиз қутлуғ бўлсин!

Нур ЗИЁД,

журналист.