«ЖОЗИБА» ОҒУШИДА АКЦИЯ

Ўша куни 40-мактаб ҳудуди ва айниқса, ҳовлиси байрамона қиёфа касб этди. Мусиқа садолари баралла янграяпти. Одамлар гавжум, юзларида табассум. Дарвозадан киришингиз билан китоб ярмаркалари эътиборингизни тортади. Коллеж ва қўшни мактаблар кутубхоначилари, АРМ ходимлари ташкиллаган китоб кўргазмаларини ҳаяжон билан кузатаётганлар орасида ўқувчи ва ўқитувчилар қатори ота-оналар вакиллари ҳам бор. Нарироқда китоб савдоси ташкил этилибди. Энг сара, янги чоп этилган турли-туман адабиётларни харид қилиб олаётган кишиларга боқаркансиз, қалбингиз яйрайди. Сотувчининг қўли қўлига тегмайди-я...

 

Ҳовлида ўқувчилар саф тортиб туришибди.

Улар "Фарзандимга китоб совға қиламан" деб номланган маънавий-маърифий тадбирнинг тантанали маросимига жамланишган экан. Ўқувчи-ю ўқитувчиларнинг сўзлари беихтиёр китобни мадҳ этувчи шеърларга уланади. Буюк алломаларнинг китоб ва китоб мутолааси ҳақида айтган ҳикматли сўзлари тилга олинади. Буюк соҳибқиронимиз Амир Темур ўз даврида "Китоб барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир" деган экан. Муҳтарам Президентимиз Ш. М. Мирзиёевнинг "Фарзандларимизни китоб ўқишга ўргатиш билан бирга ўзимиз - ота-оналар ҳам китобга ошно бўлишни унутмаслигимиз керак" деган гаплари эса бугунги куннинг шиорига айланган.

Биз фарзандларига энг кўп китоб совға қилган ота-оналар билан қизиқдик. 7-синф ўқувчиси Фотима Ҳасанбоева жуда хурсанд. Негаки дадаси Азимжон Яминов унга 20 та китоб совға қилган экан. Шарифжон Қўшоқов 4-синфда ўқиётган қизи Шаҳодат Абдукаримовага 16 та энг сара китобни туҳфа этибди. Баҳодир Низомов билан Фахриддин Йўлдошевлар 1-синфда ўқиётган қизлари танлаган 9-10 та китобни харид қилиб беришгани маълум бўлди.

Энг кўп китоб совға қилган ота-оналар сифатида Фахриддин Йўлдошев, Баҳодир Камоловлар ҳам эътироф этилдилар.

Шунингдек, Абдурасул Нажмиддинов, Бахтиёр Қодиров, Ботиржон Ғаниев, Турсунали Ирисов, Муродилла Қирғизовларнинг исм-шарифлари ҳам ҳурмат билан тилга олинди.

Алоҳида ибрат кўрсатган ота-оналар туман халқ таълими бўлимининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар. Она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Одина Джакбарова уларга бағишлаб ёзган шеър гулдурос давомли қарсаклар билан олқишланди. 9-синф ўқувчиси Гулшаной Аҳмадалиева унинг шогирди экан. Шогирд ҳам бўш келмади. Устозига жавобан ёзган энг янги шеърларидан ўқиб берди. Айтганча, ҳозирда ёш шоира Гулшанойнинг ­шеърлари жамланган китобни нашрга тайёрланмоқда. Бу билан туманимиз маънавий хазинаси, мактабнинг кутубхонаси янада бойийди.

Акция баҳонасида туман, вилоят миқёсидаги турли мусобақаларда ғолибликка эришган ўқувчиларга диплом, фахрий ёрлиқлар билан бирга китоб совғалари ҳам тантанали равишда топширилди.

Акциянинг кўтаринкилиги, давранинг файзини таъминлашда Маданият маҳалласида фаолият юритаётган "Жозиба" гуруҳининг ўрни катта бўлганлигини таъкидлаш жоиз. Англадикки, қишлоқдан Абдуллажон ота Мамадалиев, Абдулҳамид ака Маматқулов сингари соз ва сўз усталари етишиб чиққан. Туманимизда биринчи бўлиб 60-йилларда шу қишлоқда "Ором" дастаси тузилган. У республика миқёсидаги санъат фестивалларида қатнашиб, туманимиз довруғини таратгани нуронийларимизгагина яхши маълум.

Бугун ҳофиз Абдуллажон ота Мамадалиев ва шоир Абдулҳамид ака Маматқуловнинг издошлари талайгина. Алижон ака Мамадалиев ана шулардан бири эди. Афсуски умри қисқа экан. Жойи жаннатдан бўлсин илоҳим. Унинг фаолиятини ўғли ҳамда Валижон ака Мамадалиевнинг Зойирбек, Диёрбек, Баҳромжон каби ўғиллари давом эттиришаётганини эшитиб, ниҳоятда қувондик. Улар ҳам Алижон аканинг умидли шогирдларидир.

Бу фикрларни айтишдан муддао акция рисоладагидек ўтишида улар ижросида таралган мусиқа, куйланган қўшиқларнинг аҳамияти беқиёс бўлганлигини эътироф этмоқдир. Шу куни ота-оналар томонидан фарзандларига мингтага яқин китоб туҳфа қилинибди.

Сўзга чиққан мактаб директори Баҳодир Қодиралиев акциядан кўзда тутилган мақсадга эришилганини таъкидлаб, бунга муносиб ҳисса қўшган ҳамкасбларига, ота-оналар ҳамда "Жозиба" жамоасига чексиз миннатдорчилигини изҳор этди. Тадбирни ўзи ёзган шеър билан якунладики, акция ҳақидаги фикрларимизга директорнинг ана шу ашъори билан хулоса ясамоқни жоиз билдим. Шояд қуйида ёритилаётган бу шеър бошқа ота-оналарни ҳам руҳлантирса:

Фарзанд - бойлик, дуру гавҳар,

Яхши фарзанд бўлса у гар.

Отангизга раҳмат олинг,

Болангизга китоб олинг!

Маҳаллада ким бой деса,

Фарзанди кўп киши бўлар.

Раҳмат олган фарзандлардан

Ота-она кўнгли тўлар.

Мактаб - қутлуғ даргоҳ эрур,

Тарбияга зиё берур.

Яхшилардан ибрат олинг,

Болангизга китоб олинг.

Жаннатмакон юрт фарзанди,

Юртбошимнинг ҳур дилбанди.

Ота-она учун олинг,

Эзгу ишлар раҳматини.

Фарзанд кўрки тарбиядир,

Ул китобдан зиё олур.

Зиё инган заминларда

Эзгу ишдан излар қолур.

Бу ҳикматдан ибрат олинг,

Болангизга китоб олинг!

Нур ЗИЁД,

журналист.