«HUMO ARENA» ҲАМ КЎРК, ҲАМ ФАХРДИР

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимиз марказида 9 гектар майдонни эгаллаган афсонавий қуш тимсолида барпо этилган «Нumo Arena» муз саройи хал­қимиз бунёдкорлик салоҳиятининг яна бир ёрқин ифодасига айланди.

 

Оммавий ахборот воситалари ҳамда телевизор орқали 2017 йил 3 февраль куни қурилиш ишлари бошланиб, икки йил давомида «Wind Rose» компанияси томонидан амалга оширилган «Нumo Arena»нинг очилиш маросими кенг ёритилди. Муҳтарам Президентимизнинг қурувчиларга билдирган миннатдорчилик сўзларини тинглаб, қалбим фахру ғурурга тўлди. Қувончим бевосита маросимда қатнашаётган кишиларникига нисбатан ҳам чексиз эди.

Лойиҳа оператори «Wind Rose» компанияси, айни пайтда буюртмачи ҳам экан. Объект­нинг қурилишига сарфланган маблағ 175 миллион еврога баҳоланаётганлигини таъкидлади «Enter Engineering» компанияси ижрочи директори Шоҳрухмирзо Сатторов.

Айтишларича, «Humo Arena»ни нафақат спорт мажмуаси эмас, балки маданий-оммавий тадбирлар ўтказиш мажмуаси сифатида тақдим этиш билан ҳам «Wind Rose» ўзбек компанияси шуғулланади. Фақатгина профессионал спортчиларнинг аренаси бўлиб қолмайди. У аҳоли ўртасида қишки спорт турларига қизиқишни юксалтириш воситаси ҳам бўлади.

Россиянинг таниқли фахрий хоккейчилари шундай гапирдиларки, эшитган ҳар қандай одамнинг кўзида севинч ёшлари балқиган бўлса ажабмас. Фахрий ва таниқли спортчилар қаторида уларнинг ворислари спорт турлари бўйича шоу ҳамда турли санъат намуналарини намойиш этдилар. Фахрий ва ёш хоккейчилар ўртасида беллашув ҳам ўтказилди. Унда дўстлик ғалаба қозонди.

Дарвоқе, бахт ва баҳор айёми ҳисобланган Наврўз байрами тантаналари ҳам «Нumo Arena» мажмуасида ўтказилганлиги ҳар қандай юртдошимизнинг қалбини жўш урдирганига аминман. Негаки иншоотнинг имкониятлари чексиздир. Унда 12 минг 500 ўринли кўп тармоқли муз аренаси, 200 ўринли машғулотлар майдони, тренажёр зали, спорт музейи, фитнес-марказ, тиббиёт хоналари, қўйингки, ҳамма шароит яратилган экан. Бунга фақат ҳавас қилишгина мумкин. Давлатимиз раҳбари бундай мажмуа ва марказлар келгусида юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам барпо этилишини билдирдилар. Бу хушхабар, табиийки, барча Ўзбекистон фуқароларини жудаям қувонтирди. Бундай улкан қурилишлар, мажмуалар ким учун қилиняпти? Шубҳасиз, халқимиз учун, ёшлар учун, келажак авлод учун!

Ишончим комилки, пойтахтимизга узукка кўз қўйгандек ярашиқли бу муҳташам иншоот Ўзбекистонимизнинг ҳар қанча фахрлансак арзигулик кошоналаридан бири бўлиб, фақат тинчлик ва эзгуликка хизмат қилади.

Маъруфжон МАҲМУДОВ,

II-даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳиби, спорт фахрийси.