АССАЛОМ, НАВРЎЗ!

Туманимиз аҳли Наврўз байрамини шоду ҳуррамлик билан нишонладилар. Деярли барча маҳалла фуқаролар йиғинларида, ташкилоту муассасаларда айём муносабати билан оммавий тадбирлар ташкил қилинди. "Дўстлик" маданият ва истироҳат боғи - мингбулоқликларнинг тантаналар ўтказиладиган асосий маскани. Наврўзни нишонлаш учун туман ҳокимлиги тасдиқлаган тадбирлар режасига мувофиқ катта тайёргарлик ишлари қилинди.

 

Сайлга тумонат одам йиғилди. "Юлдуз" ашула ва рақс халқ дастасининг Илҳомжон Мелиқўзиев, Умиджон Рустамов, Абдураҳмон Дадабоев, Дилшодбек Ихволов сингари ҳофизлари байрам концертини аввалдан бошлаб юборгандилар. Улар сафига мамлакатимизда таниқли бўлган Шаҳло Рустамова, Машҳура Эргашева, Ҳасан ва Ҳусан Ботиров каби артислар ҳам қўшилишди. Меҳмонлар ижросидаги дилбар, дилтортар қўшиқлар одамлар кайфиятини тоғдек кўтарди. Ҳамма яйради.

- Биз мактаблару болалар боғчалари тайёрлаган байрам кўргазмалари билан атрофлича танишиб, уларга баҳо бердик, - дейди туман таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси раиси Абдурашид Якубов. - 7 ва 19-мактабгача таълим муассасалари ҳамда 41 ва 43-мактаб жамоаларининг ташкилотчиликларига гап йўқ. Халқимизнинг миллий қадриятларига, Наврўз мавзусига алоҳида эътибор қаратишибди. Катта раҳмат!

Спорт мусобақалари, халқ миллий ўйинлари қизигандан-қизиди. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга борилди. Қария ва беморлар йўқланди. Уларни байрам билан табрикланиб, совға-саломлар берилди.  Хайрия тадбирлари ўтказилди.

Юртимизга Наврўз таърифлаб бўлмас шукуҳ билан кириб келди. Истагимиз шуки, байрам муносабати билан қилинган тилак ва дуолар ижобатини кўрмоқлик барчамизга насиб этсин!

Нур ЗИЁД,

журналист.