МУАММО ЖОЙИДА ҲАЛ ЭТИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январда қабул қилинган "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони қабул қилинганлигидан хабардорсиз.

Бинобарин, Халқ қабулхоналари давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш ва мурожаатларнинг кўриб чиқилишини таъминлашда ўзига хос самарали механи­змга айланди. 

 

Ўтган икки йил мобайнида Президент номига 2,5 миллионтадан ортиқ мурожаат келиб тушганлигига қарамай, республика ишчи гуруҳи томонидан уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш натижасида қўшимча 1,1 миллионтадан ортиқ муаммо аниқланган. Бу эса жойларда ечимини кутаётган масалалар кўплигини, айримлари ўрта ва қуйи бўғиндаги  турли хил ташкилотлар даражасида ҳал этилмаётганлигини кўрсатади.

2019 йил 1 февралдан Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими билан бир қаторда, муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишни, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашни назарда тутувчи янги тизим жорий қилинди.

Халқ қабулхоналари эндиликда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлайди ҳамда ҳал қилинишини таъминлайди. Жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ташкилотларни жалб қилган ҳолда ҳудудлардаги ижтимоий муҳитни ўрганиш, аҳоли муаммоларини ҳал қилишда очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш чораларини кўради.

"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган аҳоли пунктлари рўйхати Халқ қабулхоналари билан келишилган ҳолда шакллантирилади.

Халқ қабулхоналарига ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш, оммавий ва сайёр қабуллар ўтказиш тизимини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш борасида қўшимча вазифалар юклатилди. Халқ қабулхоналарига қўшимча ҳуқуқлар берилди. Жумладан, секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятини тизимли ўрганади, кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади, секторлар фаолиятини баҳолашда иштирок этади.

2019 йил 1 июлга қадар барча давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг вилоят бўлинмалари веб-сайтлари, 2020 йил 1 январгача туман (шаҳар) бўлинмалари веб-сайтлари ташкил қилинади. Бу билан фуқароларнинг ҳар бир давлат органи ҳудудий бўлинмаларига бевосита электрон мурожаат қилиш имконияти яратилади демакдир.

Нодирбек Раҳимов,

туман адлия бўлими бош