ЧЕГАРАНИНГ ЎЗ ТАЛАБИ БОР

Фуқароларимизнинг хорижга чиқиб келишлари учун мамлакатимизда барча шароитлар яратилган. Бу борада қатор қонунлар қабул қилинганки, у республикамиз фуқароларининг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилади. Қонунларга риоя қилган шахс ўз нав­батида, албатта, адашмайди, ютқазмайди, фақат фойда кўради, холос. 1999 йилда "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди. Унда чегараларимиз дахлсизлиги, қонунга хилоф равишда чегарани бузиб ўтиш жиноят эканлиги белгилаб қўйилган.

 

 1984 йилда туғилган Жамолиддин Алимов (исм-шарфлар шартли) қонун ҳужжатларига зид иш тутади. 2017 йил май ойидан декабрга қадар Қозоғистон Республикаси Олма-ота шаҳрида қурилиш ишлари билан шуғулланади. Бу ерда ўзига тегишли бўлган фуқаролик паспортини йўқотиб қўяди. "Энди нима қилиш керак?" дея бош қотирган Жамолиддин қонунда белгиланган тартиб бўйича юртга қайтишни эмас, балки ноқонуий ҳолда айланма йўллар орқали кириб келишни режалаштирган. Ўз режасини амалга ошириш мақсадида танишлар ахтаради. Қозоқ миллатига мансуб, чет эллик фуқаро билан тил бириктиради. У ҳам пул эвазига айланма йўллар орқали Жамолиддинни юртимизга кузатиб қўяди.

Ж. Алимовнинг ушбу ҳуқуқбузарлиги тез ошкор бўлади. Суд мажлисида унинг қилмиши  атрофлича кўриб чиқилиб, жиноятига яраша жазосини олди.

Тўғри, у қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтди. Лекин кеч эди. Бундан асло наф йўқ.

Чегарамиз муқаддас, дахлсиздир. Ҳеч қачон ноқонуний йўллар билан четга чиқиб, ўғрилардек пусиб кириб келмаслик керак. Чегара назорат ­постларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтиб келган ҳар бир фуқаро тинчликни асрашга ҳисса қўшган бўлади. Айланма йўллар билан нафақат ҳуқуқбузарлар, ғаламислар, ватанфурушлар кириб келиши мумкин. Бундан огоҳ, ҳушёр бўлайлик!

Бобиржон ЭРГАШЕВ,

Жиноят ишлари бўйича

туман суди раиси.