ҲОМИЙЛАРДАН БЕҒАРАЗ ҲИММАТ КИТОБСЕВАР ЎҚУВЧИЛАР РУҲИЯТИНИ ЯНАЯМ ОШИРМОҚДА

Ҳар қандай муносиб рағбат ёши, касби ва умуман кимлигидан қатъий назар одамга маънавий руҳ, ғайрат-шижоат бағишлайди. Республика кўрик-танлови ғолиблигига эришган китобхон ўқувчиларни Президентимиз томонидан «Spark» автомобиллари билан мукофотланиш бошланганидан буён кутубхоналару китоб дўконлари ҳар қачонгидан гавжумлашганига гувоҳ бўлаётгандирсиз? Китобхонлар сафи муттасил кенгаяётганлиги, уларнинг аксарияти ёшлар эканлигидан фахр-ифтихор туясан одам. Ўқувчи ва талабалар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган маънавий-маърифий, оммавий тадбирлар ўтказишга эътибор ортганлиги, кутубхоналару болаларга китоб туҳфа қилаётган ота-оналар ва ҳомийларнинг беғараз ҳимматлари ҳам таҳсинга лойиқдир.

 

«Ўзгариш» маиший хизмат касб-ҳунар коллежида ана шу фикрларимиз тасдиғини кўрдик. 2019 йил коллежда «Энг яхши китобхон ўқувчи» кўрик-танловини ўтказиш бўйича директор А. Раҳимов имзо чеккан 1-сонли буйруқ билан бошлангани ҳам бежиз эмас. 4 январда имзоланган ана шу ҳужжатга мувофиқ директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ф. Арипов, бошланғич касаба уюшма раиси Н. Исоқов, Ёшлар етакчиси Н. Мамарасулов, ота-оналар кенгаши ва АРМ жамоаси тараддудни бошлаб юбордилар.

Танловнинг низоми ишлаб чиқилди. Мақсад – ўқувчи ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, маънавий савиясини юксалтириш, ташаббусларини рағбатлантириш, истеъдодларини намойиш этишларига кўмаклашиш, соғлом ижтимоий муҳитни яратиш. Китобхонликни ривожлантириш туфайли ёшларнинг Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги тушунча, билиму кўникмалари шаклланиши бор гап. Бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш орқали эса ўқувчиларнинг турли хил ақидапарастлик ва зарарли оқимлар таъсирларига тушиб қолишларининг олди олинади.

Тадбир миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналари, адиблар ижодини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, ижодкор, истеъдодли, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, ўз ақл-заковатларини намоён этишларига кўмаклашишга ҳам хизмат қилиши назарда тутилган.

Танлов шартларига кўра, барча гуруҳларда 3 та шарт асосида беллашувлар ташкилланди. Унда ғолибликка эришган 10 нафар ўқувчи коллеж босқичида мусобақалашишни давом эттирди.

«Наманганни энг яхши китобхон вилоятга айлантирамиз!» Президентимиз шу йил 28 февраль – 1 март кунлари вилоятимизга ташрифлари чоғида айтган бу гаплари танловнинг бош шиорига айлангани диққатга сазавор. Туман ҳокими ўринбосари Ф. Йўлдошев ва сўзга чиққан бошқа меҳмонлар бу мавзуга батафсил тўхталдилар.

Иштирокчилар «Шеърият», «Ижтимоий-сиёсий соҳа билимдони», «Бадиий китоблар билимдони» шартлари бўйича мукаммал тайёргарлик кўрганликлари табиий эди. Ахир таъсис этилган мукофотлар ғолибларни беҳад қувонтирадиган даражада ҳозирланган. Биринчи ўрин учун 1-даражали диплом, фахрий ёрлиқ, ноутбоок, 300 минг сўмлик китоб. Иккинчи ўрин соҳиби учун 2-даражали диплом, Redmi 6A русумли уяли алоқа телефон аппарати, 200 минг сўмлик китоб. Учинчи ўринни эгаллаган ўқувчига эса 3-даражали диплом, фахрий ёрлиқ, Artel P5 русумли уяли алоқа телефон аппарати ва 100 минг сўмлик китоб. Бошқа иштирокчиларга эса фахрий ёрлиқ билан бирга 59 минг сўмликдан иборат китоблар тўплами.

Мукофотлар туман давлат солиқ инспекцияси (Атҳамжон Эргашев), «Олтин замин маликаси» хусусий корхонаси (Баҳодир Жаминов), «The King education consalting» МЧЖ (Турсунали Кўшманов) ҳамда коллеж дирекцияси билан касаба уюшма қўмитаси ҳомийлигида тайёрланганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ҳақиқий китоб ихлосмандлари сифатида кўзга кўринган фахрий ва қўшни мактабларда фаолият юритаётган таниқли она тили ва адабиёти фани ўқитувчиларидан иборат ҳакамлар иштирокчиларнинг чиқишларини холисона баҳолиб бордилар.

Беллашувнинг биринчи шарти ижросидаёқ ёш китобхонларнинг бири-биридан билимдон эканлигини ҳис эта бошладик. Кейинги шартлар ижроси янаям ҳаяжонли кечди. Болалар З. М. Бобур, Чўлпон, Ғ. Ғулом, А. Қодирий, А. Қаҳҳор, Э. Воҳидов, Ў. Ҳошимов. П. Қодиров, Ч. Айтматов, Х. Тўхтабоев, Б. Аҳмедов, Т. Мурод каби адибларнинг тавсия этилган асарларини мутолаа этиб, улар бўйича шахсий фикр-мулоҳазаларини ҳам тўлақонли баён этганликлари барчага манзур бўлди. Айни пайтда Ҳ. Олимжон, А. Орипов, М. Юсуф, С. Саййид, Х. Даврон, И. Мирзо шеърларини маромига етказиб ўқидилар.

Ҳакамлар ҳайъати учун ғолибларни аниқлаш осон бўлмагани сабаби шундан. Лекин энг иқтидорли китобхонларни саралаш, ўринларни муносибларга бериш учун якдил қарорга келинди.

Нигора Набижонова, «Тикувчи-27» гуруҳи ўқувчиси. Танлаган касбига ўта ҳавасманд. Билимга чанқоқ. Тил ўрганишга иштиёқманд. Коллежда муносиб мавқега эга.

Маҳлиё Йўлдошалиевага эса «Электроника-1» гуруҳидагина эмас коллежда оқила ва зукколикда тенг келадиган тенгқурлари бўлмаса керак. Китобни ўзига ҳақиқий ҳамроҳ деб биладиган оқила қиз.

«Электроника-3» гуруҳи ўқувчиси Дилноза Абдураҳимовага коллежнинг фахри, келгусида НамДунинг инглиз тили факультети талабаси бўлишдек юксак орзулар йўлида тинимсиз курашаётган билимга чанқоқ, ҳақиқий китобсевар дея таъриф берилганди.

Танлов мобайнида коллеж педагоглари уларга нисбатан билдирган фикрлар нақадар тўғрилигига амин бўлдик. Гуруҳдошлари ўртасидаги танловда ғолибликлари ҳақиқий эканлигини исботлашди. Уларнинг 2-шартда ҳам ғолибликни қўлга киритганликлари эълон қилинганида, атаб қўйилган мукофотлар тантанали равишда топширилаётганидаги давомли гулдурос қарсаклар, беҳисоб олқишлар шулардан далолатдир.

Айтганча, Гулнора Аҳматалиева, Мастура Ҳамитова, Нозима Тўйчиева, Хуршида Тожиаҳмедова, Шерзод Тўхтасинов, Обиджон Юнусов, Дилшод Маматалиевлар ҳам фахрли ўринларга муносиб эдилар. Улар эътиборсиз қолдирилмади, билимдонликларига яраша сийландилар. Танловда қатнашиб, беллашишнинг ўзи катта шараф аслида.

Танлов низомида ғолибларни тақдирлаш учун фахрий ёрлиқлар, ҳамда 600 минг сўм пул ва эсдалик совғалари берилиши белгиланган эди. Лекин китобхонлик бўйича бугунги руҳ, бугунги иштиёқ сабаб ҳомийлар мадади билан ғолибларга 10 миллион сўмликдан зиёд мукофотлар берилганлиги ота-оналар фарзандларининг китобга меҳр-муҳаббатларини ҳар қачонгиданда юксалтириш ҳаракатига тушиб қолганликлари тасдиғидир. Буни фақат олқишлаш керак.

- Ҳомийларимизнинг мукофотлари ўқувчиларимизнинг китоб ва китоб мутолаасига қизиқишларини янаям оширишга руҳлантириб юборди, - дейди коллеж директори Абдусаттор Раҳимов. - Қолаверса, ҳудудимиздаги бошқа тадбиркор ҳамда фермерларимиз ҳам ҳиммат кўрсатиш таклифлари билан бизга мурожаат қилишмоқда. Ота-оналар фарзандларининг китобсеварлар сафидан ўрин олишларига қизиқишлари тубдан ошаётганлиги эса бизни янада мамнун этяпти.

Зеро, буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур ўз давридаёқ «Китоб барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир» деган эдилар. Чиндан ҳам китоб – билим булоғи. Ундан баҳра олмаган инсон жоҳилликка юз тутади. У ҳар қандай тубанликка қўл уриши, инсонийликни, виждонини арзимаган нарсага сотиб юбориши мумкин. Жамиятда китобхонлик қай даражада кенг оммалашган бўлса, зиёли аҳли шунчалик кўп бўлади. Ўз навбатида бу жойда умуминсоний қадриятлар барқарор турмуш тарзига айланади.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши ижроси доирасида ўтказилган «Энг яхши китобхон ўқувчи» танловида ана шу фикрлар тантанавор жаранглади. Нигора Набижонова, Маҳлиё Йўлдошалиева, Дилноза Абдураҳимоваларнинг юз-кўзларида, тафаккурларида муҳтарам Президентимиз Ш. М. Мирзиёев айтган қуйидаги сўзлар зоҳир эди: «Китобсиз келажак йўқ!».

Нур ЗИЁД,

журналист.