«ОММАВИЙ МАДАНИЯТ» МЕНТАЛИТЕТИМИЗГА, МИЛЛАТИМИЗГА УМУМАН ЁТДИР

Шиддат билан ривожланиб бораётган бир даврда ёшларимизни "ахборот хуружи" ва "оммавий маданият" сингари таъсирлардан ҳимоя қилиш барчамиз учун масъулиятли вазифадир.

 

"Оммавий маданият" деган ниқоб остидаги ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписанд муносабатда бўлиш, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар борки, одамни ташвишга солмай қўймайди. Жумладан, ахлоқий бузуқликнинг кўринишларидан бўлган аёлларнинг тамаки маҳсулотларини чекиши, спирт­ли ичимликларни ичиши, ҳаддан ташқари тор ва очиқ либосларни кийиши, баданига турли татуировкалар чизиши ва шу каби жиҳатлар борки, кўнгилни хира қилади.

Ёш йигит-қизларни жисмонан етук ва ақлан баркамол авлод этиб тарбиялаш масаласи кўндаланг турган бир пайтда кўча-кўйда хотин-қизларимизнинг сигарета чекиб турган ҳолатларини қандай баҳолаш мумкин?! Ажабланарлиси, ана шундай аёллар учун сигарета чекиш ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиш,  бу - "замонавий маданият"нинг бир тури. Уларнинг назарида татуировка ҳам шулар жумласидан. Татуировка - тери остига ранг юбориб, турли хил шакл ва нақшлар чизиш.  Татуировка қилдириш авваллари маҳбусларга хос одат эди. Ҳозир эса ёшларнинг севимли "маданият"ига айланаётгани ачинарли.

Тарихий китобларда ёзилишича, татуировканинг қадимий кўринишлари ибтидоий жамоа тузуми даврида қабилалар орасида вужудга келган. Аввалига бир қабила аъзоларини бош­қа бир қабиладан ажратиб кўрсатиш учун қўлланилган белги, кейинчалик тарихда ашаддий жиноятчилар учун жазо воситасига айланган. Аммо қайси манбаани қидирманг, халқимиз ўтмишида татуировка тўғрисида бирор маълумот топилмайди. Унга нисбатан бегоналик кайфияти ҳам ана шундан, десак муболаға эмас.

Баданга турли хил шаклларни чизиш ва чиздириш динимизда ҳам қораланади. На ўзлигимизга ва на динимизга тўғри келадиган, иймонимиз, жисмимизга зарар келтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бундай манфур амалдан биз ўзимизни ва бошқаларни асрамоғимиз лозим.

Яна бир ачинарли ҳолат эса юқорида таъкидланганидек, қизларимизнинг тор ва очиқ-сочиқ либосларда юриши. Бундай ҳолатни илгари бошқа миллат вакилларида  учратар эдик. Ҳозир ўзбек қизларимизни, қолаверса, катта ёшли аёлларимизни ҳам шундай ки­йимда кўриш одат тусига айланиб бормокда.

"Қуш уясида кўрганини қилади", қолаверса, ибрат маърифати деган тушунча бор. Демак, ҳар бир мурғак қалб катта авлоддан ўрнак олиб камол топади.

Бола тарбиясида нафақат оиланинг роли, балки таълим масканларининг ҳам аҳамияти катта. Айрим ўқитувчиларимиз борки, болаларимизни миллий-маънавий руҳда тарбиялаш ўрнига "оммавий маданият" бобида намуна бўлмоқдалар. Баъзи ўқитувчиларимизнинг (улар ҳам кимнингдир қизи, опаси, синглиси, онаси ёки суюкли рафиқаси) кийган кийимлари шунчалик юпқаки, улардан одам анатомияси дарсларида кўргазмали восита сифатида фойдаланиш ҳам мумкин. Агар миллатимиз вакилларининг аксарияти ана шу одатни касб қилиб олса, бизда миллий маънавият ва маданият деган тушунчалар қаёқда қолади? Аёллардаги ор-номус, ибо ва ҳаё, шарм ва иффат, назокат ва нафосатнинг аҳамияти-чи? Бизнинг миллий ўзлигимиз ана шу қадриятларда мужассам эмасми? Ахир маънавиятсиз ва ахлоқсиз бўлган одам қандай қилиб фарзандларига тўғри тарбия бера олиши мумкин?

Қолаверса, бундай кишиларда на ватанпарварлик, на комиллик ва на миллатпарварлик руҳи бўлади. Аксинча, улар "замонавий маданият" ва ахлоқсизликни тарғиб қилишади ҳамда қўллаб-қувватлашади.

Ёш авлодимизни турли маънавий тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳақида гапирганда, нафақат халқимизни улуғлайдиган буюк хусусиятлар, айни пайтда унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатган, эски замонлардан қолиб келаётган номаъқул одатлар ҳақида ҳам очиқ сўз юритишимиз зарур. Биринчи навбатда худбинлик ва лоқайдлик, қариндош-уруғчилик ва маҳаллийчилик, коррупция ва манфаатпарастлик, бошқаларни менсимаслик каби иллатлардан жамиятимизни бутунлай халос этиш тўғрисида ўйлашимиз тақазо этилади.

Глобаллашув даврида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бирга ҳимоя қилишни ҳам асосий ўринга қўйишимиз керак. Бунда, албатта, оила ва ота-она ўз фарзандини доимий назорат қилиб бориши лозим.

Зеро, ёшларни маънавий-ахлоқий таҳдидлардан ҳимоя қилиш оила, жамият ва давлат тинчлиги ҳамда фаровонлигининг асосий омилидир. Буни зинҳор унутмайлик.

Сабохон ИСМАДИЁРОВА,

17-мактаб директори,

туман Кенгаши депутати.