ОҚСОҚОЛЛАР САЙЛОВИ ЯҚИН

2018 йилнинг 15 октябрида Президент томонидан "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги Қонун имзоланган эди. Бундан мақсад шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги, овуллардаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

Сайловда фуқароларнинг иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Фуқароларни сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилишга ҳеч ким ҳақли эмас. Сайлов ҳуқуқига сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек, шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар эга бўлади. Сайловда фуқароларнинг иштирок этиш ҳуқуқларини бирон-бир чеклаш тақиқланади. Раис уч йилга сайланади.

Сайловни ўтказиш муддатлари сайлов бошланишидан камида икки ой олдин Сенат Кенгаши томонидан белгиланади. Бу галги сайлови май ойида ўтказилади.

Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар комиссиялари тузилади. Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун фуқаролар йиғини қарори билан ишчи гуруҳ тузилади.

Ишчи гуруҳ фуқаролар йиғини ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилайди ҳамда уни ўтказишдан камида беш кун олдин бу ҳақда тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларни хабардор қилади. Ховлилар, уйлар, кўчалар аҳолисининг фуқаролар вакиллари сайлови бўйича умумий йиғилишларини ташкил этади ва ўтказади. Фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар бў­йича таклифларни тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда тайёрлайди.

Сайлов ҳақидаги барча маълумотлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг расмий

веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштирилиши шарт.

Раис лавозимига номзодлар фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан шакллантирилади. Ишчи гуруҳ номзодларга доир ҳужжатларни тайёрлайди ва ҳоким билан келишиш учун сайловдан камида ўн кун олдин тақдим этади. Ҳоким номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади ва ўзининг хулосаларини кейинчалик ишчи гуруҳларга топшириш учун комиссияларга юборади. Ишчи гуруҳ номзодлар ҳақидаги ахборотни сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга осиб қўяди.

Номзодлар Ўзбекистон фуқаролари бўлиши лозим. Қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига эга, шунингдек, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс­лар, шунингдек, суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.

Сайловни ўтказиш учун ишчи гуруҳнинг раҳбари раислигида фуқаролар йиғини чақирилади. Фуқаролар йиғини кун тартибига, қоида тариқасида, саноқ комиссиясини, фуқаролар йиғини раисини сайлаш масалалари киритилади.

Сайлов бўйича овоз бериш натижаларини аниқлаш учун фуқаролар йиғини томонидан камида уч кишидан иборат таркибда саноқ комиссияси сайланади.

Раислик қилувчи фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларни эълон қилади. Шундан сўнг номзодларнинг ҳар бирига сўз берилади.

Номзодларнинг маърузаси алифбо тартибида ўтказилиб, номзодлар ўзининг келгуси фаолияти дастурини эълон қилади.

Сайлов яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Овоз беришда сайлов бюллетенлари саноқ комиссияси томонидан берилади. Бюллетенга номзодларнинг фамилияси, исми, отасининг исми алифбо тартибида киритилади.

Бюллетень яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдирилади. Овоз берувчи бюллетеннинг ўнг томонида ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси қаршисида жойлашган бўш катакка «Қ», «» ёхуд «х» белгисини қўяди. Овоз берувчи тўлдирилган бюллетенни сайлов қутисига ташлайди.

Сайлов қутилари овоз бериш тугаганидан кейин саноқ комиссияси томонидан очилади. Овозлар саноқ комиссияси томонидан ҳар бир номзод бўйича санаб чиқилади.

Овозларни санаш натижалари бўйича саноқ комиссияси томонидан баённома тузилади ва баённома саноқ комиссиясининг раиси ҳамда аъзолари томонидан имзоланади. Баённома саноқ комиссиясининг раиси томонидан ўқиб эшиттирилади ва фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланади.

Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Фуқаролар йиғини сайлов якунлари бўйича қарор қабул қилади, бу қарор фуқаролар йиғинида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади.

Сайловда фуқаролар йиғинида иштирок этувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ярмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади.

Сайлов давомида ёки овозларни санаб чиқишда йўл қўйилган ва овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар туфайли сайлов суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Номзоддан биронтаси ҳам сайланмаган бўлса, фуқаролар йиғини энг кўп овоз олган икки номзод бўйича такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Такрорий овоз беришда бошқа номзодга нисбатан кўпроқ овоз олган номзод фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайланган ҳисобланади.

Қуйидаги ҳолатларда такрорий сайлов ўтказилади:

аввалги сайлов ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;

такрорий овоз бериш фуқаролар йиғини раиси сайланганлигини аниқлаш имконини бермаса;

номзодларнинг биронтаси ҳам сайланмаган бўлса.

Фуқаролар сайлов натижалари бў­йича қарор устидан судга шикоят қилиши мумкин.

Сайлови натижалари бўйича фуқаролар йиғини бир ой ичида фуқаролар йиғини кенгашини шакллантиради, фуқаролар йиғини раисининг маслаҳатчиларини, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларни ва тафтиш комиссиясини сайлайди.

Нодирбек РАҲИМОВ,

туман адлия бўлими

бош маслаҳатчиси.