МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ – МИЛЛИЙ МАНФААТЛАР ҲИМОЯСИДА

Президентимизнинг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2018 йил 24 дека­брдаги қарори туманимизда қандай ижро этилмоқда?

 

Қарорда 2019 йил 1 январдан эътиборан давлат органлари, ташкилотлар ва жамоатчилик тузилмаларининг фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш тегишли идоралар зиммасига юклатилган. Унга асосан вилоятимизга Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлиги бириктирилган.

Яқинда қўмондонликдан профессор М. Рустамбоев раҳбарлигидаги О. Турғунов, У. Бўтаев каби етук мутахассислардан иборат 12 кишилик ишчи гуруҳи туманимизга ташриф буюрди. Улар билан ҳамкорликда «Миллий гвардия – миллий манфаатлар ҳимоясида» шиори остида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ташкилладик. Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати афзалликлари ҳақидаги тарғиботлар ҳамда «Ахсикент» археология мероси объектида бўлиб, мутахассислар ва сайёҳлар иштирокида мамлакатимизнинг қадимий мудофаа салоҳияти мавзуида ўтказилган давра столи атрофидаги суҳбатлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида бўлиб, болаларга аталган бадиий китобларини туҳфа қилдик.

Шунингдек, меҳмонлар жойларда жамоат ­хавфсизлигини таъминлаш, олиб борилаётган туб ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш борасидаги ишлар билан танишдилар. Аҳоли вакиллари билан ўтказилган мулоқотлар ҳам ана шу мавзуда бўлди.

Биз қўмондонликдан келган гуруҳ аъзолари билан келгусида ҳам узвий ҳамкорликда фаолият юритишга келишиб олдик.

Исломжон ХОНАЗАРОВ,

Миллий гвардиянинг Мингбулоқ туманидаги

2-алоҳида отряд гуруҳи командири, сержант.