ОҚСОҚОЛЛИККА МУНОСИБ НОМЗОДЛАРНИ САЙЛАЙЛИК

Бу йил фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови юртимизда қандай тартибда ўтказилади? Оқсоқолликка номзодликка кимлар ва қай тариқа кўрсатилади? Сайлов жараёнига тайёргарлик жараёни ҳамда бу муҳим сиёсий кампанияни ўтказишда нималар устуворлик касб этади? Бундай саволлар кўпчиликни қизиқтираётган бўлиши табиий. Негаки сайлов муҳим сиёсий жараёнлардан саналади. Мазкур воқелик мамлакатимизда шаклланган демократик сайлов тизимининг узвий қисми бўлиб, унда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади. Бу жиҳатларга "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида алоҳида эътибор қаратилган.

 

Бу йилги сайлов ўтган йиллардагидан бирмунча фарқ қилади. Сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш масаласи билан республика даражасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг комиссияси эмас, балки алоҳида тузиладиган Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссияси шуғулланади.

Сайловни ташкил этиш ва ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳудудида тегишинча комиссиялар тузилган. Мазкур комиссиялар сайловни ташкил этувчи, унинг ўтказилишини назорат қилувчи ва якуний натижаларни чиқарувчи орган ҳисобланади.

Фуқаролар йиғинида сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни амалга ошириш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан 7-15 кишидан иборат ишчи гуруҳи тузилади. Унинг таркибига тегишли ҳудудда жойлашган фуқаролар йиғинлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ходимлари, шунингдек, халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгашининг депутати киритилади.

Ишчи гуруҳи ўз фаолиятини жамоа фикрини ўрганиш, ҳар бир хонадонга кириб бориш орқали маҳаллаларда аҳолини кўпроқ ташвишлантираётган масалаларни аниқлаш натижасида шакллантиради. Номзодлар бўйича таклифларни тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда тайёрлайди.

Ишчи гуруҳи томонидан сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар йиғин биноси ва гузарларга, шунингдек, аҳоли гавжум бўлган жойларга осиб қўйилиши, сайловга уч кун қолганда эса сайланган вакилларга таклифномалар юборилиши керак.

Олдинги амалиётда маҳалла раиси фуқаролар йиғини томонидан эмас, балки фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан сайланарди. Бунда сайловчилар номидан атиги 50-80 нафар вакил овоз берарди, холос. Эндиликда сайловларда бевосита фуқароларнинг ўзлари кўпроқ иштирок этишини таъминлаш мақсадида ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакиллигининг минимал нормаси белгиланди. Бу дегани, энди вакиллар ҳар бир ҳудуд аҳолисининг сонидан келиб чиқиб шакллантирилади.

Бунда вакилларнинг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак. Дейлик, бундай ҳолатда маҳаллада яшовчи ўртача 3 минг нафар сайловчи номидан 360 нафар вакилнинг сайловда иштирок этиши таъминланади.

Ўз навбатида, фуқаролар вакилларига ҳам талаблар ўрнатилди. Унга кўра, эндиликда ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга кишилар вакил бўлишади. Раис лавозимига кўрсатилган номзодлар ёки уларнинг яқин қариндошлари вакил бўлиши мумкин эмас.

Янги таҳрирдаги қонун билан фуқаролар йиғини раиси(оқсоқоли)нинг ваколат муддати уч йил қилиб белгиланди. Эндиликда йиғин раислари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, маҳалладаги ҳар бир оила, ҳар бир инсон тақдири учун масъулиятни зиммасига олишга қодир фидойи бўлиши, йиғин аҳлининг фикр-ўйлари, мақсад-муддаоларини иш фаолияти орқали ифода этиши талаб қилинади.

Олдинги тартибга кўра, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари бир вақтда сайланарди. Бу жараён сайлов ўтказишда кўплаб қийинчиликларни юзага келтирарди. Шу нуқтаи назардан, эндиликда янги қонунга биринчи фуқаролар йиғини раиси сайловини, сайловдан кейин бир ой ичида маслаҳатчиларни сайлаш ҳамда комиссияларни шакллантириш нормаси киритилди.

Фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар тўғрисидаги ахборотлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бў­йича кенгашларнинг расмий веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштирилади. Бу ҳам, ўз навбатида, сайловларнинг шаффоф ва ошкоралигини таъминлаши шубҳасиз.

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарорига мувофиқ, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови жорий йилнинг май ойида ўтказилиши белгиланди.

Жойларда ишчи гуруҳларининг фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратиш, сайловлар ўтадиган биноларни тайёрлаш, уларни керакли жиҳозлар билан таъминлаш, транспорт хизматини йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу жараёнда аввалги сайловларда йўл қўйилган камчиликларни мониторинг қилиш ва уларни такрорламаслик чораларини кўриш, фуқаролар йиғини ўз биносига эга бўлмаса, сайловни ўтказиш учун катта павильонлар, мактаб ва коллежларнинг залларидан фойдаланиш борасида таклифлар берилмоқда.

Фуқаролар йиғини раисини сайлаш яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Бюллетень овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдирилади. Овоз берувчи бюллетеннинг ўнг томонида ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси қаршисида жойлашган бўш катакка "Қ", "" ёхуд "х" белгисини қўяди ва бюллетенни сайлов қутисига ташлайди.

Бошқа номзодларнинг фамилияси рўпарасидаги катак бўш қолиши лозим. Уларга бирон белги қўйиш мумкин эмас. Акс ҳолда сайлов бюллетени бузилган деб ҳисобланади. Бундай ҳолатда овоз берувчи бюллетенни яроқлисига алмаштириш учун ишчи гуруҳига мурожаат қилиши лозим.

Ишончимиз комилки, бу муҳим сиёсий жараёнга барча жойларда пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Сайловларда номзодларнинг энг муносибларини раисликка сайлаш фуқароларимизнинг ўзларига боғлиқ. Шундай оқсоқол сайлансинки, бурч ва ҳуқуқларини, амалдаги қонунларни яхши билсин, зиммасига юклатилган барча вазифаларни оқилона уддаласин.

Бузрукхўжа АБРОРОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича

Наманган туманлараро суди раиси.