АДЛИЯ БЎЛИМЛАРИ ФАОЛИЯТИГА - БИР ЙИЛ

2018 йил 13 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ - 5415-сонли Фармони қабул қилинган эди. Ана шу кунга бир йил тўлди.

Мазкур Фармон адлия органлари фаолияти тарихида туб бурилиш ясаб, ўзининг бир қатор жиҳатлари билан ажралиб туради. Хусусан, унга кўра, Адлия вазирлигининг туман (шаҳар) маъмурий-ҳудудий бирликларда адлия бўлимлари ташкил этилган.

 

Асосий вазифаси ҳокимларга ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг туманлар тузилмаларига қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари бў­йича маслаҳатлар бериш, давлат органлари ва ташкилотлари туман тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказишдан иборатдир.

Юқоридаги вазифаларни бажариш орқали халқимизнинг оғирини енгил қилиб, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини сўзсиз ҳимоя қилинишини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаяпмиз.

Жойларда аҳолини қийнаб келаётган масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллаларда, турли ташкилотларда сайёр қабуллар ташкил этилиб, муаммоларнинг бартараф қилинишига эришиляпти.

Шунингдек, адлия бўлимлари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида қонунийликни таъминлаш ва амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилиниши доимий равишда ўрганилиб, таҳлил қилиниб келинмоқда ва натижаси бўйича таклифлар, таъсир чоралари киритиб бораяпмиз.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳам адлия бўлимлари томонидан ижобий ишлар амалга оширилди ҳамда бугунги кунда мазкур соҳага устувор йўналиш сифатида қаралиб, "фуқаролар адлия идораларидан рози бўлиши керак" тамойили асосида ҳалққа хизмат қилиб келаяпмиз.

"Республика - вилоят - туман - маҳалла" принципи бўйича ҳуқуқий тар­ғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида ҳам адлия бўлимлари томонидан тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.

Келгусида бунданда кўпроқ ишлаш, фаолият самарадорлигига эришиш талаб этилади. Халқимизни рози қиладиган даражада ишлашимиз устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Отабек РАҲИМОВ

Наманган вилоят адлия

бошқармаси бўлим бошлиғи.