ТИНЧЛИК - УЛУҒ НЕЪМАТ

БУ ЙИЛ МИНГБУЛОҚЛИК ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ

ФАХРИЙЛАРИДАН 1 НАФАРИ ҲАМДА ФРОНТ ОРТИДА ЗАҲМАТ

ЧЕККАН 136 КИШИ ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИНИ ЯҚИНЛАРИ

БИЛАН БИРГАЛИКДА НИШОНЛАШ БАХТИГА МУШАРРАФ БЎЛМОҚДА

Биз «Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак» деган даъватнинг моҳиятини чуқур англаган ҳолда, тинчлик учун ҳар биримиз масъул

эканимизни унутмасдан, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашимиз керак.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

 

Абдумажит Раимов Иккинчи жаҳон урушига отланганида, 17 ёшга тўлганди. Бир гуруҳ тенг­қурлари қатори Навосибирск шаҳрида ҳарбий тайёргарлик машқларини ўташган. Кейин Украина фронтига юборилди. Урушдан ғалаба билан қайтган.

Бугун отанинг кўксидаги орден-медаллар шодасига ҳамма ҳавас билан боқади. Булар - оловли йиллардан ёдгорлик. Қалбидаги ўчмас жароҳатлар, унутилмас хотиралар эса фақат ўзигагина аён. Бундай кунларни ҳеч кимга асло раво кўрмайди. "Урушнинг номи ўчсин. Тинчликнинг қадрига нима етсин!" дейди 100 ёшни қаршилаётган отахон.

Жомашўй шаҳарчасидаги Қўриқобод маҳалласида истиқомат қилаётган қалбига поклик, ҳақ ва фидойилик ин қурган бу отахон (суратда)нинг самимий ниятлари, тилаклари, ёш авлодга қимматли ўгитлари кўп. Юртимиздаги бемисл ўзгаришу тараққиётлардан, ўғил-қизлар камолидан кўнгиллари тоғ қадар юксак.

Дарҳақиқат, фашизмга қарши курашда бош­қа халқлар билан бирга, бизнинг ҳамюртларимиз ҳам қаҳрамонларча курашиб, ҳаётларини фидо қилишган. Ўзбекистонлик ўғлонларнинг жасоратлари ўсиб келаётган ёш авлод учун намуна ва улар билан фахрланишга лойиқдир. Ўзбекистонлик 170 мингдан ортиқ жангчи фронтда кўрсатган жасорати ва қаҳрамонликлари учун орден ва медаллар билан тақдирланган. 53 нафари "Шуҳрат" орденининг тўлиқ соҳиблари ва 338 нафари (улардан 66 нафари ўзбек миллатига мансуб) "Қаҳрамон" унвонига сазовор бўлишган.

Расмий маълумотларга кўра, 1 миллион 400 мингдан ортиқ ўзбекистонлик, жумладан, 79 минг нафардан зиёд наманганлик, 1650 нафар мингбулоқлик ҳамюртларимиз урушда қатнашган. Мингбулоқликлардан 632 нафари жанггоҳларда ҳалок бўлган, 86 нафари бедарак йўқолган. Лекин фашизмга қарши курашда мардлик, жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатган, жон фидо этган юртдошларимизнинг хотираси абадий яшамоқда. Уруш ва фронт ортида заҳмат чеккан кишиларга кўрсатилаётган юксак эътибору эъзоз замирида нафақат уларга ғамхўрлик қилиш, балки осуда ҳаётимизни қадр­лашга ундашдек эзгу мақсад мужассам.

Юртимиз кексалари - қадрли ва эъзозли. Улар мамлакатимиз кўрки ва дуогўйларидир. Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жонини фидо қилган кишиларни хотирлаш эса бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира, бу - тарих. У ўтмишни, миллий меросимизни англатиб турувчи муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритади. Шу боис ёши улуғларимизни эъзозлаш, уларнинг дуоларини олиш, ҳаётий сабоқларидан хулоса чиқариб яшаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Қосимжон АКБАРОВ,

журналист.