МИНГБУЛОҚНИНГ НЕФТЬ БУЛОҒИ КЎЗ ОЧДИ

Туманимиз номида хосият бор. Булоқларимиз сони азалдан ниҳоятда кўп. Нефть конида олиб борилаётган инвестицион лойиҳалар доирасидаги синаш ишлари мобайнида илк нефть булоғи кўз очгани нафақат мингбулоқликларни, балки бутун республикамиз халқини беҳад қувонтирмоқда. 2018 йил Рамазон ойининг биринчи кунида вилоят ҳокими Х. Бозоров таклифи билан бу ерда ифторлик ташкиллангани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Бу йилги Рамазоннинг биринчи кунида эса шундай тарихий воқеа рўй бергани янаям ҳайратланарлидир.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кўриш мумкинки, Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов ва Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров илк бор отилиб чиққан нефтни юзларига суртиб, ушбу янгиликни нишонлашган. Тарқалган кадрларда «Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси Баҳодир Сидиқовни ҳам пайқаш мумкин. Нефтчиларнинг айтишича, бу уларнинг «ўзига хос одати» ҳисобланар экан.

Расмий манбааларда қайд этилишича, лойиҳа Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикасининг энергетика ҳамкорлиги соҳасидаги энг йириги ҳисобланади ва «Бир макон — бир йўл» тарихий стратегия доирасида амалга оширилмоқда.

Экспертларнинг фикрича, Мингбулоқ кони бир неча сабабларга кўра оддий эмас. Конни ишга туширишда асосий муаммолар қуйидагилардир: унинг ўта чуқурликда эканлиги (6000 м ва ундан ҳам ортиқ); юқори пласт босимлари (115 МПа’дан ортиқ), пласт ҳароратлари (168 даражадан ортиқ) ва бошқа омиллар.

Лойиҳани амалга ошираётган «Мингбулоқнефть» МЧЖ қўшма корхонаси «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва Хитойнинг СNPC миллий нефть-газ корпорациясининг паритетли бошланмаларида тузилган. СNPC Хитойнинг Торим ботиғида шундай конлар билан ишлаш жараёнида орттирган тажрибасини Мингбулоқ конида ҳам қўллаган.

Туман ҳокими вазифасини бажарувчи Н. Худайбердиев, ўринбосарлари, давлат ва нодавлат ташкилотларининг раҳбарлари ҳам нефтчиларнинг шодликларига шерик бўлдилар.

«Мингбулоқ» мухбири.