ЭНГ УНУТИЛМАС КУН

Туманимизда Хотира ва қадрлаш куни  ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 74 йиллиги ҳар йилгидан-да таассуротларга бой тарзда нишонланди. «Шараф» ленталари тарқатиш акцияси ўтказилди.

 

Жомашўй шаҳарчасининг Қўриқ­обод маҳалласида яшовчи уруш ва меҳнат фахрийси Абдумажид ота Раимовнинг хонадони узоқ-яқиндан келган меҳмонлар билан гавжум. Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Х. Бозаров, давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, ёшлар иттифоқи фаоллари бор улар орасида.

Х. Бозаров А. Раимовга қўшалоқ тантана муносабати билан Президентимизнинг табрикномаси, 7 миллион 500 минг сўм пул совғаси ҳамда ўз байрам туҳфаларини топшираркан, самимий тилакларини изҳор этди. Табаррук мезбон бундай эътибору эҳтиромлар учун Президентимиздан, барча раҳбарлардан чексиз миннатдор эканлигини билдирди.

Байрам муносабати билан «Она, Ёр, Сингил» ёдгорлиги пойига гулчамбар ва гуллар қўйилди.

«Шодиёна» тантаналар мажмуасида ёзилган тўкин дастурхон атрофида маросим ўтказилди. Туман ҳокими вазифасини бажарувчи Н. Худойбердиев тадбир иштирокчиларини қутлуғ айём билан қизғин муборакбод этди. Махсус байрам дастури нмойиш қилинди.

Тантана иштирокчилари Хотира ва қадрлаш куни жорий этилгандан буён миллий қадриятларимиз нуфузи тубдан ортганлигини таъкидлашди. Одамлар тафаккурида бу кунга муносабат тамомила ўзгарди. Шу кун муносабати билан кўплаб хайр­ли ишлар рўёбини кўраяпмиз. Хусусан уруш ва фронт ортида заҳмат чеккан кишиларга илтифот, иззат-икромлар кўрсатилмоқда. Ўзгалар мададига муҳтож ва беморлар ҳолидан хабар олинди, хайрия ёрдамлари кўрсатилди.

Бундай тадбирлар бошқа қатор ташкилот ва муассасаларда ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.

Нур ЗИЁД,

журналист.