ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ТИЗИМИДА 2030 ЙИЛГАЧА КОНЦЕПЦИЯ

Президентимиз Ш. М. Мирзиёев раҳбарлигида ёш авлоднинг миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун таълим-тарбия соҳасида улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мактабгача таълим муассасаларининг замонавий тизими яратилди. Умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълим жорий қилинди. Олий таълим тизимида янги билим масканлари, хусусан, нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, соҳа фаолияти тубдан такомиллаштирилмоқда.

VI аср аввал яшаган ўзбек адабиётининг гултожи, адабий тилимизнинг асосчиси, ғазал мулкининг султони Навоий ҳазратларининг оммани илм эгаллашга ундовчи ғоя ва фикр­лари ўзи яшаган даврдан бир неча аср илгарилаб кетгани ҳайратга солгусидир. Ёшликда олинган илм қариганда ҳам асқотишини уқтиради буюк мутафаккир. Халқ шоири Абдулла Ориповнинг шеърий сатрларида ҳам қаламнинг, илмнинг беқиёс қудрати ёрқин акс этган:

... Беш асрким назмий саройни

Титратади занжирбанд бир шер.

Темур тиғи етмаган жойни

Қалам билан олди Алишер.

Гап инсон капиталига эътиборни кучайтириш ҳақида борар экан, шу йўлдаги муҳим амалий қадам сифатида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 34 фоиздан 2019 йилда 44 фоизга етказиш зарурлиги қайд этилди. Ҳали самарадорликни ошириш бўйича олдимизда катта вазифалар турибди. Шу жиҳатдан «Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилиниши айни муддао бўлди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Концепция доирасида мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилади. Шунингдек, болаларнинг сифатли мактабгача таълим билан қамрови оширилади. Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг соғлом ва баланслаштирилган овқатланиши ҳамда сифатли тиббий парвариши таъминланади.

Қолаверса, концепцияни 2019 йилда амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" ҳамда 2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланган.

Бинобарин, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда ўсиб бораётган авлодни соғлом ва ҳар томонлама етук вояга етказиш, таълим-тарбия жараёнига самарали таълим ва тарбия шакллари ҳамда усулларини жорий этишга қаратилган мактабгача таълимнинг самарали тизимини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун яратилган қулай шарт-шароитлар нодавлат мактабгача таълим муассасалари сонини янада ошириш ва улар кўрсатадиган хизматлар турларини кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор бўлди.

Шу билан бирга, олиб борилган таҳлиллар болаларнинг мактабгача таълим билан қамровини таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларини замонавий ўқув-методик материаллар ва бадиий адабиётлар билан тўлдириш, соҳага малакали педагог ва бошқарув кадрларини жалб қилиш масалаларини ҳал этиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Туманимизда ана шу қарорда белгиланган вазифалар ижросини тизимли равишда бажаришимиз зарур. Туман раҳбарлари, кенг жамоатчилик бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилсак, мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ҳар томонлама ривожлантиришни таъминлаган бўламиз.

Гулчеҳра ИСЛОМОВА,

туман мактабгача таълим

бўлими мудири.