ЭНДИ «КЕЛАЖАК ЮЛДУЗЧАЛАРИ» ҲАМДА «КИЧКИНТОЙ» ҲАМ БОР МАЗКУР БОҒЧАЛАР ДИЛБАР АНАФИЯЕВА, ЗУЛФИЯ МУҲИДДИНОВА КАБИ МАҲОРАТЛИ, ФИДОЙИ ПЕДАГОГЛАРНИНГ ЎЗ УЙЛАРИДА ЯРАЛГАНИ БИЛАН ЭЪТИБОРГА МОЛИК

- Биз барча болаларнинг ҳаёти, саломатлиги ва келажаги учун масъулмиз. Ёш авлод бахтли бўлиб вояга етиши, ўқиши, ўзлари суйган иш билан машғул бўлиши ва келажакда ажойиб ота-оналар ҳамда ўз Ватани фуқароларига айланишини хоҳлаймиз, - дейди Дилбар оя. - Мамлакатимизда болалар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, манфаатлари муҳофаза остига олинган. Ўзбекистон бола ҳуқуқларига оид 5 та халқаро конвенцияга қўшилган. БМТнинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида назарда тутилган мақсад ва вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этиляпти. Конституциямиз ва бошқа қатор қонунлар асосида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари таъминланмоқда.

 

«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Болаларни уларнинг соғ­лигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Респубикаси қонунлари юртимизда навқирон авлодни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, турли таҳдид ва маънавий хуружлардан асраш, мажбурий меҳнатга жалб этмасликка хизмат қиляпти.

Кичкинтойларни жисмонан ва маънан баркамол авлод этиб тарбиялаш борасидаги ислоҳотлар ҳаётимизнинг бошқа соҳалари билан ўзаро чамбарчас боғланган ҳолда тизимли ва бос­қичма-босқич амалга оширилмоқда. Таълимнинг бирламчи ва асосий бўғини ҳисобланган мактабгача таълим тизими қайта ислоҳ қилиняпти. Янги вазирлик ташкил этилиб, мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсати ишлаб чиқилган.

Зулфия оянинг айтишича, замонавий талабларга мос, янги боғчаларни қуришга, мавжудларини таъмирлашга эътибор кучайтириляпти. Соҳада хусусий секторни ривожлантиришга, малакали кадрлар тайёрлашга, боғчаларда ўғил-қизларни соғлом овқатлантириш билан бирга уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати янада яхшиланмоқда.

Буларнинг барчаси болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамровини ошириб, уларнинг соғлом, ақлан етук бўлиб улғайишларига заминдир.

Суҳбатдошларимиз айтишганидек, болажонликда халқимизга, айниқса, аёлларга етадиган давлат, миллат ёки эл бўлмаса керак. Ҳатто етти ёт бегона болакайни-да ардоқлашга, бағрига босишга тайёр. Оналаримизнинг бағрлари шунчалар кенг ва тафтлики, нафақат ўз фарзандининг, балки ҳар қандай мурғак қалбнинг иқболи учун қайғуради. Ҳар сафар дуога қўл очишаркан, Яратгандан эртамизнинг таянчи - ёш авлоднинг бахту саодатини сўрайдилар ота-оналаримиз.

«Боланинг бегонаси бўлмайди», «Бол - ширин, болдан бола ширин», «Фарзанд - белнинг қуввати», «Фарзандинг - давлатинг», «Бир болага - етти маҳалла ота-она» каби ҳикматли сўз ва мақоллар неча асрлардан буён тилдан тилга, дилдан дилга ўтиб, яшаб келаётгани ҳам бежиз эмас. Шу жиҳатдан Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўз оиласига турли миллатга мансуб 14 нафар болани қабул қилган тошкентлик Шоаҳмад ота Шомаҳмудов ва унинг рафиқаси Баҳри оя Акрамова тарихи Ўзбекистон тимсоли ҳисобланиши ҳамда юксак ҳурматга муносиблигини эслаш жоиз.

Ҳа, юртимизда болалар келажагимиз ворислари, миллатимиз давомчилари сифатида эъзозланади. Аслида, ўзбек халқи - азалдан болажон халқ. Қайси дин, қайси миллат фарзанди бўлишидан қатъи назар, ардоқлаб, меҳр бериб, бошини силайди. Иккинчи жаҳон уруши пайтида уй-жойи вайрон бўлиб, ота-онасидан етим қолган, яқинларидан ажралган юз минглаб норасида болалар Ўзбекистон бағрида Ватанга, ўзбек хонадонларида ўз уйларига эга бўлган. «Сен етим эмассан» деб, ўзининг бир бурда нонини ҳам ана шу болалар билан беминнат баҳам кўрилган.

Дилбар опа Анафияева оила аъзолари билан Кичик Жомашўй шаҳарчасидаги яшаб турган муҳташам уйини болалар боғчасига айлантирганини эшитиб, ана шулар ҳақида ўйладим. 4 нафар ўғил-қиз шу маконда туғилишган, камолга етишган. Эндиликда улар ўзларининг уй-жойларига эгалар. Ҳайхотдай уй ҳувуллаб турганидан кимга наф? Оя соҳада 20 йиллик бой ҳаётий тажрибага эга эмасми, турмуш ўртоғи Исмоил ака ва оила аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда хайрли ишга қўл урди. Уйини болалар боғчасига мослаштирган ҳолда замон андозалари даражасида сайқаллашди. Қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар, ўйинчоқлар харид қилинди. Хом чўт қилишларича, булар учун 100 миллион сўмга яқин маблағ сарфланган.

Эзгу ишга ҳатто қуш ҳам қанот қоқаркан. Ўғиллари Исломжон, Илҳомжон, Илёсжон касб-ҳунарли эмасми, асосий юмушларни ўзлари юксак дид ва маҳорат билан уддалашди. Топганларини эзгуликка сарф­лаш савобли эканлигини яхши билишади-да. Қолаверса, мамалкатимизда давлат - шерикчилик шартномалари асосида хусусий боғчалар очишга эътибор ортган. Бунинг учун етарли имконият ва имтиёзлар яратиб қўйилибди.

Дарвозада «Келажак юлдузчалари. 1-сонли нодавлат оилавий мактабгача таълим муассасаси» деган лавҳа пайдо бўлди. Боғча 25 ўринга мўлжалланган. Болалар давр талаблари даражасида таълим-тарбия олишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Шинам ётоқхона, машғулотлар хонаси, ошхонага ҳавас билан боқасан одам. Ўйинчоқларнинг ҳар туридан бор. Эртак китобларни айтмайсизми?

Ҳовлидаги анвойи гуллар ифоридан баҳри дилингиз яйрайди. Жонли бурчакдаги қуён ва ҳар хил қушлар эътиборингизни тортади. Оя янгиликка интилувчан эмасми, маҳаллий шароитда қўзиқорин етиштиришни ҳам ташкиллабди. Кунига 250-300 минг сўмлик маҳсулотни харидорларнинг ўзлари олиб кетишаркан бу ердан.

Болалар Дилёра Охунова, Наргиза Назарова каби 6 нафар тарбиячи ва бошқа етук малакали мутахассисларнинг меҳр оғушидалар.

Зулфия Муҳиддинова ҳам куюнчак раҳбарлардан. Кўп йиллар тарбиячиликда ишлаб, кўзи пишган ва кейинги йилларда 3-мактабгача таълим муассасасини оқилона бошқариб келмоқда. Бугунги кун талабини чуқур идрок этувчилардан эмасми, Жомашўй шаҳарчасидаги мўъжазгина уйда болалар муассасаси очгани кўпчиликка манзур бўлди. Бугун 17 нафар ўғил-қиз бор бу ерда. Фазилат Зокирова, Мафтуна Арзиқуловалар белгиланган низом талабалари асосида уларни тарбиялашмоқда. Туман мактабгача таълим бўлими томонидан зарурий услубий ёрдам ва қўлланмалар билан таъминланишяпти.

- Ўз уйимизга яқин бу боғча очилгани менга ҳамда шу ҳудудда яшовчи оналар учун жуда катта қулайлик бўлди, - дейди Бирлашган маҳалласида истиқомат қилувчи Нодира Деҳқонова. - Фарзанд ёки набираларини муассасага топшириш илинжидаги кишилар кўплиги боғчанинг истиқболи порлоқ эканлигидан далолатдир.

Туман мактабгача таълим бўлими мудири Гулчеҳра Исломованинг таъкидлашича, ҳозирги кунда мавжуд 54 та МТМга 5750 нафар кичкинтой қамраб олинган. 1200 нафардан зиёд ходим улар хизматида. 4 та хусусий, 5 та оилавий боғчада тарбияланаётган болалар 230 нафардан ошди. Бундай муассасалар сонини янаям кўпайтириш борасида белгиланган дастур асосида иш олиб борилмоқда.

- Мактабгача таълим муассасаларига, ходимларимизга кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликлар учун Президентимиздан беҳад мамнунмиз, - дейди Гулчеҳра Исломова. - Уларга амалий ишимиз билан жавоб қайтариш учун бутун куч ва имкониятларимизни сафарбар этяпмиз.

Нур ЗИЁД,

журналист.