ХОРИЖЛИК ИНВЕСТОРЛАР БИЛАН УЗВИЙ ҲАМКОРЛИК

Юртимизда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликда хорижий инвестицияларни жалб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. 7-8 июнь кунлари Наманган шаҳрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Наманган вилояти ҳокимлиги ва бошқа тегишли идоралар билан биргаликда «Doing business with Namangan - 2019» халқаро инвестиция форуми ўтказилганлиги фикримиз исботидир.

 

Форумда 500 нафардан зиёд одам, жумладан, 350 нафар чет эллик меҳмон, улардан 230 нафари 36 мамлакатнинг хорижий бизнес доиралари вакиллари, Ўзбекистонда аккредитация қилинган дипломатик корпус ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда вилоятимизга бириктирилган 18 нафар Ўзбекистон Элчиси иштирок этди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Абдуалиев, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов нутқ сўзлади.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камалов вилоятимизнинг иқтисодий салоҳияти тақдимотини намойиш этди ва ҳудудда бизнес юритиш имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир иштирокчилари "Istiqlol dizayn", "Art Soft Teks", "Merrimed farm", "Chortoq mineral water", "Ideal" каби вилоятимизнинг экспортга йўналтирилган йирик компаниялари фаолияти билан танишдилар.

Шунингдек, вилоят ҳокимлигида Ҳиндистон, Россия, Австрия, Хитой, Эрон, Цингапур, БАА, Қувайт, Уммон, Буюк Британия, Германия ва бошқа давлатларнинг йирик компаниялари вакиллари билан алоҳида музокаралар ҳам ташкиллаштирилди.

Форум якунларига кўра, жами умумий қиймати 320 миллион АҚШ долларига тенг 39 та ҳужжат имзоланди.

Форум доирасида вилоят ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда минтақада биринчи бор экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлайдиган ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари каталогини ўз ичига оладиган "madeinnamangan.uz" портали ишлаб чиқилди ва ишга туширилди.

Хорижлик бизнесменлар Ўзбекистон ҳудудларида бу каби форумларни ҳар йили ўтказиш зарур деб ҳисоблайдилар. Бу ўз навбатида мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти, хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ва яхшиланаётган ишбилармонлик муҳити тўғрисида кенг оммани бохабар қилишга имкон беради.

Жамолиддин СОҲИБОВ,

Савдо-саноат палатаси туман бўлими директори.