«ТОКИО САРИ ЙЎЛ» ЖОМАШЎЙ ШАҲАРЧАСИДА ХАЛҚАРО ОЛИМПИЯ КУНИГА БАҒИШЛАБ АНА ШУНДАЙ ШИОР ОСТИДА УМУММИЛЛИЙ СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

5 июль куни эрталабданоқ Жомашўй шаҳарчаси марказий кўчалари спорт либосидаги одамлар билан гавжумлашди. Улар орасида мактабгача тарбия муассасалари тарбиячиларидан тортиб то қарилик гаштини сураётган кишилар бор эди. Аксарияти велосипедларда келишган. Мақсад - Халқаро олимпия куни муносабати билан ўтказиладиган халқ сайлида қатнашиш.

Спорт жонкуярлари саф тортиб бўлишгач, туман ҳокими Н. Худойбердиев тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, иштирокчиларни қутлуғ сана муносабати билан қизғин муборакбод этди. Турли йўналишларда ташкилланаётган мусобақаларда омадлар тилади.

Умуммиллий спорт мусобақаларини Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» кўнгилли жамияти картингчилари бошлаб бердилар. Катта ёшдаги эркак ва аёллар ўртасида иккита гуруҳда 3 минг метр­га кросс бўйича югуриш, ўсмир ва қизлар ўртасида 100, 200 метрга югуриш, иккита гуруҳда велопойга мусобақаларида 2000 нафардан зиёд ҳаваскор спортчилар беллашдилар.

Шунингдек, минифутбол, волейбол, стол тенниси, каратэ ВКФ, юнун рум кураши, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида 50 метрга югуриш мусобақалари ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди. Беллашувлар Ўзбекистон Республикаси Спорт федерацияси қонун-қоидаларига асосан олимпия тизимида ташкилланди.

Ниҳоят ғолиблар номи бирин-кетин маълум бўла бошлади. Уларни тақдирлаш маросими катта шодиёнага айланиб кетди. Биринчи ўринлар велопойга бўйича эркаклар ўртасида 42-мактабдан Аҳрор Матусмоновга, аёллар ўртасида 21-МТМдан Адолат Йўлдошалиевага, югуриш бўйича эркаклар ўртасида 34-мактабдан Жавлон Умаровга, аёллар ўртасида 27-МТМдан Муҳайё Иброҳимовага, мактабгача тарбия муассасалари тарбияланувчиларидан Нурбек Қирғизалиев (29-МТМ), Суғдиёна Султоналиева (62-МТМ)га насиб этди.

Спортнинг бошқа йўналишлари ҳамда турли номинациялар бўйича юксак маҳоратларини намойиш этган ҳаваскор спортчилар ҳам аниқланди.

Туман ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Йўлдошев ғолибларни муборакбод этиб, туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ҳамда таълим, фан, маданият муассасалари касаба уюшмаси туман қўмитаси томонидан тайёрланган қимматбаҳо эсдалик совғаларини тантанали равишда эгаларига топширди. Тадбирни ташкиллашда алоҳида ибрат кўрсатган туман халқ таълими бўлими, туман мактабгача таълим бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси, таълим, фан, маданият муассасалари касаба уюшмаси туман қўмитаси ҳамда тиббиёт ходимлари касаба уюшма қўмитаси, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши жамоаларига миннатдорчилик билдирилди.

Дарвоқе, 26 йилдан буён мамлакатимизда Халқаро олимпия куни кенг нишонланиб келади. Бироқ, бу сафар МОҚ ушбу санани шунчаки оддий спорт тадбири сифатида ўтказиб юборишни истамади. Ташкилотнинг янги раҳбарияти ташаббуси ҳамда Ҳукуматимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши туфайли мамлакатимизда расмий санага бағишлаб халқ сайли умуммиллий спорт мусобақаларини ўтказишга қарор қилинган эди. Эътиборлиси шуки, "Токио сари йўл" шиори остида ўтказилган спорт тадбири чинакам байрам тусини олди.

Халқ сайлида туман ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

Раҳматулла ҲОЛИҚОВ,

туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи.