ЭКСПЕРИМЕНТ МИНГБУЛОҚДАН БОШЛАНМОҚДА

ҲУКУМАТНИНГ БУ ЮКСАК ИШОНЧИ МИНГБУЛОҚ ТУМАНИДАН САЙЛАНГАН ДЕПУТАТ СИФАТИДА МЕНИНГ ҚАЛБИМДА ҲАМ

ЧЕКСИЗ ФАХР ВА ИФТИХОР ТУЙҒУСИНИ УЙҒОТИБ ЮБОРДИ

 

Ердан тўғри ва оқилона фойдаланилса, доимий эътибор қаратилса, унинг сифат ва унумдорлик кўрсаткичлари ошиб боради. Акс ҳолда...

Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан Ер кодекасининг захира ерлардан фойдаланишга оид қисмининг Жиззах вилоятидаги ижроси ўрганилганда, бунга яна бир бор амин бўлдик. Ўрганиш жараёнида вилоятнинг 217 968 гектар, яъни умумий ер майдонининг 10 фоизи туманлар ҳокимликлари захирасида тургани, 6035 гектар суғориладиган ер фермер ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ажратилмагани аниқланди. Бунга ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлиги, сув ва лоток тармоқларининг эскиргани, ёпиқ ҳамда ётиқ дренаж тармоқларининг ишламаслиги, оқибатда ерларнинг шўрланиши ва мелиоратив ҳолати бузилгани сабаб бўлмоқда. Фуқаролар, юридик шахсларнинг ҳам захира ерлар тўғрисидаги маълумотлардан хабардорлиги жуда паст.

Афсуски, бу каби ҳолатлар фақат Жиззах вилоятида эмас, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам учрайди.

Президентимизнинг "Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони республикада йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма босқич қайта фойдаланишга киритиш, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш, шунингдек, бу ишларда салоҳиятли инвесторлар иштирокини таъминлаш борасида айни муддао бўлди.

Фармонга мувофиқ, Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси, мазкур концепцияни амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси", 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг прогноз кўрсаткичлари, 2019-2020 йиллар давомида қишлоқ хўжалиги ерларида сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.

Концепция доирасида ер майдонларини фойдаланишга киритишда ундан фойдаланувчиларга экинларни мустақил жойлаштириш ва ерларни иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқининг тақдим этилиши амалда ерлардан ўзбошимчалик билан фойдаланишга чек қўяди.

Концепция эксперимент тариқасида 2019 йилда Наманган вилоятининг Поп ва Мингбулоқ туманларида амалга оширилади. Шу жараёнда ер ва сувдан фойдаланиш соҳасида давлат-хусусий шериклигининг шартлари, қўшимча имтиёзлар, алоҳида имтиёзли кредит линиялари борасида аниқ таҳлил ва натижалар умумлаштирилади. Эксперимент натижаларига асосан, 2019 йил 1 ноябрга қадар концепция бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилади.

Концепция доирасида инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида фақатгина қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар, лалми ва ўрмон фонди ерлари фуқаролар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига берилади. Бундан ташқари, яйлов, бўз, кўп йиллик дарахт­зорлар ва бошқа ерлар фуқароларга, қишлоқ хўжалиги корхоналарига, инвесторларга ажратилиши назарда тутилган.

Энг муҳими, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган, маҳсулот етиштириш имконини берадиган ерлар мутлақ миқдорининг чеклангани ва уни кўпайтириб бўлмаслиги, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экин майдонлари таркибида сифат ва унумдорлиги юқори бўлган қисмининг камлиги, ўз навбатида, ердан оқилона ҳамда самарали фойдаланишни тақозо этади. Фармон бу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш ва соҳага инновацион ёндашув орқали натижадорликка эришишга имкон беради.

Масъул вазирлик ва идоралар ҳамда вилоятлар ҳокимларининг концепция ва "Йўл харитаси"нинг ижро этилиши бўйича Олий Мажлис палаталари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари олдида ҳисобдорлигининг йўлга қўйилиши бу борада парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлашга хизмат қилади.

Шуҳрат ТЎХТАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.