Мингбулоқ тумани ҳокимлиги: Мақсадимиз – халқ розилиги, “Озодлик”нинг мақсади-чи?

Мингбулоқ тумани ҳокимлиги: мақсадимиз – халқ розилиги, “Озодлик”нинг мақсади-чи?

11 июль куни “Озодлик” сайтида эълон қилинган “Андижондагига ўхшаган "уй операцияси" бир йил аввал Наманганда ҳам ўтказилгани маълум бўлди” номли материал юзасидан Мингбулоқ тумани ҳокимлиги қуйидагиларни баён қилади:

Халқ розилиги ва аҳоли турмуш фаровонлиги устуворлигида Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатни ёлғонга чиқаришга, маҳаллий ҳокимиятларнинг жойларда аҳолининг муаммоларини ҳал этиш борасида олиб бораётган ҳаракатларини салбий талқинда ёритишга уринилган бу мақолада Наманган вилоят, Мингбулоқ туманида 2018 йилнинг августида 7 ногиронга тантанали топширилган янги уй калитлари тадбирдан сўнг олиб қўйилгани, ногиронлар эса ҳокимият балансидаги шароитсиз эски уйларга жойлаштирилгани таъкидланган.

Мингбулоқ туманида яшовчи ногиронлар Фарида Мамаризаева, Шаҳноза Расулова ва Нигора Самиева номидан қайта қайта “ногиронларга янги уй бериб, сертификат ва калитлари топширилгани, бироқ калитларни ўша куниёқ тортиб олиб қўйишгани” келтирилган.

Аслида, 2018 йилда Мингбулоқ туманида яшовчи, уй-жой эҳтиёжи бўлган ногиронлардан 7 нафарига туман ҳудудидан яшаш учун мослаштирилган бинолардан бепул уй-жой таклиф этилган, уларнинг розилиги берилган объектлар бўйича таъмирлаш ишлари олиб бориб, яшаш учун шароитлар яратилган.

Юқорида қайд этилган сана, 2018 йилнинг августида уларга (7 нафар ногиронга) Тўрақўрғон туманида ўтказилган тадбирда “Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги муносабати билан вилоятдаги оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга уй-жой топшириш тўғрисидаги Сертификат” билан ўша ўзлари аввалдан қабул қилган уйларнинг рамзий калитлари топширилган.

Уларга янги қурилаётган намунавий уйлардан ажратилгани, бу уйларнинг сертификати топширилгани, кейин олиб қўйилгани тўғрисида “Озодлик” сайтида келтирилган баёнот тўлалигича уйдирмадир.

“Озодлик” материалида исми келтирилган ногиронлардан Фарида Мамаризаевага, 2018 йилда МФЙ биносидаги участка инспектори хизмат уйи таклиф этилган ва аввалдан бу ерда яшашга рози бўлиб, сертификат топшириш маросимидан сўнг яшаш фикридан қайтган. Кейинчалик унга таклиф этилган яна икки бинони рад этгач, яшаш учун мослаштирилган эски ҚВП биносидаги 5 хонадондан ўз танлови билан бирини танлаб олган. Унга ажратилган яшаш ҳудудига канализация ҳамда сув таъминоти ўтказиб берилган. Унинг ёнида яшовчилар орасида пичоқ кўтарадиган эркак қўшнилар ҳамда сигарет чекувчилар йўқлиги, фақат аёллар яшаши маълумот учун келтириш жоиз деб топилди.

“Озодлик” сайтида номи келтирилган Шаҳноза Расулова ва Нигора Самиева, улар номидан “катта тадбирда гўё биз ногиронларга янги уй топширишдию, аслида эса эски уйга олиб келиб, тиқиб қўйишди” деган гапнинг ғирт бўҳтон эканини таъкидлашди. Яратилган шароитлардан, туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда МФЙ томонидан берилаётган эътибор юзасидан ўз миннатдорчиликларини такрорлашди. “Озодлик”нинг нима эканини ҳам билмаслигини, қўнғироқ бўлгач, “яна қайсидир идора менинг муаммоларимни ечиш учун жон куйдирмоқда” деб ўйлаган Шаҳноза Расулова, кунлик мавжуд муаммоларини айтганини, бироқ материалда келтирилган гапларнинг ярми унга оид бўлмаганини, уйдирма эканини айтди. Маҳаллий ҳокимият томонидан совға этилган тикув машинаси билан қўшни маҳаллада бепул асосда берилган бинода хусусий чеварчилик билан машғул Расулова, энди уйи яқинидан унга бепул ишхона учун жой таклиф этилганини, яқин даврда тикувчилик хонасини кўчириб ўтишини маълум қилди. Ўз қўлида яшаётган жойи учун кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган, бироқ бунинг қабул қилиниши учун асос бўлган туман ҳокимининг қарори нусхаси қўлида бўлмагани учун, бунинг етарли мулк ҳуқуқи бермаслигини ўйлаб, бу ҳақда “Озодлик”нинг телефонда боғланган ходимига гапирганини айтди.


“Бўйга етган ўғли билан ҳожатхонаси йўқ уйда яшаётгани” иддао этилган Нигора Самиева, у билан ҳеч ким “Озодлик” номидан мулоқот қилмаганини, ўз яшаш шароитларидан жуда мамнун эканини, уларга ўраб берилган ҳовлининг шундоқ 3-4 метр ташида туалет борлиги учун, унга уй берилган пайтда қазилган туалетни кўмиб, деворлари учун мўлжалланган ғиштни уйиб қўйганини, бироқ энди ҳовлининг бошқа бурчагидан туалет кавлашни режа қилаётганини, 20 дан ошган ўғлининг ёзда устачилик қилаётгани ва буюртмалари кўп эканини, шунга вақти етмаётганини билдирди.

Мингбулоқ тумани ҳокимлиги дунёда сўз ҳамда фикр эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни қўллаб-қувватлайди. Бу борада ҳар қандай холис ва конструктив танқид, мавжуд муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиши шубҳасиз. Бироқ, матбуот нашри сифатида ахборот майдонида иш олиб борувчи ҳар бир медиа, ўз фаолиятида бўҳтон ва уйдирма орқали ўз ғаразли мақсадларини амалга оширишга интилишини қоралаймиз. “Озодлик”ни ҳам ўз материалларини аниқ факт ва холис ёндашув билан тайёрлашга чорлаймиз.