ПАХТА ХИРМОНИМИЗ 31500 ТОННАДАН ОШДИ РЕЖА УДДАЛАНГАН БЎЛСА-ДА, ТЕРИМ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Туманимизда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги нишонланган йил муваффақиятли якунланмоқда. Жумладан, агросаноат тизимида барча соҳалар бўйича юксак натижаларга эришиляпти. Пиллачилик ва ғаллачиликда белгиланган шартномавий режаларни зиёди билан адо этдик.

 

Пахтакорларимиз ҳам юзлари ёруғ бўлиши учун барча куч ва имкониятларни ишга солдилар. Ғўза парвариши юқори агротехника талаблари асосида олиб борилди. Омилкор деҳқонларимиз қайси майдонга қандай чигит уруғи қадашни яхши биладилар. Шунинг учун ҳам 8416 гектар ерга тажрибада синовдан ўтган "Наманган-77", "Наманган-34", "Андижон-35" сингари пахтанинг эртапишар нав уруғлари қадалган. Йиғим-теримни ҳудудларда навбат билан давом эттириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шуни ҳисобга олган ҳолда 1500 гектар майдонга "С-6524", "Порлоқ-1" навли ўртапишар навли уруғлар экканмиз. Мутахассисларимиз "Бухоро-2", "Султон" ва "Андижон-36" уруғлари ҳақида ҳам ижобий фикрдалар. Бизнинг ерларимизни суяркан. Ана шунинг учун ҳам 3000 гектар ерга ана шу уруғларни синов тариқасида экдик.

Ғўза экинларига меҳр билан муносабатда бўлинса, деҳқон асло ютқазмайди. Барча тадбирларни конвейер усулида бир-бирига боғлаб олиб бордик. Зараркунандаларга қарши ўз вақтида ишлов берилди. Трихограмма, олтинкўз, габроброкон каби фойдали ҳашаротларни ўзимизда керагича ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, заруратга қараб кўсак қурти капалагига қирон келтирадиган феремон тутқичлардан самарали фойдаландик. Вақтида озиқлантирилган, оби ҳаётга қондирилган, зараркунандаларга қарши ишлов берилгани туфайли ғўзаларимизда мўлжалдаги ҳосилни яратишга муваффақ бўлинди. Деҳқончиликнинг ҳадисини олган "Истиқбол", "Наманган", "Фарғона", "Гулистон" ҳамда "Хоразм" ҳудудларининг пахтакорлари барча соҳаларда бошқаларга ўрнак бўлдилар. Мавжуд 12 минг 916 гектар майдонда кўзланганидан ҳам зиёда ҳосил яратилди. Бунда муҳтарам Президентимиз Ш. М. Мирзиёевнинг фермер хўжаликларига кўрсатаётган алоҳида эътиборлари, вилоят ҳокими Х. Бозаров раҳбарлигида туманимиз қишлоқ хўжалигига берилган амалий ёрдамлар, вилоят қишлоқ хўжалиги мутахассисларининг тавсиялари муҳим аҳамият касб этганлигини алоҳида мамнуният билан қайд этиш ўринли.

Натижа шуки, давлатга 31 минг 453 тонна пахта сотиш бўйича тузилган контрактация шартномасини вилоятмизда биринчи бўлиб зиёди билан адо этдик. 146 та фермер хўжалиги режасини 101-214 фоизгача уддалаганлиги диққатга сазавордир. Шу ўринда илғорларнинг номларини фахр билан тилга олсак арзийди. Амир Темур ҳудудидан "Найман чегара", "Ойбек Диёр Турсунбоевлар", Гулбоғ-1 ҳудудидан "Боратали ота", "Абдулла Каримов", Гулбоғ-2 ҳудудидан "Хумор Гули Шаҳноз", Гулбоғ-3 ҳудудидан "Мингбулоқ лочини", Истиқбол ҳудудидан "Раҳмонали Раҳимович", "Қодирали ота-2", "Абдулазиз Азамат", "Бепоён дала-НМО", "Сайдали ҳожи", Хоразм ҳудудидан "Қўрғонбой Ҳа­йитқулбой ўғли", "Дўстлик", "Муҳаммад Саид Акмал", Фарғона ҳудудидан "Фатхиддинович", "Расул Ҳакимжонович", Гигант ҳудуди­дан "Ғайрат", "Аббосбек илғор", Гулис­тон ҳудудидан "Жаҳонгир Жамшидбек Хуршидбек", "Тўққиз насос", "Йўлдошали Меҳмонов", "Усмонали ота", "Камчатка даласи", "Қаҳрамон Назиржонович", "Ашурали ота-2000", "Ирригатор-ЗМ", Навоий ҳудудидан "Аминжон Ҳасанов", "Мингбулоқ обод замини", Наманган ҳудудидан "Фаровон Мингбулоқ диёри", "Иқболли истиқболли порлоқ", "Габрам Моҳидил" фермер хўжаликлари рекорд натижаларга эришдилар.

Ерлар самарадорлигини ошириш бўйича қилинаётган ишлар ҳам яхши натижа бермоқда. Бу борада "Эрқулов УБ", "Оқдала мардона" (Амир Темур), "Қизилқум-М", "Собрақум замини" (Гулбоғ-1), "Бепоён дала НМО", "Сайдали ҳожи", "Муҳаммад Сардор Азиз", "Каримжон Абдуқаҳҳорович", "Мулкобод орзулар диёри", "Пирматов Нурмамат", "Бахтиёр Абдусаломович" (Истиқбол), "Ғайрат", "Зуҳро юлдузи" (Гигант) каби фермер хўжаликлари эришган кўрсаткичлар қувонарлидир.

Энг кўп, 140 тоннадан ошиқ пахта сотган "Оқдала мардона" (Амир Темур), "Хумор Гули Шаҳноз", "Саидбек Лазизбек Тўланбоев", "Муаззам Шоҳрух" (Гулбоғ-2), "Юрган дарё" (Гулбоғ-3), "Муборак", "Дорхонбек Давлатали ўғли", "Кумушбиби Мўйдинова", "Бахтиёр Абдусаломович" (Истиқбол), "Қурвонбой Ҳайитқулбой ўғли", "Шерзод Холдоров", "Соҳибқирон" (Хоразм), "Отахон ўғли Солихон" (Фарғона), "Ғайрат", "Мингбулоқ порлоғи", "Байналминал", "Порлоқ олтин чашмаси", "Гигант агросервис", "Раҳмонали ота-ЙНР", "Гигант шерлар замини", "Мингбулоқ элита уруғчилик", "Қаҳрамонбек Омадбек" (Гигант), "Бекжон даласи", "Яхши ният" (Гулистон) фермер хўжаликларига ҳам ҳар қанча тасанно айтсак кам.

Вазирлар Маҳкамаси "2019 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида" 752-сонли қарор қабул қилган эди. Унда теримчиларнинг моддий манфаатдорлигини таъминлаш ҳамда фермер хўжаликларининг молиявий ҳолатини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Қарорга асосан пахта хом ашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи теримда - 800 сўмдан, иккинчи теримда - 1 200 сўмдан меҳнат ҳақи тўланиши, терилган пахта учун теримчиларга иш ҳақи белгиланган муддатларда бериб борилиши, қолаверса, мунтазам равишда моддий ва маънавий рағбатлантириш йўлга қўйилганлиги самарадорлик омили бўлди. Илғор теримчилар мавсумда 3-5 тоннадан пахта тердилар. Мавлуда Хатамова, Дилафрўз Мамараҳимова (Гулбоғ-1), Насиба Жўраева, Нодира Мирзабекова (Истиқбол), Дилбар Абдураҳмонова, Лобар Шоҳакимова (Гулбоғ-2), Нодира Тўраева, Зулфия Исоқова (Фарғона), Салима Шаропова, Ҳайринисо Дўлтабоева (Навоий), Малика Мамараҳимова, Онорхон Бойбобоева (Гигант), Ёрқиной Хўжамова, Худойназар Жўраев (Хоразм), Юлдузхон Мелибоева, Ширмоной Салоҳиддинова (Гулбоғ-3), Феруза Абдуллаева, Замира Норманова (Амир Темур), Гулбаҳор Яхяева, Раҳима Ортиқова (Наманган), Барно Тўраева, Зулхумор Бурхонова (Гулистон) хирмонга барака киритганликларини эътироф этиш жоиздир.

Фурсатдан фойдаланиб, туманимизда мўл ҳосил етиштириш ҳамда йиғиб-териб олишда фаол қатнашган, шунингдек, фойдали маслаҳатларини бериб борган ташкилот ва муассасалар жамоаларига, ҳашарчиларга, нуронийлардан иборат гуруҳ аъзоларига туман ҳокимлиги ҳамда секторлар раҳбарлари номидан чексиз миннатдорчилик билдириб, энг самимий тилакларимизни изҳор қиламиз.

Шартномавий режа зиёди билан адо этилди. Лекин қолган ҳосилни ҳам нест-нобуд қилмай саранжомлаб олиш учун йиғим-терим ишлари жадал суръатлар билан давом эттирилмоқда. Шунинг баробарида экиндан бўшаган ерларни пешма-пеш ҳайдаш, келгуси йил ҳосили учун пухта замин тайёрлаш бўйича агротехник тадбирлар олиб бориляпти.

Нуршод ХУДОЙБЕРДИЕВ,

туман ҳокими вазифасини бажарувчи.