«МИНГБУЛОҚ» БАЙРАМОНА ҚИЁФАДА

Республикамиз, жумладан, вилоятимиздаги қатор туман ҳокимликларининг газеталари адади озлиги, иқтисодий ҳолати оғирлиги туфайли номигагина чоп этилиб турилибди. Мингбулоқ туманида эса тамомила бунинг акси...

Жаннатмонанд юртимизда қандай байрам бўлмасин, пухта тайёргарлик билан кўтаринки руҳда нишонлаш – халқимизга хос ажойиб фазилат. Айниқса, бундай кунларга ижодкорларнинг тадориги ўзгача бўлади. Шу жиҳатдан Мингбулоқ тумани ҳокимлигининг «Мингбулоқ» газетаси ижодий жамоаси Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ўз муштарийларига тайёрлаган туҳфаси эътиборга моликдир. Уни Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси С. Ҳакимов иштирокида яқинда ўтказилган вилоят журналистларининг конференциясида эътироф этилгани янада қувончли.

«Мингбулоқ»нинг махсус сони А-2 ҳажмда 8 саҳифада 4000 нусхада тўлиқ рангли чоп этилдики, ҳозиргача бунақаси нафақат вилоятимиз, балки республикамиз туманлари газеталари фаолиятида кузатилмаган.
Газета туман ҳокими Н. Худойбердиевнинг «Азалий, абадий, ардоқли асл айём» сарлавҳали бош мақоласи билан очилган. Яна бир диққатга сазавор жиҳат шуки, ҳар бир саҳифа туркумларга ажратилган. Айтайлик, 2-саҳифа «Наврўз: кеча ва бугун», 3-саҳифа «Тафаккур гулшани», 4-саҳифа «Агросаноатда ислоҳотлар» деб номланган. Кейинги саҳифаларда ҳам байрам руҳи мужассам: «Жамият», «Бугуннинг гапи», «Экология ва саломатлик».

Таҳририят байрам мавзусига алоҳида эътибор қаратган ҳолда мамлакатимизда илк бор нишонланаётган «Маҳалла тизими ходимлари куни» (22 март)ни кенг ёритишни унутмаган. «Бутунжаҳон сув куни» (22 март), «Халқаро силга қарши кураш куни» (24 март) муносабати билан ҳам туркум материаллар чоп этилгани мақтовга лойиқ.

«Аждодлардан боқий анъана», «Шарқ ва Ғарбни боғловчи қитъалараро ипак йўли», «100 йиллик орзунинг 3 йилдаги рўёби», «Яратганнинг бебаҳо неъмати», «Дам олиш кунини унутмадингизми?», «Бизда барвақт бошланар байрам», «Шеъриятнинг ёрқин тахтида» сарлавҳали мақолалар долзарблиги ва ўқишлилиги билан таҳсинга лойиқ. Ранг-баранг суратлар мавзулар мазмунини бойитишга хизмат қилган. Ўқувчиларга байрам кайфиятини улашувчи «Назм ва наср» деб номланган 8-саҳифада маҳаллий ижодкорларнинг шеър ва ҳикоялари ўрин олган.

Таҳририят келгуси байрамлар муносабати билан ҳам газетанинг шундай махсус сонларини ўқувчиларига туҳфа қилишни режалаштиргани қувонарлидир.

Шоҳруҳ Кенжаев,
Мингбулоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари