ЧЕГАРА БИЛМАС БЕШАФҚАТ КОРОНАВИРУС

БАРЧАМИЗДАН ВИЖДОНАН ҲАРАКАТЛАНИШ ВА ЎТА ҲУШЁРЛИКНИ ТАҚАЗО ЭТМОҚДА

«Мингбулоқ» газетаси муҳаррирининг Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Обиджон Қўлдошев билан мулоқоти ана шу мавзуда бўлди.

- Коронавирус оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет тармоқларининг долзарб мавзуларидан бирига айланиб қолди. Ушбу юқумли касалликка чалинган, хасталик оқибатида вафот этаётган одамлар сони ортиб бораётгани ташвишланарли.  Қаерга борманг, ким билан суҳбатлашманг, шу ҳақда гап очилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида  коронавирус муаммосига батафсил тўхталди. Вазият тўлиқ назорат остида эканини алоҳида таъкидлаб, халққа мурожаат қилди. Эпидемия кенг ёйилиб кетгани сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уни пандемия деб эътироф этди. Минг афсуски, бу юқумли хасталик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади.

- Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади, - деди давлатимиз раҳбари. - Бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чорадир.

Иккинчидан, озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бу борадаги ишларни кучайтириши керак.

Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим.

Барча давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлар, муҳтарам нуронийларимиз, маҳалла ва хотин-қизлар, ёшлар бирлашмалари фаоллари оммавий ахборот воситалари орқали холис ва ҳаққоний, кенг тушунтириш ишларини кучайтиришига ишонаман.

Учинчидан, мажбурий таътил пайтида фарзандларимиз ўқув машғулотларини давом эттиришлари учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда видеодарслар туркуми йўлга қўйилди.

Телерадиоканалларимиз ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун тарихимиз, бой маданиятимизга оид кўрсатув ва эшиттиришлар, ёшларимиз учун фойдали ва қизиқарли бадиий дастурлар, кинофильмларни кўпайтириши лозим.

Ҳурматли ота-оналаримиз ўз фарзандларини жаҳон ва миллий адабиётимизнинг энг ёрқин намуналари билан таништиришга ҳаракат қилсалар айни муддао бўларди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз раҳбари куюнганича бор. Ишончли манбааларда таъкидланишича, коронавирус инфекцияси ўткир вирусли касаллик бўлиб, кўпроқ юқори нафас йўлларини зарарлайди.

Инфекцияси ташқи муҳитга чидамсиз. 56 даража ҳароратда 30 дақиқада нобуд бўлади. 75 фоиз этил спирти ва таркибида хлор сақловчи дезинфекция воситалари таъсирида тезда зарарсиз ҳолатга келади. Вирус ҳаво томчи, ҳаво-чанг, мулоқот ва фекал-орал йўли билан ҳам юқиши мумкин. Шунинг учун одам кўп тўпланадиган жойларда юқиш хавфи юқори. Бир сўз билан айтганда, юқиш омиллари - ҳаво, озиқ-овқат ва кундалик мулоқотда бўладиган буюмлар. Касалликни қўзғатувчи вирус - асосан беморнинг балғам ажралмаларида кўпроқ.

Касалликнинг яширин даври 7-14 кун. Шунинг учун уни юқтирган-юқтирмаганлигини бу даврда одам сезмаслиги мумкин. Касаллик тана ҳароратининг кўтарилиши, қуруқ йўтал, кўкрак қафасининг қисиши, ҳаво етишмаслиги ва баъзи ҳолларда ич сурилиши билан намоён бўлиши мумкин. Сурункали касаллиги бор кексалар ва болаларга юқиш хавфи юқори.

Ҳукуматимиз томонидан касалликни республикамиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган бир қатор профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат чегараси кесишган жойлардаги ўтказиш пунктларидан касаллик бўйича эпидемик вазият мураккаб бўлган ҳудудлардан мамлакатимизга кириб келаётган йўловчилар устидан қатъий назорат ўрнатилган. Наманган вилояти ҳудудига четдан кириб келаётган аҳолини назорат қилувчи Поп ва Косонсой туманидаги ҳамда "Наманган" халқаро аэропортида ташкил этилган санитария назорати пунктлари фаолияти кучайтирилган ва СНП ходимлари масъуллиги оширилган.

Республика ССВнинг 2020 йил 24 январдаги 14-сонли буйруғи билан Коронавирусга қарши курашиш бўйича туну кун фаолият кўрсатувчи штаб ташкил этилган ва 2020 йил 27 январдан барча ДПМларида расмий кўрсатма бўлгунга қадар грипп касаллигига қарши чеклов тадбирлари эълон қилинган. Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам алоқа йўлга қўйилган. ХХРга бориб қайтган ўзбекистонлик фуқароларнинг рўйхати ИИВдан олиниб, ҳудудий оила поликлиникалари томонидан тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилмоқда ва 14 кунга тиббий назоратга олинмоқда.

Чет элга боришни режалаштиришда ўша давлатдаги эпидемик вазият бўйича тўлиқ маълумот олиш, вақтинча, эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар сафарга чиқмаслик, шу билан бирга кўп одамлар йиғиладиган маданий дам олиш масканларига кирмаслик, нафас йўлларини ҳимояловчи шахсий ҳимоя воситаларидан (ниқобдан) фойдаланиш, жамоат жойларига боргандан кейин ва овқатланишдан олдин қўлларни ювиш, касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлганда, ўзини даволаш билан шуғулланмасдан зудлик билан тиббий муассасага мурожаат қилиш, бунда тиббиёт ходимларига хорижнинг қаерида бўлганлиги ва қачон келганлиги тўғрисида тўғри маълумот бериш зарур.

Коронавирус инфекциясига чалинганлик гумон қилинганда, шифокор келгунига қадар беморни алоҳида хонага ётқизиш лозим. У ётган хонани тез-тез шамоллатиш, зудлик билан беморга ва оиланинг бошқа аъзоларига дока ниқоб тақиш, беморга тез-тез лимонли ва наматакли чой, мева шарбатлари, асалли чой, оддий қайнатилган сув ичириш мақсадга мувофиқдир.

- Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман, - дейилади Президентимиз мурожаатида. - Ҳозирги вазиятда айрим масъулиятсиз, ҳақиқий ҳолатдан бехабар ва ўзини "пиар қилиш"ни яхши кўрадиган одамлар турли миш-миш ва уйдирмаларни ­тарқатишга уринади.

Шу муносабат билан жамоатчилигимиздан илтимос қиламан: саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз зарур. Бу масалани ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам алоҳида назоратга олиши лозим.

Ҳукумат қийин аҳволга тушиши мумкин бўлган соҳа ва тармоқларни, йирик корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириши зарур.

Бу жараёнда, аввало, молия ва ­хомашё бозорида беқарорлик юзага келишига йўл қўймаслик лозим.

Иккинчидан, молиявий барқарорликни сақлаш ҳамда бозорларда нарх-навонинг ўсишининг олдини олиш зарур.

Учинчидан, иқтисодиётимизнинг базавий ва ҳал қилувчи тармоқлари узлуксиз ишлашини сақлаб қолиш керак.

Бунинг учун ҳар бир тармоқ, корхона ва ҳудуд кесимида манзилли ва аниқ тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.

Тўртинчидан, марказдан ҳудудий бюджетларни ва аҳолимизни қўллаб-қувватлаш асосий вазифаларимиз бўлиши шарт.

Бутун халқимиз аниқ билиши керак: биз коронавирусга қарши кураш фаолиятини ошкоралик тамойиллари асосида олиб боряпмиз.

Жаҳон жамоатчилигини ҳам, хал­қимизни ҳам вақтида хабардор этиб бор­япмиз. Керакли чораларни янада кучайтирамиз.

Кўпни кўрган халқимиз янада жипс­лашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади, деб ишонаман...

Бинобарин, биз ким ва қайси ёшда ёки жинсда, қандай вазифада бўлишимиздан қатъий назар, Президентимизнинг мурожаатига виждонан амалий жавоб қайтаришимиз шарт. Барчамизни чегара билмас бешафқат коронавирус балосидан Яратганнинг ўзи асрасин. Яна айтишларича, асранганни Аллоҳ ҳам асрар экан.

Суҳбатдош Қосимжон АКБАРОВ.