ҲОКИМ ЁШЛАР ҲУЗУРИДА

Президентимиз Ш. М. Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида туманимизда ҳам кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Туман ҳокими, вилоят Кенгаши депутати Т. Рапиков соҳадаги ишларни тубдан такомиллаштириш ҳамда янги босқичга кўтаришга қаратилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда бу масалага жиддий ёндашяпти. Жумладан уюшмаган ёшлар тақдири доимий эътиборда.

Яқинда туман ҳокимлигининг мажлислар залига уюшмаган йигит-қизлардан қарийб 300 нафари жамланишди. Туман ҳокими уларга Президентимизнинг ёш­ларга бўлган эътибори, кўрсатаётган ғамхўрликлари хусусида ахборот берди. Туманда бу борада қилинаётган ишлар хусусида гапирди.

Йиғилган ёшлар бундай эътибору ғамхўрликлар учун мамлакатимиз раҳбаридан мамнунликларини билдирдилар. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки ривожлантириш, ишга жойлашиш, олийгоҳларда ўқиш бўйича кўплаб саволлар йиғилиб қолган экан. Уларга мутасадди ташкилотлар раҳбарлари томонидан жавоблар қайтарилди, амалий ёрдамлар кўрсатишга ваъдалар берилди.

 Ҳоким ёшлар томонидан кўтарилган масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш учун уларни ўз назоратига олажагини айтди. Бир қатор талаб ва муаммолар эса шу куниёқ бартараф этилди. Бундай тадбирларни тумандаги мавжуд 4 та секторда алоҳида-алоҳида ўтказиладиган бўлди.

Бинобарин, туман ҳокими таъкидлаганидек, юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позицияга эга ёшлар - юрт таянчи. Бундай йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.