КОСМИК ГЕОДЕЗИЯ ГУЛБОҒ ҚИШЛОҒИЛИК ОЛИМ НИГОҲИДА

Эркин Мирмаҳмудов 33-мактабни битиргач, олийгоҳда таҳсил олди. Космик геодезия билан шуғулланиб, устозлари назарига тушгач, Ўзбекистон Миллий университетига ишга таклиф этилган. Олийгоҳда илмий изланишга астойдил киришди. Геодезия, картография ва кадастр кафедрасидаги устозлари кўмагига таянди. Кўп вақт ўтмай техника фанлари номзоди илмий даражасига эришган. Бугун мазкур кафедрада доцент.

- Илмий фаолиятимни 1992 йили Тянь-Шан тоғи ҳудудида бошлагандим, - дея ҳикоя қилади Эркин Раҳимжонович. - Асосий эътиборимни космик геодезияни ўрганишга қаратдим.

Ёш олимни қизиқтирган космик геодезиянинг ўзи нима? Бу Ернинг ва бошқа планеталарнинг сунъий йўлдошларини кузатишдан илмий ва илмий-техник масалаларни ечишда фойдаланиш тадбирлари ҳақидаги геодезия фанининг бўлимидир. Биринчи ва асосий масала Ер, Ой ва планеталарнинг шакли, катталиги ва суткалик айланишини характерловчи фундаментал ўзгармас катталикларини ва уларнинг вақт давомида ўзгаришини аниқлашдан иборат. Иккинчи масала геодезик ва геоцентрик координаталар тизимини яратиш бўлиб, бу якка координаталар тизимида таянч нуқталар тўрини қуриш демакдир. Бу - геофизика ва геодинамика масалалари ечимида, табиий бойликлар ресурсларини аниқлашда ва космик картографияда Ернинг космик тасвири натижаларининг координата-вақт боғланишидан фойдаланиш дегани.

У изланишлари асосида 2016 йили олийгоҳларнинг «Геодезия ва картография» йўналиши магистрантларига мўлжалланган илмий қўлланма чоп эттирди. Китобдан геодезия, карто­графия ва кадастр соҳасида фаолият олиб бораётган катта илмий ходим - изланувчилар, ёш олимлар, ўқитувчилар фойдаланишмоқда.

Олим космик геодезияда қўлланилаётган координаталар тизими, Ернинг сунъий йўлдошлари, уларни кузатиш усуллари, геометрик ва геодинамик масалалари, Ўзбекистонда сунъий йўлдошларни кузатиш натижалари асосида ечилаётган геодезия масалалари билан жиддий шуғулланмоқда. Ўтган давр мобайнида Россия, Австрия, Чехословакия, Туркия, Покистон, Эстония давлатларида ўтказилган Халқаро конференцияларда маърузалари билан иштирок этган. Ҳозирда Саудия Арабистонида бўладиган нуфузли форумга астойдил тайёргарлик кўрмоқда.

Ишончимиз комилки, мингбулоқлик олим Эркин Мирмаҳмудовнинг  Ўзбекистонда космик геодезияни ривожлантириш борасидаги машаққатли изланишлари бесамар кетмайди.

Нур ЗИЁД,

журналист.