ҲИСОБ ТИЗИМИДА МАРКАЗЛАШУВ

Президентимизнинг "Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тў\рисида"ги 2018 йил  28 февралда қабул қилинган 3824-сонли қарори ижросига туманимизда жиддий эътибор қаратилган. Туман ҳокимининг 2018 йил 13 июлдаги 97-сонли фармойишида бу борада қилиниши лозим бўлган вазифалар, уларнинг ижрочилари, бажарилиш муддати ҳамда механизмлари ўз ифодасини топган. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузурида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази фаолият юрита бошлади.

Фармойишга асосан туман қишлоқ хўжалиги бўлими, Зардарё ирригация тизими бошқармаси, АКБ "Агробанк" туман бўлими, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Кенгаш ҳузуридаги "Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази"ни Жомашўй шаҳарчасидаги Андижон кўчаси, 15-уйда жойлашган Зардарё ирригация тизими бош­қармаси балансидаги бинонинг иккинчи қаватидаги залига бепул тарзда жойлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари О. Қодиров, кенгаш раиси А. Абдусаломов ва туман молия бўлими мудири З. Жўрабоевлар зиммасига Кенгаш ҳузуридаги марказнинг иш фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида уни белгиланган тартибда зарурий оргтехника ҳамда бошқа жиҳозлар билан таъминлаш топшириғи берилган.

Туман молия бўлимига марказ ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган харажатларни 2018 йилда туман бюджети даромадларининг белгиланган прогнозларидан ошириб бажарилиши ҳисобидан молиялаштирилишини таъминлаш ҳамда 2019 йилдан эътиборан бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини назарда тутишлари қайд этилди.

О.Қодиров, А.Абдусаломов, З.Жўрабоевларга Кенгаш ҳузуридаги "Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази" директорини ҳамда Солиқ ва статистика ҳисоботлари бўйича маслаҳатчини белгиланган тартибда тайинлаш, ҳар 20 нафар фермер хўжалигига биттадан бухгалтер рўйхатини шакллантириб, улар орасидан тажрибали, замонавий ахборот коммуникация технологияларини пухта эгаллаган бухгалтерни танлаб олиб, Марказга ишга олинишини таъминлаш вазифалари топширилган.

Туман Бандликка кўмаклашиш маркази директори Б.Юсуповга Кенгаш ҳузуридаги Марказга ходимлар билан ишлаш масалалари ҳамда фермер хўжаликларига тегишли амалий ёрдамлар кўрсатилиши бўйича битта мутахассисини доимий равишда бириктириш топшириғи берилган.

Туман ДСИ ҳамда туман давлат статистика бўлими бошлиқлари А.Эргашев, О.Юлдашевларга 2018 йилнинг 3-чорагидан бошлаб фермер хўжаликлари томонидан солиқ инспекцияси ва статистика бўлимларига топшириладиган барча ҳисоботлар Марказ томонидан берилишини қатъий назоратга олиш вазифаси топширилган.

Кенгаш ҳузуридаги Марказ директорига белгиланган муддатларда Марказнинг банкдан ҳисоб рақамини, шахсий ғазна ҳисоб рақамини ва муҳр ҳамда тамғаси олиниши, Марказ фаолиятини ташкил этиш бўйича ишларни ташкиллаш вазифаси юклатилган эди.

Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш бўйича вилоят кўргазмали семинарининг туманда ташкил этилганлиги бежиз эмас. Унда қатнашган барча туманларнинг тизимга алоқадор раҳбар ва мутахассислари қарор доирасида қилинаётган ишлар тўғрисида туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А. Абдусаломов, туман молия бўлими мудири З. Жўрабоевларнинг тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Республика фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи  З.Алламуродов, вилоят кенгаши маслаҳатчиси А.Болтабоевлар кун тартибидаги масаланинг моҳияти, ундан кўзланган мақсад, ташкил этиладиган марказларнинг намунавий ташкилий тузилмаси ҳамда низоми ҳақида тушунчалар беришди.

Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар жавоб қайтардлар.

Нур ЗИЁД,

журналист.