РУС ТИЛИГА ЭЪТИБОР

45-сонли умумий ўрта таълим мактабининг рус тили бўйича олий тоифали ўқитувчиси Риза Азизов ташкилотчи ва ташаббускорлиги, ёшлар тақдири ҳақида куюнчаклиги билан кўпчиликка яхши таниш.

"Рус адабиёти - ўзбек мактабларида", "Лермонтов ижодида ватанпарварлик тарбияси" мавзуларидаги дарс ишланмалари республика миқ­ёсида оммалаштирилгани эътиборга молик. "Йил ўқитувчиси" кўрик-танлови ғолиблигига, "Халқ таълими аълочиси", "Энг яхши фан тўгараги раҳбари" деган шарафли номларга бежизга эришмаган.

Яқинда унинг яна бир саъй-ҳаракати туман ва вилоят ҳокимликлари томонидан маъқулланганлиги диққатга сазавор. Устоз фаолият юритаётган илм масканига рус тили фанига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби (ДИУМ) мақоми берилди. Шу муносабат билан  2018-2019 ўқув йили учун махсус 2-синфга 30 нафар ўқувчи психологик сўровнома ва диктант орқали қабул қилинди.

Бу мустақиллик туфайли хорижий, жумладан рус тилини мукаммал ўрганишга бўлган эътибордир.

Янги ўқув йилингиз муборак бўлсин, қимматли мингбулоқлик ҳамкасблар!

Баҳодир ҚОДИРАЛИЕВ,

туман ХТБ мудирининг ўринбосари.