ФАРЗАНДИ «МАРД ЎҒЛОН» БЎЛИШИНИ КИМ ҲАМ ХОҲЛАМАС

- Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда «Мард ўғлон» Давлат мукофоти таъсис этилганидан бағоятда хурсандман, - дейди Ингичка қишлоғилик Саломат Аҳмедова. - Ўғлим Бобурбек ҳам шундай мукофотларга муяссар бўлишини Яратгандан тилаб доимо дуодаман. Унинг наманганлик тенгдошларидан Сарвар Муродиллаев билан Муҳаммадхон Юсуповлар ушбу мукофотга лойиқ топилганликлари менга оламча қувонч ва умид бағишлайди.

Дарҳақиқат, онахоннинг фахрланганича бор. Ўғли Бобурбек 2003 йилдан буён спортнинг каратэ-до тури билан шуғулланиб келмоқда. 12 ёшида водий чемпионатида биринчиликни эгаллаган. 2013 йили Ўзбекистон чемпиони бўлиш бахти мушарраф айлаган. 2015 йили эса Осиё чемпиони мақомини қўлга киритди. Келгуси йили "Kombat IKDO" бўйича спорт усталигига номзод бўлган. Айни пайтда Ўзбекистон Миллий гвардияси қисмида йигитлик бурчини ўтамоқда.

Онахон Чортоқ туманида туғилиб ўсган, Наманган муҳандислик-қурилиш инс­титутида таҳсил олаётган Сарварнинг ютуқларидан ҳам бохабар. Ахир у ҳам ўғли каби каратэда тобланган, муносиб мавқега эга. Яқинда Малайзия пойтахти Каула-Лумпур шаҳрида каратэ бўйича ўтказилган хал­қаро турнирда ҳам қатнашди. 67 килограмм вазн тоифасида Индонезия, Эрон ва Малайзия вакилларини енгиб, олтин медални қўлга киритган. Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида ўтказилган "Kamagata Gup" халқаро турнирида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

23 ёшли Муҳаммадхонга янги таъсис этилган мукофот институт талабаси бўлиш имтиёзини ҳам туҳфа қилди. У Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг таржима назарияси ва амалиёти факультетини танлади.

У 2014 йили Наманган туманидаги Олаҳамак иқтисодиёт коллежини битирган эди. Давлат мукофотига адабиёт йўналишининг наср ва драматургия соҳаси бўйича эришди. "Янги авлод - 2009" республика иқтидорли ёшлар танловининг вилоят босқичида биринчиликни эгаллаган. Қозоғистон Республикасининг "Сайрам сабоси" наш­ри томонидан ўтказилган энг яхши қисқа ҳикоялар бўйича танлови ҳамда "PROI'odie" II кинофес­тивали ғолиби.

2018 йил унинг учун омадли келди. "Қисқа ҳикоялар" номли китоби чоп этилди. Ўзи Ёшлар иттифоқи муассислигидаги  Республика ёш ижодкорлар кенгашида иш бошлаши зиммасидаги масъулиятни ҳар қачонгидан ҳам оширгани табиий.

Бобурбекнинг онаси Сарвар ҳамда Муҳаммадхонларга ҳавасу ҳайрат билан боқаётгани турган гап. Фарзандларининг "Мард ўғлон" бўлишини орзулаётган мингбулоқлик онахонлар эса ягона эмас. Ким ҳам она Ватанига садоқат билан хизмат қиладиган ўғлидан фахр-ифтихор туюшни хоҳламайди юртимизда.

МунаввархонМУРОДИЛЛАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари

академиясининг тиллар кафедраси ўқитувчиси.