3 КУНДА 1166 КИШИГА ИШГА ЙЎЛЛАНМА

27-29 август кунлари туманда аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан республика ишчи гуруҳи ташаббуси билан "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури куни ҳамда "Меҳнат ярмаркаси" ўтказилди.

Тадбир Мингбулоқ Агросаноат касб-ҳунар коллежида карнай-сурнай садолари остида бошланди. Уни туман ҳокими, вилоят Кенгаши депутати Т. Рапиков қисқача кириш нутқи билан очди.

Наманган шаҳри, Тўрақўрғон тумани ҳамда туманимиз ҳудудида жойлашган 174 та корхона ва ташкилот ўзининг мавжуд 1006 та бўш иш ўринларини ишга талабгорларга тавсия этди. Тадбиркорлик субъектларининг, тижорат банкларининг, ҳуқуқий идораларнинг раҳбар ва мутахассислари меҳмону мезбонларга ўз хизматларини кўрсатдилар. Тадбиркору ҳунармандлар ўзлари тайёрлаган, ишлаб чиқарган маҳсулотлар, кўргазмаларини ташкил этишгани, санъаткорлар концерт дас­турини ҳавола қилишгани тадбир кўтаринкилигини, одамларнинг кайфиятларини оширишга хизмат қилди. Тижорат банклари имтиёзли кредитлари тарғиботи билан шуғулландилар.

Кун якунида туман Банд­ликка кўмаклашиш маркази директори Б. Юсупов меҳнат ярмаркасида 321 киши ишли бўлганини таъкидлади. 48 нафар фуқаро кредит олиш бўйича банклар билан шартнома тузган.

28, 29 август кунлари тадбир Жомашўй шаҳарчасидаги "Дўстлик" маданият ва истироҳат боғида янада уюшқоқлик ва кўтаринкилик руҳида давом этди. Одамларга Наманган шаҳиридан келган вилоят тиббиёт муассасалари малакали шифокорлари томонидан хизматлар кўрсатилди. Қанча одам тиббий кўрикдан ўтди. Тадбиркор, ҳунарманд ва фермерларнинг ташкил этган кўргазмалари иштирокчиларга хушнудлик бағишлади.

Шу нарса диққатга сазоворки, К. Турдалиев раҳбарлигидаги туман давлат хизматлари маркази ходимлари тадбирлар давомида ишли бўлган фуқароларга электрон рақам имзоси, жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга эгалик ҳуқуқини бериш, мактабгача таълим муассасаларига йўлланма бериш бўйича йигирмадан зиёд хизмат кўрсатишга ҳам муваффақ бўлди.

Шу тариқа 3 кунда 1166 киши ўзлари хоҳлаган жойларда ишлаш учун йўлланма олди. 141 киши "Ҳар бир оила - тадбиркор" дас­тури доирасида кредитлар олиш бўйича шартномаларга имзо чекди. 104 нафар хотин-қиз тикувчилик фаолиятини амалга ошириш учун тикув машинасига эга бўлди.

Анвар ХУДАЙБЕРГАНОВ олган сурат.