ЭЛГА МАДАДКОР БЎЛИШМОҚДА

Истиқлол шарофати туфайли тадбиркорлик ҳаракати кенг қулоч отмоқда. Буни туманимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Туман марказида давр талаблари даражасида бун­ёд этилган яна бир озиқ-овқат дўкони фойдаланишга топширилди. «Ёшлик» кўчасидаги бу бино қурилишига 150 миллион сўм маблағ сарфланган. Тадбиркор Фарход Ҳасанов банкдан имтиёзли кредит олган ҳолда қурган бино Жомашўй шаҳарчаси кўркига кўрк қўшди. Бу ерда 7 киши фаолият кўрсатмоқда.

Аббос Асқаров, Ғуломжон Қосимов, Аброржон Орипов каби новвойлар эса Жомашўй шаҳарчасида янги новвойхонани ишга туширдилар.

Тадбиркор Шавкатжон Мирзаев гулбоғлик ҳам­қишлоқларининг талаб-истакларини қондириб, гўшт дўкони бунёд этди. Бу ерда гўшт маҳсулотлари сифатли ва арзон.

Аламилик тадбиркор Толибжон Султонов эса увада титиш цехини ишга тушурган бўлса, Шавкат Турдиқулов тенгдошлари билан тегирмон қурилишини ниҳоясига етказишди. Аббос Умаров қурилиш моллари дўконини фойдаланишга топширгани кўпчиликка манзур бўлмоқда.

Тадбиркорлар яратган қулайликлардан баҳраманд бўлаётган юртдошларимиз уларга миннатдорчилик билдиришмоқда.

Бердиқул МАҲМУДОВ,

жамоатчи мухбир.