ТИНЧ ЮРТУ БАХТИЁР ЭЛГА БАЙРАМЛАР ЯРАШГАЙ

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани сингари энг улуғ, энг азиз байрамимиз - Мустақилликнинг 27 йиллиги туманимизда ҳам кенг шодиёна қилинди. Халқимизнинг эртанги кунга бўлган қатъий ишончи, диёримизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, бугунги гўзал ҳаётимиз истиқлол юксак орзу-умидлар кафолоти эканини англатди.

Зеро, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастури маъно-мазмунига мувофиқ кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Юртбошимиз раҳнамолигида рўй бераётган мамлакатимиз ҳаётидаги янгиланишлар, ташаббуслар, эзгу ишлар кенг қулоч ёйди. Халқ манфаати йўлидаги ислоҳотлар, қолаверса, таш­қи сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, қишлоқ хўжалиги йўналишларида давом этаётган улкан ўзгаришлар жараёни нафақат юртдошларимиз, шу билан бирга, жаҳон ҳамжамияти, турли мамлакатлар етакчилари, халқаро ташкилотлар раҳбарларининг доимий диққат марказида турибди. Уларнинг натижасини туманимиз мисолида ҳам яққол кўриб турибмиз.

 

Истиқлолнинг 27 йиллиги нишонланаётган жорий йилда бир қатор муваффақиятларга эришилди.  Давлатга ғалла, пилла ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиш бўйича юқори натижаларни қўлга киритдик. Асосий тармоқ ҳисобланган пахтачиликда ҳам юксак кўрсаткичларга эришиш учун ғўза парвариши юқори агротехника қоидалари асосида ташкил этилмоқда. Қурилиш, саноат, транспорт ва халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида сезиларли ўзгаришлар таъминланяпти.

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг таянчи ва суянчи бўлмиш тадбиркорлик ҳаракатини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимиз ташаббуслари билан қабул қилинган "Yoshlar - kelajagimiz" Давлат дастури асосида амалга оширилаётган ишлар қувонарлидир.

Бу галги улуғ айёмни Баҳодир Шокиров (Жомашўй), Муҳаммаджон Йўлдошев (Қўшқишлоқ), Валижон Муҳиддинов (Мулкобод), Шуҳрат Исоқов (Тегирмонбоши) каби тадбиркорларимиз аҳолига тиббий ва маиший хизмат, савдо, ошхона сингари замонавий биноларни байрам совғаси сифатида фойдаланишга топшириш билан нишонлашганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Туманимизда халқ таълими ҳамда мактабгача таълимни Президентимиз қарорлари асосида янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Янги ўқув йилидан 15 ва 45-мактабларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби (ДИУМ) мақоми берилгани соҳага юксак эътибордан далолатдир. Мактабгача таълим йўналиши бўйича 4 та хусусий боғча очилганлиги ҳам ёш авлоднинг жисмонан соғ­лом, маънавий баркамол руҳда камол топишига хизмат қилади.

"Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!" ғоясини ўзида мужассамлаштирган истиқлол айёмига бағишланган тантанан иштирокчиларини туман ҳокими, вилоят Кенгаши депутати Т. Рапиков қизғин қутлар экан, ана шулар ҳақида тўлқинланиб гапирди. Пойтахтимиздан келган санъаткорлар ҳамда туманимиз "Юлдуз" халқ дастаси дастури тантана қатнашчиларининг кўнгилларига маънавий озиқ улашди.

Халқ хўжалиги илғорлари, меҳнат фахрийлари ҳамда меҳмонлар байрамни "Шердор" тантаналар мажмуасида ёзилган тўкин дастурхон атрофида давом эттирдилар.

Шодиёна Қорашаҳар маҳалласида Халқ кутубхонаси очилиши маросимига уланиб кетди. Туман ҳокими Т. Рапиков, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи З. Мансуров, туман прокурори М. Жўраевлар тадбир қатнашчиларини янги кутубхона билан табриклаб, кутубхона ходими Х. Эргашалиевага 500 нусха энг сара адабиётларни топширдилар.

Тўпсада, Мулкобод, Баланд Гуртепа, Мустақиллик маҳаллаларида ҳам Халқ кутубхоналарига китоб топшириш тақдимотлари катта тантанага айланиб кетди.

1 сентябрь куни муқаддас сафардан қайтган 49 нафар ҳожиларимиз туманимиз халқининг қувончларига яна бир олам қувонч қўшдилар.

Байрам маросимларида вилоят ҳокими ўринбосари - Хотин-қизлар қўмитаси раиси И. Қўчқорова иштирок этди ва сўзга чиқди.

Аслида-ку халқимизнинг ҳар куни байрам. Шодиёналар эса тинч юртга, унинг бахтиёр халқига ярашади. Шу боис ҳам бундай айёмлар мустақил мамлакатимизда ҳамиша бардавом. Туманимизда истиқлол айёмига бағишланган тадбирлар давом этаётгани фикримиз исботидир.

Қосимжон АКБАРОВ,

журналист.