Бино ва иншоотлардан самарали фойдаланинг!

        Аввал хусусийлаштирилган, бугунги кунда бўш турган объектларни ишга тушириш, аниқ чора-тадбирларни белгилаган ҳолда лойиҳаларни амалга оширилишини тезлаштириш ва рағбатлантириш, натижада қўшимча ишлаб чиқариш ва иш ўринларини яратиш ҳамда фуқароларнинг турмаш даражасини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.02.2017 йилдаги ПҚ-2796-сонли ва 19.02.2018 йилдаги ПҚ-3541-сонли қарорлари қабул қилинган.

ҲИСОБ ТИЗИМИДА МАРКАЗЛАШУВ

Президентимизнинг "Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тў\рисида"ги 2018 йил  28 февралда қабул қилинган 3824-сонли қарори ижросига туманимизда жиддий эътибор қаратилган. Туман ҳокимининг 2018 йил 13 июлдаги 97-сонли фармойишида бу борада қилиниши лозим бўлган вазифалар, уларнинг ижрочилари, бажарилиш муддати ҳамда механизмлари ўз ифодасини топган. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузурида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази фаолият юрита бошлади.

СОЛИҚ ВА ҚАРЗДОРЛИК

Мамлакатимизнинг барча соҳаларида бўлгани каби солиқ тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини тубдан мустаҳкамлаш ва муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал қилиш чораларини кўриш бўйича туман семинари ўтказилди.

Тадбирда туман прокуратураси, МИБ туман бўлими, туман давлат солиқ инспекцияси, корхона, ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси Солиқ қарзини ундиришни ташкил этиш бўлими бошлиғи А. Аъзамхонов солиқ қарзининг пайдо бўлиш сабаблари, тўловларнинг амалга оширилишида учраётган муаммолар ва уларни ҳал этиш юзасидан тушунчалар берди. Туман ҳокимининг иқтисодиёт  ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари О. Қодиров эса ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик субъект­лари учун яратилаётган кенг кўламдаги шароит ҳамда берилаётган имтиёзлар хусусида гапиришди.

Иштирокчиларга солиқларни ўз вақтида тўлаб бориш, акс ҳолда ҳисобланадиган пеня тартиби, қисқартирилган солиқ турлари ҳамда аҳолига яратилаётган қулайликлар мисоллар орқали тушунтирилди.

Семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган, ўйлантирган саволларга жавоб олдилар. Тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Наргиза МАВЛОНОВА,

«Мингбулоқ» мухбири.

ДАСТУР ДОИРАСИДА

"Обод қишлоқ" давлат дастури доирасида Мулкобод, Гулистон ва Кичик Жомашўй қишлоқларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Туман электр таъминоти корхонаси жамоаси ҳам режа асосида зиммаларига юклатилган вазифаларни рўёбга чиқариш учун бутун куч-имкониятларини ишга соляпти.

Корхона бош муҳандиси Икромжон Содиқовнинг таъкидлашича, дастур асосида ҳар уч қишлоқда 2 та янги трансформатор пункти қурилиши, 2,4 километр электр тармоғи тортилиши режалаштирилган. 9 та трансформатор, 5,7 километр электр тармоқлари мукаммал таъмирланиши, 49 та таянч янгиланиши керак. Бу ишларнинг барчаси деярли бажариб бўлинди.

Обод қишлоқ кўчалари  нурафшон бўлганига нима етсин. Бахтиёр Эшматов, Нурмат Даминов, Илҳомжон Тошназаров, Бекмирза Юнусов сингари нурчилар ишни тез ва сифатли бажаришда ҳамкасбларига ибрат бўлишмоқда.

Мавлуда ҲАЛИМОВА,

«Мингбулоқ» мухбири.

ҒЎЗА ГУЛЛАДИ

«Муҳаммад Акмал» фермер хўжалиги пахтакорлари ғўза парваришини агротехника қоидалари асосида олиб боришмоқда. Деҳ­қон меҳрига қонаётган кўчатлардаги ҳосил нишоналари кўзни қувонтиради. Акмалжон Яминов раҳбарлигидаги мазкур фермер хўжалигида 23 июль куни туманимизда биринчи бўлиб ғўза гуллади.

Асосий эътибор бўлиқ кўсаклар яратиб, ҳар туп кўчатда етарли миқдорда ҳосил нишоналарини сақлаб қолишга қаратилмоқда.

5 августдан бошланган ғўза парваришидаги эарбдор ойликда «Самандарнинг сеҳр садоси» фермер хўжалиги деҳқонлари ҳам фаол қатнашишмоқда.

Мавжуд 24 гектар майдондаги ғўза ниҳоллари юқори агротехника талаблари асосида парваришланаётганлиги сабабли ҳосил нишоналари кундан-кунга кўпаймоқда. Механизатор Адҳамжон Маматкаримов билан сувчи Рустамжон Абдуқодиров озиқлантириш ҳамда суғоришни узвий боғлиқ ҳолда йўлга қўйишган. Гулбаҳор Маҳмудова, Зуҳра Собирова каби ишчилар ғайрати билан чеканкалаш ниҳоясига етказилди.

Бердиқул МАҲМУДОВ,

жамоатчи мухбир.