Мингбулоқ тумани ҳокимининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Умаралиев Шуҳрат Тошкинбаевич Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокимига ўринбосар этиб тайинланди. Шуҳрат Умаралиев 1983 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 2004 йилда Наманган давлат университетини, 2006 йилда ушбу олийгоҳнинг магистратура мутахассислигини тамомлаган. Шунингдек, 2017 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. У 2006-2007 йилларда Мингбулоқ тумани бўйича Ғазначилик бўлинмаси нархлар мониторинги ва ҳуқуқий мажбуриятларни рўйхатдан ўтказиш гуруҳи бош инспектори, 2007-2011 йилларда Мингбулоқ педагогика коллежи иқтисодиёт асослари фани ўқитувчиси, ушбу коллежнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, 2011-2014 йилларда Мингбулоқ мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар колежи ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, 2014-2017 йиллари Мингбулоқ тумани Жомашўй мелиорация қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи касбий тайёргарлик бўйича директор ўринбосари, ушбу коллежнинг директори, 2017 йилда Наманган вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси иқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш сектори бошлиғи, 2017-2018 йиллари Тўрақўрғон тумани “Зардарё гулшани” фермер хўжалиги раҳбари, 2018 йили Мингбулоқ тумани ҳокимлигининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассиси лавозимларида фаолият кўрсатган. У 2018 йилдан ҳозирга қадар Мингбулоқ тумани ҳокимининг ўринбосари-инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи сифатида ишлаб келаётган эди. Унинг ташаббуси билан 2018-2020 йиллар мобайнида умумий қиймати 221,6 млрд. сўмга тенг бўлган 200 дан ортиқ йирик ва ўрта ҳажмли инвестиция лойиҳалари фойдаланишга топширилди. Бунинг ҳисобига 1200 нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Мингбулоқ тумани ҳокимлиги Шуҳрат Умаралиевни келгуси фаолиятига омад ва зафарлар тилайди.